Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманг

 
 

  Сўнги  пайтларда  ўтказилаётган  марака  ва  маросимларда  миллий  ва   диний  қадриятларимизга  ёт   бўлган  баъзи  одатлар  учраб   турганининг   гувоҳи  бўлмоқдамиз.  Мисол  учун  янги  туғилган  чақалоқни туғруқхонадан  олиб  чиқишдаги  дабдабабозлик  ёки  бешик   тўйи  деб  қилинаётган  сарф  харажатлар кундан-кунга  катталашиб,  исрофгарчилик авжига чиқмоқда.  Халқимиз  орасидан бундай  ҳолатни  “Бешик  тўйи,  исрофгарчиликнинг  эшик  тўйи”ми  деб айтаётганларни ҳам эшитиб қоламиз. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи  васаллам Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ривояти) деб айтганлар.  

Айниқса  никоҳ  тўйлардаги  “Келин  базми”,   “Чаллари”   ва   ёш  келин  куёвнинг  тўйдан  олдинги  турли   расмларга  тушишлар (лав стори), тўй куни йўлларда  тирбандликлар ҳосил  қилиб,  ўнлаб автомашиналарда   юриши,   қиз   узатаётган оила, қизини ҳеч  кимдан  кам  қилиб  узатмайман,  деб  қарзга ботса ҳам “мебел”  ва  қимматбаҳо сарполар  олиб  бериши, натижада  катта  миқдорда қарздор  бўлиб қолаётгани энг аянчли ҳолатлардандир.  Миллий  урф – одатларимизга  зид  бўлган  бундай  ҳолатлар,  оилаларнинг  иқтисодига, балки бориб-бориб уларнинг бахтига ҳам  салбий   таъсир  қилмоқда. Бундай  дабдабабозликлар,  манаманликлар фарзандлар  бахтини  белгиламайди-ку ахир. Ҳозирги кунда  оилавий  ажримларнинг  келиб  чиқиш  сабабларидан  бири,  айнан   катта  тўй  ва  ундан  кейинги  керагидан  ортиқ  харажатлар десак, хато бўлмайди.

Турмуш  қуришдан  асосий  мақсад,  соғлом  насл давомийлигини  таъминлаш,   аклли ва  илмли   фарзандларни  тарбиялаб вояга  етказиш ва  уларнинг  камолини кўришдан  иборат. Фарзанд   вояга  етгач,  ҳар    бир   ота-она  олдида  унинг  оила  қуришини  таъминлаш   вазифаси   туради. Бу  жараёнга  кўпчиллик шошқолоқлик  қилиб,  “ўғилни эртароқ уйлаш  керак, қиз  болани  ушлаб  ўтирмай,  тенги  чиқиши  биланоқ  турмушга  бериш  лозим” деган нотўғри  қарашлар оқибатида,   қиз болани  эрта  турмушга  бериб,  унинг  саломатлигига  путур етказилаётганлиги    ёки  ўзаро  қариндошлар  ўртасида тузилаётган никоҳлар натижасида  носоғлом  фарзандлар  дунёга  келаётганлиги ҳеч кимга  сир эмас.

        Оила  мустаҳкамлигини  таъминловчи  омиллардан  бири  фарзанддир, фарзанд  тарбиясига   эътиборли  бўлиш  эса  аввало ота-онанинг  вазифасидир.  Мукаммал  тарбия – барча  ҳикматларнинг   аввалидир.

    Миллий  урф-одатларимизга ёт бўлган бундай салбий ҳолатларга, миллий  ва  маънавий  қадриятларимизга таянган  ҳолда  қарши  курашиш,  ёш  авлодни  соғлом  ва   баркамол   этиб  тарбиялаш,  аҳоли  ўртасида  маънавий   муҳит барқарорлигини  таъминлашга  кўмаклашиш  борасида  тарғибот  ва  ташвиқот   тадбирларини ўтказиш  ҳозирги  кунга  келиб давлат  сиёсатига   айланди.

        Мамлакатимизда  оила  ва  никоҳнинг  муқаддаслиги,  миллий урф  одат, анъаналарга  мослигини  таъминлашга  алоҳида  эътибор  қаратилмоқда.  Муҳтарам  юртбошимиз   Ш. Мирзиёевнинг  тўй ва  маърака  маросимларни   тартибга  солиш ва ихчам  ўтказилиши  борасида  фармони, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари 14 сентябрь куни тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

      Бунга биргина мисол, туманимизда  қарийиб  икки  йилдан  буён  туман ҳокимлиги,  туман  ФҲДЁ, туман тиббиёт  бўлими ва  туман  имом  хатиблиги  ҳамкорликда,  оила  қуришга  таёргарлик  кўраётган  ёш  йигит  қизлар  билан  ҳар хафтанинг сешанба  кунлари,  оила  психологияси  бўйича  суҳбат  ва  учрашувлар   ўтказиб, “Онасини кўр, қизини  ол”,  “Оила  ва никоҳ- муқаддас  ришта”, “Исрофгарчилик оғир  гуноҳ”  мавзуларидаги  маънавий-маърифий  тадбирлар,  тиббий - кўрик  ва   мутахассислар  иштирокида   семинарлар  ташкил  этиш  анъанага  айланган.  Суҳбатлар  жараёнида, никоҳнинг нафақат қонуний  бўлиши, балки  бунда  ёшларнинг, хусусан, қиз боланинг  оилага руҳий  ва  жисмоний тайёргарлиги ҳам муҳим  эканлиги,    ёш бўлғуси  келин  куёвларни, оила  қуриш  борасидаги  билим  ва  кўникмалар  билан  таништириб,  оиланинг  муқаддаслиги, исрофгарчиликнинг гуноҳлиги ва энг асосийси,  бир  марта берилган умрда,  аҳил-иноқликда бахтли  саодатли  ҳаёт  кечириш энг  тўғри  йўл  эканлиги уқтирилиб  ўтилади.

    Аллоҳ таоло  юртимиздаги  ҳар бир  оилаларни  мустаҳкам қилсин. Марака-маросимларимизни  ортиқча  дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтишини ва ёшларимиз  бахтли-саодатли  бўлишини  насиб  айласин.

 Муҳаммаддиёр Жомонқулов, Булунғур туман “Сарқипчоқ” жоме масжиди   имом хатиби


Киритилган вақти: 16/10/2019 15:15;   Кўрилганлиги: 1804
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/isrofgarchilik-va-manmanlikka-yol-qoymang
Чоп этилган вақт: 21/02/2024 02:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг