Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Бадназарликнинг балолари

 
 

Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий «Ҳаё ва покдомонлик» китобида шундай ҳикоя қилади: 
«Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Бегона аёлга қарашлик шайтон ўқларининг ичида заҳарланганидир»
(Ўқ тегиб ўлдирмаса-да, заҳари албатта қалбни ўлдиради).

Номаҳрамга тасодифан биринчи марта нигоҳ зарарли эмас, агар уни олиб қочилса. Биринчи қарашда ҳам унга лаззат билан қараш ҳаромдир.
Шайтоннинг энг кучли қуролларидан бири ҳаромни гўзал қилиб кўрсатишдир. Зеро, узоқдан қараганда кўп нарсалар гўзал кўринади. 
Дунёда қилинган биринчи гуноҳга ҳам бадназарлик сабаб бўлган эди. Ўшанда Қобилнинг кўнглида Ҳобилнинг хотини гўзаллиги учун ёмон ният пайдо бўлган эди».
Бадназарликнинг оқибати
Ибни Жавзий «Талбиси иблис» деган китобида ҳикоя қилади:
«Абдуллоҳ ибн Жалол айтади:  «Бир куни олдимдан чиройли насроний қиз ўтиб кетаётганди, унга қарадим. Шунда Абу Абдуллоҳ Балхий олдимдан ўтаётиб, бу ерда нима иш билан машғул эканлигимни сўради. Мен:
— Ҳазрат, ана у ҳушсурат жуссани қаранг. Ўйланиб қолдим, Аллоҳ таоло шундай чиройли чеҳрани қандай қилиб дўзахга ташлаб юбораркин…
Шунда у зот икки кифтим орасига уриб:
— Мана шу қилган гуноҳингнинг натижасини йиллар ўтиб кетгандан кейин ҳам кўрасан, — дедилар. 
40 йилдан сўнг, мураттаб қори бўлатуриб, Қуръонни унутиб юбордим…»

Ким зино қилса, униям зино қилишади
Қонун:
Ҳар мукофотнинг ажри ҳам ўз жинсидан бўлгани каби, ҳар гуноҳнинг жазоси ҳам ўз жинсидан бўлади. Зинокорнинг қиёматдаги жазоси зинокорларнинг фаржидан чиқадиган суюқликдир. Унинг бу дунёдаги жазосини эса Расулуллоҳ с.а.в. ваъид сифатида баён қиладилар:
«Ким зино қилса, унинг ҳам зиносини қиладилар, агарчи деворига ишқалаб кетиб бўлса ҳам…»
Яъни, ким зино қилса, унинг маҳрамлари – онаси, опа-синглиси, хонадонидаги яқинларини ҳам зино қиладилар. Ҳеч бўлмаган тақдирда унинг девори тагида зино қилиб кетадилар…
Ҳазрат Довуд алайҳиссалом Сулаймон алайҳиссаломга шундай насиҳат қилган эканлар:
«Ўғим, шер билан аждаҳонинг орқасидан юргин-у, ҳаргиз аёл кишининг ортидан юрма.»

Ҳазрат Умар р.а. айтадилар:
«Агар аёл ва эркакнинг иккита чириган суягини хилват жойга қўйсангиз, ҳатто суяги ҳам тортишади.»

Бадназарликдан сақланиш йўллари
1. Аллоҳ таоло айтганидек, кўзни пастга қаратиш.
2. Уйланиш.
3. Аллоҳ таолонинг уни кўриб турганини эслаш.

Бир улуғ зотнинг олдига шогирди келиб сўрабди:
— Устоз мен бозорда савдо қиламан. Аёлларга ҳам савдо қилиб тураман, уларга қарашнинг иложи йўқ, савдо ҳам қилмасликнинг иложи йўқ. Мен бу дарддан қандай қутулай?
Шайх шундай даво услубини тавсия қилибди. Унинг қўлига бир стакан сутни тўлдириб, шундай дебди:
— Бу сутни фалон шайхнинг олдига олиб борасан. Шарти шуки, уни шу бозор ҳудудидан олиб борасан. Манзилга етгунингча, ундан бир томчи ҳам тўкилмаслиги керак. Ортингда мана бу полвон одам пойлаб боради. Агар сутдан озроқ тўкилса ҳам у сени дўппослайди.
Шогирд уни назорат қилиб кетаётган барзанги полвоннинг зарбасидан қўрқиб, сутни тўкмасдан манзилга олиб борибди. Сўнг устози ҳузурига бориб, мақтанибди:
— Устоз, сутни бир томчи ҳам туширмай шайхга олиб бордим.
— Йўлда аёлларни кўрдингми?
— Валлоҳи, сутга ва устимда турган полвонга ҳавотирланиб, уларни кўрмабман.
— Сен устингда турган бир банданинг зарбидан қўрқиб гуноҳни тарк қиласан-у, нега сени яратиб қўйган Аллоҳнинг назоратидан қўрқмайсан?
 
Олимлар бадназарликнинг олдини оладиган қуйидаги тавсияларни қилишади:
4. Бирон аёл киши олдингиздан ўтиб кетаётганда унга қарамасдан, ҳунук бир одамни тасаввур қилиш.
5. Ўша аёлнинг ўлиб, чириб кетган ҳолатини тасаввур қилишлик.

Ёрқинжон қори ҳафизаҳуллоҳ  таржимаси

Манба: Azon.uz


Киритилган вақти: 18/12/2019 16:24;   Кўрилганлиги: 1244
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/badnazarlikning-balolari
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 14:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг