Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз
Маълумки, муқаддас динимиз кишиларни бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга, ҳамда таом улашишга буюради. Фазилатли ва ихлосманд халкимиз қадимдан бу суннатларга амал қилиб келади. Мана шундай чиройли суннатлар жумласига никоҳ тўйини ҳам киритиш мумкин. Никоҳ икки бегона, номахрамни бир-бирига ҳалол қилганни сабабли, уни эълон қилишдир.
Жумҳур уламолар наздида суннатдир ва бизнинг урфимизда уни "тўй" деб юритилади.
Пайгамбаримиз (С.А.В) нинг саҳобаларга тўй қилиш юзасидан тавсиялари қўпдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Абдураҳмон ибн Авф "Эй Аллоҳнинг Расули бир аёлга данак вазнидаги тилло (махр) бериб уйландим", - дедилар. Шунда Пайгамбаримиз(С.А.В) : "Аллох сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилгин",- дедилар.
Шундан ҳам хулоса қилишимиз мумкинки, ким уйланадиган бўлса, кучи етганича, ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиб бериши суннатдир. Пайгамбаримиз ҳам уйланганларида имконлари борича тўй қилиб берганлар. У зот Сафия онамизни никоҳларига олганларида меҳмонларни хурмо ва ёғдан тайёрланадиган таом билан меҳмон қилганлар.
Қадимдан катта хурсандчилик бўлган тўйни, биз ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, катта сарполар, унлаб тоғоралар қўшдик. Вояга етган ўғлини уйлаш, қизини узатишни ўйлаб оталар ўзга юртларга пул топиш мақсадида чиқиб кетмоқдалар, соғлиқларига путур етказиб қўймокдалар.Аслида эса динимиз енгиллик дини. Барча масалада бўлгани каби, тўй масаласида ҳам муътадил йўлни тутиш мақсадга мувофиқдир. Иштихон тумани имом хатиблиги биносида ўтказилган тадбир айнан шу масалаларга бағишланди. Тадбир туман хокимлиги хотин-қизлар қўмитаси, ФХДЁ, тарғибот гуруҳи ва ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда туманда фаолият юритаётган отинойилар иштирок этишди. Барча отинойилар бу борада ўзларининг олдиларида турган масъулиятни яна чуқурроқ хис қилдилар. Тўй-хашамларни иҳчамлаштириш, дабдабабозликнинг олдини олиш ва марҳумлар хотираси билан боғлиқ маросимларни тартибли ўтказишда узларининг муносиб хиссаларини қушадилар.
ЎМИ - Самарқанд вилояти бош отинойиси Н.Темирова
Киритилган вақти: 27/01/2020 16:26; Кўрилганлиги: 1059
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:52