Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Тараққиёт кушандаси

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Бугунги кунда юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқлар ва ислоҳатлар замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади. Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга қўл ураётган турли экстремистик гуруҳ ва террорчи жамоалар урчиб кўпайиб кетди.. Ҳар қандай экстремистик ва террористик фаолиятнинг моҳияти ўзгалар устидан ҳукмронликка ёки мавжуд тартиботга қарши зўравонлик, даҳшат солиш, жисмоний куч ишлатиш орқали ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам экстремизм ва терроризм бутун жаҳон афкор оммаси томонидан қораланмоқда. XXI аср бошида инсоният тақдирига, унинг тараққиётига, равнақига таҳдид солаётган халқаро терроризмга қарши қандай кураш олиб бормоқ лозим? Марҳум юртбошимиз таърифи билан айтганда: “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жахолатга қарши маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин”. Терроризм том маънода жаҳолатдир. Бузғунчи ғояларга асосланган халқаро терроризм ва унинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамиятининг ўтмишида ҳам, бугунида ҳам халқлар бошига оғир кулфатлар ёғдирган. Ҳар йили унинг тажовузидан 100 мингдан ортиқ бегунох кишилар қурбон бўлмоқда, жамият ривожланиши, айрим давлатлар, минтақалар ва инсоният цивилизациясининг тараққиётига жиддий тахдид солмоқда ва мудҳиш оқибатлар келтириб чиқармоқда.

Дунё миқёсида халқаро терроризм авж олишининг бир сабаби, уни қўзғатувчи омиллардан бири наркобизнесдир. Наркобизнес ҳам халқаро терроризм билан эгизакдир. Ундан манфаатдордир ва уни юзага келтирувчи омиллардан биридир. Терроризмнинг амал қилган тамойили аҳоли ўртасида вақти-вақти билан “қўрқинч солиш”, шу асосда ўзининг ғаразли мақсадларига эришишдир.

Шу каби иллатларни бартараф этувчи қудратли воситалардан бири бу инсонпарварлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик, бунёдкорлик ва шунингдек, миллий ва диний қадриятлардир.
Ислом динига эътиқод қилувчи Марказий Осиё халқлари асрлар оша бошқа дин вакиллари билан аҳил яшаб, оламшумул қашфиётлар қилиш ва умумжахон тамаддунига беназир ҳисса қўшиш бахтига муяссар бўлдилар. Бошқача айтганда, динлараро бағрикенглик, уйғунлик бунёдкорликнинг қудратли манбаи эканлигини амалда исботлаб келдилар.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётганлиги ҳақидаги тарғибот-ташвиқотни кенг кўламда олиб борётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Афсуски, ёшлар муайян қисми ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб, қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофирга чиқариш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.


Яна эътибор бериш лозим бўлган бир ҳолат, Ироқ ва Сурияда террорчилар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқариб, эркакларни қатл қилиб, аёллар ва болаларни эса қул сифатида сотиш каби қабиҳ ишларга қўл ураётгани гувоҳи бўлмоқдамиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, Қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин ҳиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳақини бермаган киши”.

Баъзи адашган юртдош ёшларимиз одамфурушлардан ўрнак олмоқчими?
Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар. Жумладан, Бутун дунё ислом уламолари кенгаши раиси Юсуф Қаразовий: “Биз уламолар бузғунчиларга қарши курашмоғимиз зарур. Ҳозир ИШИД таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботмоқда. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деб таъкидлаган.
Сурияда, Яманда, Ливияда, Ироқ ва Афғонистонда жиҳод фарз деб фатво чиқарган ва мусулмонларнинг қонлари тўкилишига сабабчи бўлганлар, миллионлаб болаларнинг етим қолишига, минг-минглаб мусулмонларнинг ҳалок бўлишига, қанчадан-қанча шаҳарларнинг вайрон бўлишига, мусулмонларнинг бутун дунё бўйлаб ёмон кўрилишига зоминдир


Бугун уруш-жанжаллар гирдобида ҳалокатга юз тутган маконларда бир пайтлар жиҳодни фарз деб оғиз кўпиртириб фатво берган, мусулмонларнинг имомлари ва пешволарини ўлдиришни жоиз деган, Баъзи “буюртма” билан ишлайдиган уломаларнинг фатволари сабаб бўлиб келмоқда. Мусулмонобод юртларда ҳақиқий ихтилофларга сабаб бўлаётганлар ана ўшаларнинг мухлиси бўлмиш икки курсийда ўтиргувчилардир. Бугун уммат ундайларга эмас, тинчликни тарғиб қилаётганларга, ўз юрти уламоларига қулоқ солишни айтаётганларга, ватанни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини уқтираётганларга эргашиши лозим. Бутун дунёни ватанпарварлик қутқаради! Умматнинг нажоти бугун ҳамжиҳатликдадир!
Аслида “ҳижрат” луғатда “кўчиш, бирон нарсадан ажраш, тарк этиш” маъноларини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бошчиликларидаги бир гуруҳ мусулмонлар жамоасининг Қурайш тазийқидан қутилиш мақсадида Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларига ҳижрат дейилади.
Ақидапарастлар ёшларни авраб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, умуман, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва фуқаролар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир. Инсонларни тинч ва осойишта диёрдан дин номидан қотилликлар ошкора қилинаётган фитна маконларига чорлашдек қабиҳ иш ҳеч қачон “ҳижрат” бўла олмайди.


Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга ҳиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зулм қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради.
“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган ўсмир мужтахид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмокда деса бўлади. Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўйи ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади. Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади. Имом Бухорий ривоят килган ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.

Афсуслар бўлсинки, ҳозирги вақтда ўз ота-онаси, фарзандларидан, қолаверса ўз Ватанидан воз кечиб, ўша террористик гуруҳларга қўшилган юртдошларимиз йўқ эмас. Уларни эндиликда “юртдош”, “ватандош” дейишга тил ожизлик қилади.

Азизлар! Ватанимиз йилдан-йилга, кундан-кунга ривожланиб, обод бўлиб бормоқда. Мана шундай юртда яшаб, унинг учун хизмат қилиш, ҳар бир ақли расо Ватандош учун шараф. Бунинг учун Яратганга беҳисоб шукрлар айтишимиз керак бўлади. Ҳа, азизлар, Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилсак, албатта Аллоҳ бизларга ўз неъматларини зиёда қилади.


Киритилган вақти: 08/08/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2868
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/taraqqiyot-kushandasi
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:40
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг