Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Исроф қилманг

 
 

Саҳобаи киромларнинг катталаридан бўлмиш Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан тўйни қандай қилиш ҳақида маслаҳат сўраганида, Пайғамбаримиз: «Битта қўй сўй», деган эканлар. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қийинчилик бўлмасин деган мақсадда шундай деяптилар деб ўйлаб: “Мен бир неча қўй сўйишга қодирман”, деб бир-икки қайтарибди. Шунда Сарвари коинотимиз: «Эй молинга Ҳудо барака бергур, битта қўй сўйгин» деб танбеҳ берган эканлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи васаллам қўйлари кўп бўлган Соҳабаи киромга биттагина қўй сўйишга буюрганликлари остида ҳикматлар жуда ҳам кўпдир.

  1. Бошқа соҳабаларни тўй қилишликда қийланмасликлари учун;
  2. Келажакдаги умматларини ташвишларини қилганлар;
  3. Қўйлари кўп бўлсада рухсат бермадилар;
  4. Исрофни олдини олганлар;
  5. Илм-фан исботладики кўй гўштини истеъмол қилган инсон, табиатан юмшоқ (ҳалим) бўлар экан.

Биз ўзбек халқи меҳмондўст, хайру саховатли, қўли очиқ халқмиз. Шунинг учун хилма-хил маросиму тадбирларимизнинг сони ҳам кўп. Ақиқа тўйи, никоҳ валимаси, ҳовли тўйи, мотамга оид вазима маросимларининг ҳам бир неча турлари мавжуд. Албатта, бундай маросимларнинг пайдо бўлиши ва амалга оширилишидан кўзланган мақсад аввало, қавму қариндош, қўни қўшни ва ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали Аллоҳ таолонинг савобига ноил бўлишдир. Аммо, зинҳор, ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтмаслик керак бўлади. Акс ҳолда, эҳсон қилиб савоб топиш ўрнига оғир гуноҳга қолинади.

          Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратлари, исрофгарликдан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.

Исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омиллар:

  1. Аввало тарбия ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча талабларни меъёридан ошириб таъминлаб бериш;
  2. Маишатпараст, дунёпараст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш;
  3. Тезликда, машаққат чекмай тангликдан кейин кенгликка, фақирликдан кейин бойликка эришиш;
  4. Нафснинг хоҳиш ва истакларига сўзсиз итоат этиш;
  5. Бу дунё ҳаёти охират учун тайёргарлик кўриш даври эканлиги, охиратда эса бу дунёда қилинган амаллар учун ҳисоб-китоб бор эканлигини унутиш ёки тушунмаслик;
  6. Умуман инсон ҳаётида мўътадиллик ва меъёр деган тушунчалардан йироқ бўлиши.

Исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратлари:

  1. Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлиб, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлиш;
  2. Шайтонни хурсанд қилиб, унинг биродарига айланиш;
  3. Ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларни кўтара олмаслик, ожизлик ва нотавонликка маҳкум бўлиш;
  4. Жасадда турли касалликларнинг пайдо бўлиши, қалб қотиши, фикрнинг ўтмаслашуви;
  5. Жамиятда ялқовлик, текинхўрликнинг авж олиши, қашшоқлик ва тиланчиликнинг кўпайиши.

Исрофгарликдан қутулиш йўллари:

  1. Ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
  2. Пайғамбар алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
  3. Дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
  4. Исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хоксор кишиларга яқин юриш;
  5. Оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.

Аллоҳ таоло ҳаётимиз ва ризқимизни фаровон айлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишдан ва унинг балоларидан Ўз паноҳида асрасин! Омин!

З.Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили


Киритилган вақти: 28/11/2019 14:41;   Кўрилганлиги: 1471
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/isrof-qilmang
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 18:07
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг