Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

ИСРОФНИНГ ЗАРРАСИ ҲАМ – ҲАРОМДИР

 
 

Бир ҳолатни барчамиз кузатганмиз: қўнғиз ўзидан бир неча баробар катта гувалакни тепаликка олиб чиқишга чиранади. Минг бир машаққат билан суриб кетилаётган гувалак охир-оқибат ортга юмалаб, қўнғизни босиб қолади. Жонивор ҳалок бўлмаса-да, оёғидан, “қўли”дан айрилиши ёки ногирон бўлиб қолиши мумкин.

Бу бироз қўполроқ ўхшатиш бўлсада, аммо бугун тўйларда урчиётган дабдабабозликка, исрофгарчиликка айнан мос тушади. Йиллар давомида мисқоллаб йиққан маблағини “отдан қолма, эшагим” қабилида иш тутиб, натижада қулоғигача қарзга ботиб тўй қилаётган оила бошлиқлари, минг афсуски, ақлга ҳам, мантиққа ҳам, шариату шароитга ҳам сиғмайдиган бир кунлик “орзу-ҳаваслар”нинг қурбонига айланиб, бир умрлик азоб-уқубатга гирифтор бўлмоқдалар.

Жамиятда илдиз отаётган бу иллатлар қачон пайдо бўлди, бунга кимлар ва қайси омиллар сабаб бўляпти деган саволга  жавоб тариқасида “оммавий маданият” ва кўп орзу ҳавасларга берилиш ҳамда динимиз таълимотларидан саёзлашиб бораётганимиз десак тўғри келади.

Яқинда чет давлатда ишлаб келган бир йигит билан суҳбатлашганимизда у шундай деди; чет элга ишлашга борсанг у ердаги таниган-танимаган ўзбеклар; бу ерга уйланмоқчи ёки қиз чиқармоқчи бўлганлар, қискаси тўй қиламан, деганлар келади, деб аския қилишмоқда. Бу гаплар ҳам ҳақиқатга яқин, дабдабали тўй қилиш учун жонини хатарга қўйиб оиласи, ватанидан узоқда ишлаб келиб топганини исрофгарчиликларга сарфламокдалар.

 Қуръони каримда: “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар – шайтонларнинг биродарларидир”(Исро сураси, 26–27-оятлар), деб марҳамат қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди”, – дея айтганлар (Имом Термизий ривояти).

Тўйлар, маърака-маросимларда “беш хил, баъзан етти хил таом тортилиши керак” деган тушунчалар кўпчилигимизнинг қорин ғамига муккасидан кетганимиздан дарак эмасмикан? Аслида ортиқча овқат еган ёки ичимлик ичган одамнинг танаси оғирлашади, тоат-ибодатида ҳаловат йўқолади, меҳнат қилишга малолланиб қолади, ҳар хил касалликлар пайдо бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамзод қориндан кўра ёмон бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласига гавдасини тик тутишга бир-икки луқма озуқа етади. Агар кўпроқ егиси келса, унда ошқозонининг учдан бири овқатга, учдан бири ичимликка, учдан бири ҳавога тўлдирилиши керак” – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Боболаримиз оиласи эҳтиёжидан ортса, қўни-қўшниси, ёрдамга муҳтож кишилар билан баҳам кўришган. Машойихлар: “Яхшилик қанча кўп қилинса ҳам, исроф бўлмайди. Аммо исрофнинг зарраси ҳам – ҳаромдир” деб таъкидлаганлар.

 Отабек ҒОИБОВ - Оқдарё тумани “Янгиқўрғон” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 14/10/2019 12:49;   Кўрилганлиги: 1369
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/isrofning-zarrasi-ham-haromdir
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 16:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг