Тождор вирусга қарши Ислом муолажаси
Инсонлар ожиз эканликларини билишлари учун Аллоҳ таоло гоҳида бандаларни бошига мусибатларни етказиб имтиҳон қилади. Ҳақиқатда инсон махлуқотларни энг ожизларидандир. Ҳайвон фарзандини дунёга келтирса унинг боласи шу заҳоти оёққа туриб, юриб кетади. Инсон боласи эса икки йил деганда оёққа туради.
Ҳозирги кунда инсониятга синов бўлиб турган касалликнинг ҳам ҳозирча аниқ бир давоси топилгани йўқ. Ислом дини инсонларни касалликдан сақланиш, даволанишга чақиради. Қолаверса, даво турлари ҳақида ҳам хабарлар келтирилган. Бугунги ўзига хос вабо касаллиги муолажаси ҳақида ҳам бир қанча муолажа турлари қайд этилган.
Вабо келишидан олдин, вабо келганида ва у тарқалганида нима қилиш кераклиги ҳақида тўхталсак. Аввало мусулмон киши билиши лозимки унинг тақдирида гоҳида яхшилик, гоҳида ёмонлик бўлиши мумкин. Тақдирни яхши ва ёмонлигини Аллоҳдан деб билишимиз иймоннинг рукнларидан биридир. Касаллик Аллоҳдандир, шифо ҳам Аллоҳдан, ўлим Аллоҳдандир, ҳаёт ҳам Аллоҳдан, офият ва офатни ҳам Аллоҳдан деб билишимиз керак.
Агар Аллоҳ таоло бир касалликни туширса шифосини ҳам туширади. Саҳиҳайнда келтирилади: Абу Ҳурайра розияллоҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“ ما أنزل الله من داء الا انزل له شفاء”
“Аллоҳ таоло дардни шифоси билан туширган”.
Имоми Аҳмаднинг “Муснад”ида Усома бин Шарийкдан ривоят келтирилади: “Набий соллаоллоҳу алайҳи васалламни ҳузурида эдик аъробийлар келишди. Улар “ё Расулуллоҳ, даволансак бўладими?”, деб сўрашди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Даволанинглар, эй Аллоҳни бандалари. Албатта Аллоҳ битта дард - кексаликдан бошқа барча дардларни шифоси билан бергандир”, - дедилар. Вабо тарқалганда Исломни принцирларидан бири карантинда бўлиш лозимлиги таъкидланади. Яъни вабо тарқалган жойга бормаслик ва вабо тарқалган жойдан чиқмаслик. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтдилар: “Агар бир ерда вабо тарқалибди деб эшитсангиз у ерга борманглар, вабо тарқалган жойда бўлсангиз у ердан чиқиб кетмангиз”. Имом Бухорий ривояти. Бу ҳадисда иккита муҳим масала баён қилиняпти. Биринчиси вабо тарқалган жойга бориш ўзини ўзи ҳалокатга ташлаш, ўз жонига қасд дегани. Аллоҳ таоло: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара, 195) деди. Иккинчи муҳим жиҳати вабо тарқалган жойдан қочиш вабо тарқатувчига айланиш демакдир. Бу энг хатарлиси бўлиб, аввалги ҳолат ўзининг жонига хатар бўлса кейингисида ўзгаларни жонига хатар бордир.
Озод Назаров Пастдарғом туман имом хатиби
Киритилган вақти: 01/04/2020 17:41; Кўрилганлиги: 1052
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 09:40