Тадбиркорлик ҳам савоб
Яқинда бир киши келиб, тадбиркорлик қилиши, икки-уч нафар ёшларни иш билан таъминлагани, шу касб ортидан рўзғор тебратаётганини билдирди.
– Домла, очиғи динда илмимиз чуқур эмас. Демоқчи бўлганим, тадбиркорликка динимизда қандай қаралади? Шу ҳақида тушунча берсангиз, – деди у.
Айтиш жоиз, ислом дини қандай шаклда бўлмасин ҳалол касб-кор билан машғул бўлишга буюради. Ҳатто ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган. Зеро, ҳадисларнинг бирида ҳам “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”, дейилади.
Тадбиркорлик масаласига келсак, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам айнан савдогарлик билан оила тебратганлар.
Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрини бажарган бўлади.
Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ниятда ишга отланган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Ўзидан орттириб, ўзгаларнинг ҳам ҳалол рўзғор қилишига восита бўлса, савоби янада ортиши муқаррар.
Ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш ҳам фақат Унга ҳавола. Бизнинг вазифамиз эса ҳаракат қилишдан иборат.
Киритилган вақти: 03/03/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2790
Чоп этилган вақт: 07/11/2024 03:03