Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

СЎЗЛАГАНИНГ КУМУШ БЎЛСА СУКУТ САҚЛАШ ОЛТИНДИР

 
 

Кишилик жамиятида сўз, сўзлаш ва қандай сўзлаш жуда муҳим аҳамият касб этади. Сўз Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидандир. Ота-боболаримиз шунинг учун ҳам ўзларининг кўпдан-кўп мақоллари орқали авлодларга сўзлаш одоби юзасидан қимматли маслаҳатлар, насиҳатлар айтиб қолдиришган: “Сўз кишининг бойлиги, одамнинг чиройлиги”, “Юзинг чиройли бўлгунча, сўзинг чиройли бўлсин”, “Сўзинг кумуш бўлса, тингловчи тилла бўлсин”.

Сўзларнинг энг фойдалиси Аллоҳ таолонинг зикри, кишиларни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир ўринга ўтирса-ю Аллоҳни зикр қилмаса, унга Аллоҳ томонидан нуқсон етади”, деганлар. Абу Довуд ривояти

“Гапнинг ози – олтиннинг сози”. Инсон ҳуда-беҳуда гапириши яхши эмас. Суяксиз тилдан ҳар хал гаплар чиқаверади. Тил офатлари жуда кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бошқалар сўз офатларидир. Тили туфайли инсон турли бало-офатларга учраши сабабидан ахлоқимизда тилга эҳтиёт бўлиш, у туфайли келадиган зарар ва кулфатлардан ҳимояланиш буюрилган. Шунинг учун “Ким тилини тийса, нажот топади”, дейилган.

Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин”, деганлар. Бухорий ривояти.

Бир куни Довуд алайҳиссалом Ҳазрати Луқмонга: "Бир қўй сўйиб танасидаги энг яхши икки парчани келтир" - деди. Луқмони Ҳаким тили билан юрагини олиб келди. Бошқа сафар "Энг ёмон жойларини олиб кел" - деди. Яна тил билан юрак олиб келди. Сабаби сўралганда: "Тил билан юрак (қалб) яхши бўлса, барча яхшиларнинг яхшиси бўлади, ёмон бўлса, барча ёмонларнинг ёмони бўлади", - деб инсоннинг яхшилик ва ёмонлигининг тил ва қалбига боғлиқ эканига ишорат қилди.

Инсон сукут сақлаш билан дунё ва охират саодатига эришиши мумкин. Бугунги кунда баъзи оилалар арзимаган бир оғиз сўз, ортиқча гап, ўз вақтида тилини тиймаслик туфайли бузулиб кетмоқда. Натижада норасида болалар тирик етим бўлиб қолмоқдалар.

Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишга эллик йил керак бўлади”, дейишган.

Сукут сақлаш инсон ҳайбатини оширади. Уламолар айтадилар: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганда жим туриш сабрдир”. Барча суннатлар қатори ўз ўрнида сукут сақлай билишга ҳам одатланмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғон, ғийбат каби тил офатларидан паноҳида асрасин. Керакли сўзларни сўзлайдиган, сўзнинг маъносига эътибор бериб, одамларга озор етказмайдиган солиҳ инсонлардан бўлишимизни насиб айласин.


Киритилган вақти: 19/10/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 11668
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/sozlaganing-kumush-bolsa-sukut-saqlash-oltindir
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 01:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг