Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Ободлик кўнгилдан бошланади

 
 

Инсон ҳар бир ишни бажаришдан олдин уни қалбида ният килади. Ундан кейин эса уни бажаришга ҳаракат қилади. Юраги тоза одамлар ҳамиша яхшиликни ният қилиб, шуни амалга ошириш пайида бўлишади. Натижада уларнинг қалбида ёмонликка жой қолмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унги сизни ободлиги учун қўйди” (Ҳуд сураси, 61- оят).

Аллоҳ таоло бизга беҳисоб неъматлар берган. Бу ҳақда Қуръони Каримда айтиладики: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсиз” (Наҳл сураси, 18-оят). Дарҳақиқат, илоҳий неъматларни кўриш, уларни ҳис этиш учун катта ақл керак эмас, аслида. Мана ён-атрофга карасак, юртимизда баҳор нафаси кезмокда. Шунинг ўзи катта неъмат эмасми? Осмонда қуёш бир фурсат кўриниб, сўнг ойлаб кўринмайдиган юртлар бор.  Доимо қаҳратон қиш бўладиган, ёки, аксинча, сув нималигини билмайдиган, жазирама ўлкалар канча? Яратган бизга тўрт фаслдан баҳраманд бўлиш неъматини  ато этди. Бундай неъматларга шукр қилиш бизнинг инсоний бурчиимиз саналади. Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор яъни:  “...агар  (берган  неъматларимга)  шукр  қилсангиз,  албатта,  (уларни янада) зиёда қилурман.   Агар ношукурчилик қилсангиз бас,  менинг азобим қаттиқдир”–  деб  таъкидлаганидек, шукр қилувчи бандаларига ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир. Шукур килиш, “Худога шукур” дейишдан ташқари, ҳар бир неъматни ўз вақтида ва ўз жойида, исроф қилмасдан тасарруф этиш ҳамдир. Хусусан, ер неъмати, ундан самарали фойдаланиш инсон ҳаётининг зарурати. Аксинча, ердан унумли фойдаланмаслик, томорқаларга экин экмасдан уни бўш қолдириш каби ҳолатлар, ерни исроф қилиш бўлиб, бу ношукрчиликдан бошқа нарса эмас. Шундай экан, ношукрчилик қилишга асло ҳаққимиз йўқ.

Атроф-муҳитни тозалаш, кўчалар ва қабристонларни обод қилиш, гул, дарахт кўчатлари экиш, марҳумларнинг  руҳини шод этишдек юксак қадриятларга эга эканмиз,  эрта баҳордан хайрия ҳашарлари ташкил этишимиз,   баҳорги тозалик ва ободончилик ишларини сифатли олиб бориш инсоний вазифамиздир.  Бу борада ҳар бир қилган эзгу ниятимиз ва амалга оширган ишларимиз динимизда ибодат ҳисобланиб, унга беҳисоб савоблар ёзилади. Шунинг баробарида ушбу ишларни Аллоҳнинг бизга берган неъматларига шукроналикнинг амалдаги ифодаси деб биламиз.

Турли экинлар экиб, ер юзини обод этиш ҳақида ҳадиси шарифларда айтиладики: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, у учун садақа бўлади” (Бухорий ва Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Қиёмат қоим бўлиб қолиб, бировингизнинг қўлида кўчат бўлса ва қиёмат бўлгунча экишга имкони бўлса, (уни) эксин” (Аҳмад ривояти). Хусусан, қабрларни зиёрат этиш ҳақида ҳадис шарифда айтиладики: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки, қабрларни зиёрат қилиш ўлимни ва охиратни эслатиб туради”(Термизий ривояти). 

   “Вақтинг кетди – накдинг кетди” - дейди доно халқимиз. Шунинг учун, бу дамларни ғанимат билиб, юртимизни янада обод бўлишига ўз ҳиссамизни қўшайлик!

Холмуҳаммад Салимов – Ургут туман “Манғитобод” жоме масжиди имом хатиби     


Киритилган вақти: 13/03/2020 12:43;   Кўрилганлиги: 1510
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/obodlik-kongildan-boshlanadi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 00:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг