Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ТИНЧЛИКНИ САҚЛАШ МУҚАДДАС БУРЧИМИЗ

 
 

Яратган парвардигор томонидан биз бандаларига ато этилган яхшиликлар ичида шубҳасиз, энг сараси – бу тинчлик неъматидир. Чунки ер юзини обод қилиш, ҳаётни гўзал, фаровон этиш ҳамда уни давом эттириш учун бу неъматнинг аҳамияти бебаҳодир. Одамлар бахтли яшамоқлари учун, албатта, тинч ва осуда шароит зарур. Муқаддас ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва олий шиорига айлантирган. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда бундай дейилади: «Эй, имон келирган бандалар! Барчангиз тамомила тинчлик ва тоат йўлига киринглар».

Пайғамбар алайҳиссалом тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати эканлигини таърифлаб шундай деганлар: «Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар». Дарҳаҳиқат, Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки, дунёнинг турли минтақаларида ноҳақ ғон тўкилишлар, хунрезликлар содир бўлмоғда. Энг афсусланарлиси, бу каби гуноҳ ишлар террорчилик ҳаракатларининг саксон фоизи муқаддас ислом дини номи билан содир этилмоғда.

Республикамизнинг биринчи Президенти И.Каримов Олий мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган маърузасида дунё халқлари учун хавф солаётган таҳдидлар сафида диний экстримизм, халқаро терроризм ва радикализмнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб: « … Биз халқаро терроризмни ота-боболаримиздан қолган муқаддас динимиз – Ислом дини билан боғлашдек хавфли ният ва уринишларни кескин қоралаймиз. Бундай оқибатини ўйламаган ва иғвогарона ҳатти-ҳаракатлар биринчи галда «Ал-қоида» ва «Хизбиттаҳрир» каби энг ашаддий экстремистик ҳаракат ва ташкилотларга қўл келади», - деб таъкидлаган эдилар.

Ўзгалар жонига қасд ғилиш, ноҳақ бирор жонни ўлдириш, нафақат Ислом динида, балки барча илоҳий динларда бирдек қораланади. Шунга қарамай, айрим манфур гуруҳлар ўзларининг манфаати ва ғаразли мақсадларини амалга оширишда дин ниқоби остида ҳаракат қилишни кўзламоқдалар. Қуръони каримда шундай дейилади: « Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузқунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир…» («Моида», 32-оят)

Юқоридаги оятда Исроил авлоди зикр этилган бўлса-да, бу ҳукм барча мусулмонларга тегишлидир. Демак, бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдириш гўёки ер юзидаги барча одамларнинг қонини тўккан каби улкан гуноҳдир. Аксинча, бирор жонни ўлимдан сақлаб қолган кишига эса Аллоҳ таолонинг улкан ажр, мукофотлари насиб этади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: « Ҳеч ким ўз биродарига қурол ўқталмасин, чунки шайтон васваса қилиб, жаҳаннам қаърига етаклаётганини билмай қолиши мумкин!» (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом нафақат бировга қўл билан, балки тил билан озор етказишдан ҳам қайтарганлар. Ҳадиси шарифда: « Мусулмон киши, унинг қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган кишидир», дейилган.

Бир киши ўзганинг ҳаётига суиқасд қилиш у ёқда турсин, ҳаттоки унга тиғ кўтариш, қурол ўқталиш ҳам гуноҳ ҳисобланиб, қурол кўтарувчи киши фаришталарнинг лаънатига қолиб кетаркан. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида марҳамат этиб шундай деганлар: « Кимки бир кишига тиғ кўтарса, Аллоҳнинг фаришталари то ўша тиғни ғайтариб ўрнига қўймагунча, унга лаънат айтиб турадилар». Таъкидлаш жоизки, тинч аҳоли ҳаётига зомин бўлиш, гоҳо эса худкушлик қилиб ноҳақ қон тўкиш, бегуноҳ кишиларни ўлдириш кечириб бўлмас гуноҳ.

Афсуски, бу каби жиноятларни содир этаётганларнинг аксариятини ғўр ёшлар ёки аёллар ташкил этмоқда. Ёвуз ниятли кишилар ўзларининг сиёсий мақсади ёки шахсий манфаатлари йўлида бу каби баъзи бир онги саёз кишиларни ўзларининг қармоқларига илинтириб, уларнинг мафкурасига «жиҳод», «ҳижрат» каби ғояларни ўз манфаатларига мослаб сингдирмоқдалар. Аслида жиҳод – бу арабча сўз бўлиб, луғатда «ҳаракат қилмоқ», «ғайрат қилмоқ» деган маъноларни беради. Истилоҳда эса яратганга хўш келадиган ҳар қандай эзгу ишларни қилишга айтилади. Масалан, ота-онага яхшилик қилиш. «Ҳижрат» сўзи эса луғатда «кўчиш» маъносини англатади. Истилоҳда эса «ёмон ишлардан қочиш» маъносини беради.

Ислом дини инсонларни тинчликка даъват этади. Зеро, Ислом сўзи ҳам аслида «Салима» - соғ-саломат, безарар бўлмоқ каби маъноларни билдиради. Мусулмонлар ҳам ўзаро саломлашганда, бир-бирлари билан «Ассалому алайкум», яъни « Сизга тинчлик, омонлик тилайман» деган қутлуғ дуо билан сўрашадилар.

Жорий йилнинг октябрь ойида юртимизда Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) нинг нуфузли анжумани бўлиб ўтди. Айтиш лозимки, бу нуфузли ташкилот - ҳукуматлараро халқаро Ислом ташкилоти ҳисобланади. Унга 1969 йилда Робат (Марокаш) шаҳрида ислом мамлакатлари ва ҳукумат бошлиқларининг биринчи учрашувида асос солинган. Ислом конференцияси ташкилотининг фаолияти мусулмон мамлакатларига иқтисодий ижтимоий тараққиётда илмий-техникавий ишларда ёрдам кўрсатишга йўналтирилган. Ташкилот котибияти таркибида ижтимоий-иқтисодий, фан ва техника, халқаро муносабатлар, ахборот, инсон ҳуқуқлари ва бошқа бўлимлар ишлаб турибди. 1974 йил ташкил этилган Ислом Тараққиёт банки шулар жумласидандир.

Ушбу юртимиздаги бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев тинчликни асраш ва Ислом динининг аҳамияти ҳақида шундай деди: « Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқлар ривожига раҳна солаётган янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётганининг гувоҳимиз. Бу шароитда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиши, баркамол ўсишига жиддий эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам бугун муҳимдир. Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади. Инсонларни эзгуликка даъват этади. Саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас Ислом динимиз бизга шуни ўргатади. Аллоҳ таоло бутун дунё халқларига тинч ва фаровон ҳаёт кечиришларини насиб этсин. Тинчликдек илоҳий неъматнинг қадрига етиб, уни авайлайлик. Юртимиз тинч, элимиз обод бўлсин!


Киритилган вақти: 03/11/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3082
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/tinchlikni-saqlash-muqaddas-burchimiz
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 09:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг