Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

САВДО-ТИЖОРАТ ВА УНИНГ ОДОБЛАРИ

 
 

“Тижорат” сўзи арабча сўз бўлиб, луғатда олди-сотди маносини англатади. Уламолар тижоратнинг тарифида бир-бирига яқин бир неча маъноларни айтишган: “Тижорат”- бир нарсани савдога қўйиб, фойда олиш учун сотиб олишдир”; “Тижорат” - олди-сотди ила фойда излашдир.”; “Тижорат” – фойда кўриш мақсадида молни айлантиришдир” ва ҳоказо.

Бизнинг она тилимизда эса тижорат- савдо сўзи арабча “байъ” сўзига ҳам тўғри келади. “Байъ” луғатда “ўзаро бир нарсани алмаштириш”ни англатади. Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига рози бўлиб қабул қилиб олишга айтилади. Қисқа қилиб айтганда, “савдо” сўзи “тижорат” сўзидан умумийроқ бўлиб, бугунги куннинг истилоҳида “бозор” муомалалари” маъносига яқинроқ келади.

Савдо ҳалол бўлиши учун икки тарафнинг – ҳам сотувчининг ҳам харидорнинг розилиги шарт қилинган. Ушбу ҳақиқатга алоҳида этибор бериш керак. Бировга нисбатан тазйиқ ишлатиб, унинг молини ўзи истамаган тарзда паст баҳога сотишга мажбурлаш мумкин эмас. Шунингдек, ўзининг нарсасини бошқага мажбурлаб сотиш ҳам таъқиқланган бўлиб, бу борада мансабни, кучни ва бошқа чораларни ишга солиб, одамларни норози қилиб муомалага чорлаш қатъий қораланган.

Тижоратнинг шариатга киритилишига Қуръони каримда, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг суннатларида бир қанча далиллар бор.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Бир –бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта Аллоҳ таоло, сизларга ўта раҳмлидир” (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга судхўрлик, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.

Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан “Фақат ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли”, деб истисно қилинмоқда.

Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижорат-савдонинг зикр қилинишига сабаб шуки, нотўғри йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон ярим оролида судхўрлик авж олган эди. Ислом бу ишни таъқиқлаганида мушриклар судхўрлик ҳам тижоратга ўхшаш, деган давони илгари суришди. Шу каби тушунмовчиликлар ёки ноўрин даволар бўлмаслиги учун ўзаро розилик билан қилинган тижорат бундан истисно қилинмоқда. Чунки тижорат ҳалол меҳнат. Савдогар меҳнат қилиб, молу-пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида восита бўлади. Бу вазифани бажаришда орада анча мунча хизматларни амалга оширади. У касод бўлиши, синиб, молсиз-пулсиз қолиши эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб, бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Биров уни ўзи истамаган тарафга ва ўзи истамаган нархда сотишга мажбурлай олмайди. Харидор рози бўлмаса, олиш олмасликда эркин, бошқа томонга кетаверади. Уни ҳам биров истамаган нарсани истамаган нархда олишга мажбурлай олмайди.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло мўмин бандаларига қарата:

Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг!” демоқда. Сиртдан қараган одам: “Бир-бирининг молини ноҳақ ўзлаштириш ва ўзини ўзи ўлдириш орасида қандай алоқа бор?” дейиши мумкин. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳаётий тажрибага назар солинса, ҳақиқатда бу икки нарса ўртасида бевосита алоқа борлиги кўрилади. Бир бирининг молини ноҳақ йўл билан ўзлаштириш одати бор жамият ўзини ўзи ҳалокатга олиб боражагини ва бораётганини кўрамиз. Жумладан, мазкур ноҳақ йўл билан мол ейиш ҳам катта хатолик сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Бу ишни қилганлар ўзини ўзи ўлдирган бўлади.

“Албатта, Аллоҳ таоло сизларга ўта раҳмлидир”. У мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам сизларни ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, бир бирингизнинг молингизни ноҳақ йўл билан ейишдан қайтармоқда. Сизни нажотга сабаб бўлувчи ишларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир. Агар у раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, катта машаққатда қолган бўлар эдингиз.


Киритилган вақти: 07/02/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1703
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/savdo-tijorat-va-uning-odoblari
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 00:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг