Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Умр имконият

 
 

Қиш ҳам тугаб, баҳорнинг илк муждалари уйғониш фасли келганидан дарак бермоқда. Кўкламга ҳам қадам қўйдик, умримиз тарихидаги яна бир қиш ортда қолди. Ўтган давр мобайнида қанчалик хайрли ва савобли ишларни қила олдик ёки қанча хато ва камчиликларга йўл қўйдик, яратганга аён. Эзгу ишларимиз кўпроқ бўлса, ҳидоят, аксинча хатоларимиз мезони кўпчиликни ташкил қилган бўлса, уларни тўғрилаб олиш учун ҳали имконимиз бор. Аммо умрнинг ғанимат эканини унутмаслигимиз лозим.

Умрни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Дунёда гўё ғарибдек ёки йўловчидек бўл”. Ибн Умар (р.а.) ҳам “Кеч кирса тонгни кутиб ўтирма, тонг отса кеч киришини кутиб ўтирма, соғлик вақтингда беморлигингда қила олмайдиган ишларингни қилиб қол, тириклигингда вафотингдан кейин асқотадиган амалларни қилиб қол”, деб юрар эди. Дарҳақиқат, умримизнинг ҳар бир они, ҳар дақиқасини ғанимат билиб, эзгу ва хайрли ишларга сарф этсак, ҳаётимизни мазмунли қилган бўламиз. Бундан қалбимиз ҳам ҳаловат топади.

Мўмин киши дунёнинг ўткинчилиги, охират ҳаётининг абадий эканлигини ҳеч қачон унутмаслиги лозим. Айни пайтда Аллоҳ берган умрни дунё ва охират учун фойдали бўлган амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилиш хайрлидир. Ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлаётган омиллардан бири ҳам инсонийлик шартини тафаккур қилмасликлари, қилаётган жиноятларининг оқибати дунё-ю охиратда уларга фойда бермаслиги, аксинча бу амаллар уларга хасрат ва надомат олиб келишини англамаётганидандир. Зеро, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласидир.

Мана, баҳорнинг илк ҳафтаси ҳам ортда қолмоқда. Олдимизда бутун йил, демакки, умримизни хайрли ва мазмунли ўтказишимиз учун уч фаслдан иборат имконият турибди. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш, жорий йилни ҳам хайрли амаллар билан ўтказиш насиб этсин.


Киритилган вақти: 03/03/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1998
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/umr-imkoniyat
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 17:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг