АЙРИМ ЁШЛАРНИНГ КЎЧАДА ЮРИШ ОДОБИГА РИОЯ ҚИЛМАЁТГАНИГА КИМ АЙБДОР?
Кўчада юришнинг ҳам одоблари бор. Одобсизлик қонунга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам тўғри келмайди. Ҳозирги пайтда баъзи ёшларнинг кўчада юриш одобларига риоя қилмасдан, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш ўрнига, кўчада одобга зид бўлган ишларни қилиб юришлари одамни ўйлантириб қўяди. Аслида фуқаро кўчада камтарона тезлашмай ёки сустлашмай, оҳиста тўғри юришлиги одобдандир.
Кўчада ётган ўткир тиғли анжомлар, тош, шох-шабба каби, хуллас пиёда ёки уловда юрувчиларга зарар берадиган, юришлари учун халақит қиладиган нарсалани бир четга олиб ташлаш савобли иш ҳисобланади.
Бир саҳобий Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ўзини жаннатга киритадиган амални ихлос билан сўради. Менга жаннат йўлини кўрсатинг, шуни қилсам, жаннатга кирадиган бўлай, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, – дедилар”.
Кўчада у ёқ-бу ёққа аланглаш, юрган ҳолида таом ейиши, писта чақиш, ялангаёқ юриш, туфлаш, бурун қоқиш, ифлос жойларни босиш, одобсизликдир. Тупук ва балғам кўрилса, усти тупроқ билан ёпиб ўтилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Икки лаънат келтирувчидан сақланинглар”, дедилар. Одамлар:
“Эй Аллоҳнинг Расули, икки лаънат келтирувчи нима?” дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Одамларнинг йўлига ёки соя жойига хало қилган”, дедилар”.
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифда кўпчилик фойда оладиган жойларни эҳтиром қилиш, бундай жамоатчилик жойларини озода сақлаш ҳақида сўз бормоқда.
Рўпарадан келган одамларга салом берилади, салом беришса алик олинади.
Ота, устозлар, улуғ кишилар бирга бўлса, улардан бир икки қадам орқада, ижозат берсалар, ўнг ёнларида юрилади.
Б.Бобохонов - Самарқанд шаҳар “Хўжа Нисбатдор” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 10/12/2019 12:31; Кўрилганлиги: 1871
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 18:38