Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ТИРИКЛАРНИНГ БУРЧИ

 
 

Аллоҳ таола бандаларига меҳрибонлик кўрсатиб беҳисоб неъматларини бериб қўйган. Ана шундай неъматларидан бири тириклик неъматидир. Бу дунёда умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсон ўз олдига мақсад қилиб қўйган орзу-истаклари томон интилиб яшайди. Илм олади, касб-ҳунар ўрганади, деҳқончилик, чорвачилик, савдогарлик билан шуғулланади. Топган мол давлатидан тўй-ҳашамлар ўтказади, ҳовли-жой қуради, хайру-эҳсонлар қилади. Шу тарзда ҳаёт давом этаверади. Ҳар бир инсон босқичма-босқич ўз вазифасини, ўз бурчини адо этаётганлигини ҳис қилиб яшайди. Гоҳида ўтганларни эслаб Қуръон тилавот қилиб хайр саховатлар улашади. Албатта хотира тириклар учун муқаддас бурчдир. Аллоҳ таола Қуръони каримда: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” - деб марҳамат қилган. (Ҳашр сураси, 10-оят)

Ушбу оят ўтган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканлигига далолатдир.

Муқаддас ислом динимиз тириклар қилаётган савобли ишларини ўтганларнинг хотирасига бағишлаши мумкин эканлиги хақида таълим беради.

Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадиси шарифда келтирилишича, бир йигит Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг ҳузурига келиб, онасининг вафот этганини айтади ва: “Нима қилсам онамнинг руҳини шод этган бўламан?” - деб сўрайди.Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: “Қудуқ қазиб, сув чиқар”,- дедилар. Шундан сўнг йигит қудуқ қазиб, сув чиқарди ва: “Бунинг савобини онамга ҳадя қилдим”,-деди.

Бугун ҳаётлик давримизда ўтганларни хотиралаб хайрли ишларга бош бўлсак, албатта, биз ўтганимиздан кейин бизларни ҳам эслаб яхши амаллар билан хотиралашади, иншааллоҳ.

Зеро шоир Боқоний айтганидек:

Тирикларнинг қадрига етиб,

Яшамоқлик бизнинг бурчимиз.

Ўтганларнинг руҳин шод этиб,

Яшамоқлик бизнинг бурчимиз.


Киритилган вақти: 29/04/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2457
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/tiriklarning-burchi
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 16:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг