Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Харажати енгил никоҳ баракалидир

 
 

 Муқаддас динимиз кишиларни бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишга, бегоналарга ҳам яхши муомала қилишга ҳамда хайру эҳсон улашишга буюради.

Фазилатли ва ихлосманд ҳалкимиз қадимдан амал қилиб келаётган бу суннатлар жумласига никоҳ тўйи маросимини хам киритиш мумкин. Никоҳ икки бегона, номаҳрамни бир-бирига ҳалол қилинганлиги сабабли, уни эълон қилиш уламолар наздида суннатдир ва бизнинг урфимизда ушбу удум “тўй”, деб юритилади.

Қадимда аждодларимиз катта хурсандчилик билан содда ва самимий тарзда нишонлайдиган тўйларни, бугун ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантириб олдик. Тўй арафасида қўшимча  маросимлар, катта сарполар, совға-саломлар, тоғораю тугунлар қўшдик. Бироқ, бундай сарф-ҳаражатлар, ортиқча дабдабабозлигу обрў талашишларнинг оқибати ҳақида ўйламадик. Ўйласак-да, тортиниш, орият сингари кечинмалар бировдан кам бўлмаган тўй ўтказиш васвасаси томон бошлади. Оқибатда: вояга етган ўғлини уйлантириш, қизини узатишни ўйлаб, оталар пул топиш мақсадида ўзга юртларда сарсону саргардон бўлмоқда. Ғарибликда пул топиш ўйин эмас, ҳатто соғлиқларига путур етказиб қўймокдалар. Аслида эса динимиз енгиллик дини. Барча масалада бўлгани каби тўй масаласида ҳам мўътадил йўлни тутиш мақсадга мувофиқдир.

Имом Байҳақийдан ривоят қилинишича Набий (с.а.в) айтдилар: “Энг баракали никоҳ  -  ҳаражатлари енгил бўлганидир”, дедилар. Яъни, никоҳнинг баракали бўлиши, икки ёшнинг бахти тўкис бўлиши сабабларидан бири никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ, енгилроқ, шароитдан келиб чиққан ҳолда бўлишидир.

Баъзан бўй етган қизларимизнинг тенги чиқса ҳам, янада яхшироқ жойдан умид қилиб, сепи тайёр эмаслиги, “ҳозирча шароитимиз йўқ”, дея баҳона қидириб, унинг умрини ўтказамиз. Содда сеп ва камҳарж тўй-томоша ўрнига дабдабали тўйни кўнглимиз тусайди. Бундай тўй ўтказиш учун ўртаҳол шароитли оилалар ҳатто йиллар давомида йиғинишларини кўз олдимизга келтирайлик. Тенги чиққан қизларимизни узатмасак, бекорчи сарполару, қимматбаҳо мебелларни деб тўйларни кечиктирсак, оиласиз эркак ва аёллар  кўпаяди, зинога йўл очилади, насаблар кесилади. Жамиятда салоҳият ва иффат камаяди.

Баъзи йигитларимиз эса ҳамма шароитимни яхшилаб оламан, деб оила қурмай юришади, ёшлари ўтиб қолади. Ҳар нарсада меъёр бўлгани каби оила қуришда ҳам жуда ёш ва ўта катта ёшли бўлиш ярамайди. Ваҳоланки, бир касб ёки ҳунарнинг бошини тутган, рўзғор учун етарлича маблағ топа оладиган йигитлар камбағалликдан чўчиб уйланмай юришлари тўғри эмас. Ҳанафий мазҳабига кўра уйланиш - уйланмасдан умрини ибодатда ўтказишдан афзал, балки суннатдир. Шунингдек, Аллоҳ ўз фазли карами билан никоҳга барака берса, камбағал бўлганлар турмуш қурганларидан сўнг бойиб кетганлик ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлганмиз.Уйлангунча бўш, ялқов бўлган йигитлар уйлангандан кейин ғайратли, шижоатли, ҳаракатчан бўлиб қолишлари кўплаб учрайди. Шунинг учун муқаддас динимиз имконияти бўлган йигитларни уйланишга тарғиб қилади. Лекин, никоҳ суннатининг эълони ҳисобланган тўйни обрў тўплаш мусобақасига айлантириш, дабдабабозлик, исрофгарчиликларга йўл қўйиш динимизда қораланади. Йиллар давомида емай-ичмай йиққан давлатини ва бунинг устига олган қарзларини бир кунда совуриб, кейин йиллар давомида қарз тўлаш кимга қандай фойда?! Тўй куни ўнлаб машиналарни ёллаган куёв тўйдан кейин автобусда юришга ҳам маблағ тополмай қолса, унга бахт татийдими?!

Бугунги кунда ёшларимизга гуноҳ қилса ҳам, исроф қилса ҳам гапирмасак, ўз оёғимизга ўзимиз болта урган бўлмаймизми?! Кейин бу исрофларнинг жабрини барчамиз тортишга мажбур бўлмаймизми?! Илло, барчамизни тўйларда исроф қилиш, манманлик, дабдабабозлик туфайли ночорлар кўнглига озор етказиш, фарзандларимиз, элу юрт олдида уятли вазиятда қолишдан Яратганнинг Ўзи асрасин, тўғри йўлида собитқадам қилсин.

Нозбуви ТЕМИРОВА - ЎМИ Самарқанд вилоят  бош отинойиси 


Киритилган вақти: 05/02/2020 17:27;   Кўрилганлиги: 1228
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/xarajati-engil-nikoh-barakalidir
Чоп этилган вақт: 28/04/2024 20:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг