Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

ТИНЧЛИК НЕЪМАТИ

 
 

Инсоният ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало тинчлик-тотувликка интилиб келган. Инсоният тараққиётининг барча босқичлари жамиятнинг тинчлик-тотувлик шароитига чамбарчас боғлиқдир. Шу боисдан ҳам юрт тинчлиги – бебаҳо неъмат, улуғ саодатдир, барқарор тараққиёт гаровидир. Тинчлик – Ватанимизнинг дунё сиёсий майдонида олиб бораётган асосий ғояларидан биридир, зеро тинчликни сақлаш умумбашарий масала ҳисобланади. Албатта, тинчликка ўз-ўзидан, ёки баландпарвоз сўзлар билан эришиб бўлмайди, уни изчил ва қатъий ҳаракатлар ва айни вақтда дунёнинг сиёсий майдонида содир бўлаётган  жараёнларни тафаккур қилиб узоқни кўра олиш орқали таъминлаш мумкин. Юртимиз ҳам мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб тинчлик-тотувликни ўз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб эълон қилди ва ўтган йиллар мобайнида бу йўлдан оғишмай дадил қадамлар билан тарақиёт сари интилмоқда.

Дунёдаги барча динлар эзгулик ғояларига асосланган ва одамзотни яхшилик, тинчлик, дўстликка даъват этиб келади. Жумладан, Ислом дини бу борада энг етакчи дин десак янглишмаймиз. Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори жуда ҳам катта бўлиб, шу билан биргаликда бу ҳар бир мусулмон кишининг эътиқодини ажралмас бир бўлагини ташкил қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда: “...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” деб бутун инсониятни тинчлик ва хотиржамликда яшашга чақирди.

Халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, шунинг учун ота-боболаримиз дуога қўл очса, даставвал тинчлик-омонлик, хотири жамлик тилайди. Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишларнинг рўёбга чиқишини асл сабабчиси ҳам тинчлик, осойишталикдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”.

Инсон ўзига берилган тинчлик неъматини тафаккур қилиш ила унинг бебаҳолигини, ундан кимлардир бебаҳра эканлигини ва бу неъмат сабабидан ўзи ва атрофидагилар учун улкан имкониятлар эшиги очиқ турганлигини билади. Тинчлик ортидан жамият учун келадиган неъматларнинг саноғи йўқ. Дарҳақиқат, тинчлик сабабидан илм-фан юксалиб, юртда жамият фаровонлиги ва тараққиёти равнақ топади. Ёшлар келажаги учун умид ва улкан имкониятлар пайдо бўлади, ёш авлодда эртанги кун учун интилиш  юзага келади. 

Албатта, неъматнинг бардавомлиги, унинг шукрига боғлиқдир. Шукр эса неъматнинг катта-кичиклигига қараб ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри фақат тилда “алҳамду лиллаҳ – Аллоҳга шукр” дейиш билан адо бўлади. Аммо, баъзи бир неъматлар борки, уларнинг шукри тил билан адо бўлмайди, балки ўша берилган неъматни қўлда сақлаб қолиш учун муттасил амалий ҳаракат орқали унинг шукри адо этилади. Тинчлик, хотиржамлик айнан мана шу неъматлар сирасига киради. Зеро, бу неъмат ношукурлик сабабли бир бор қўлдан кетса уни қайтариб олиш учун йиллар зарур, унга тўланадиган товонни эса ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Шундай экан юртимизда ҳукм сураётган бу тинчлик неъматини қадрига етиб шукрини адо қилиш, бу неъматни бардавомлиги йўлида муттасил ҳаракатда бўлиб, ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик ёшу қари барчамизнинг зиммамиздаги улкан бурчимиздир. Муқаддас динимизда Ватан ҳимояси олий бурч саналиб, ибодат даражасига кўтарилган. Бу ҳақда жаноб Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”, – деб Ватан ҳимояси нақадар шарафли бурч ва тенги йўқ савоб амаллардан бири эканлигини уқтирадилар.

Ватан ҳимоясини тор доирада тушунмаслик лозим. Тинчликни асраш – Ватан ҳимояси фақат ҳарбий соҳадаги ёки шунга оид соҳа кишиларининг бурчи бўлиб қолмай, балки шу жамиятимизда яшаётган барча кишиларнинг  фуқаролик бурчи саналади. Биз Ватанни ҳимоя қилиш, тинчликни асраш деганда қўлда қурол билан билан Ватан сарҳадларини қўриқлашни тушунамиз. Аслида жамиятнинг ҳар бир фуқароси – Ватан ҳимоячисидир. Ватанни ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, балки тинчликка раҳна солаётган кимсаларга соф тушунчалардан иборат сўзлар ҳамда мафкуравий ғоялар билан қарши турмоғимиз даркор. Мамлакатда тинчликни асраш учун ҳам моддий ҳам маънавий ҳимоя зарур. Огоҳлик эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Миллатнинг юксак маънавиятли эканлиги, мафкуравий ғоя ва сиёсий онгининг етуклиги, доимий огоҳлик  тинчликни сақлашнинг энг муҳим омилларидан эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 15/10/2019 12:25;   Кўрилганлиги: 1804
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/tinchlik-nemati
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 17:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг