ШУКР ВА САБРНИНГ ФАЗИЛАТИ
Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилган махлуқотлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар:
“Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки, бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи – катта марҳамат, шунинг ўзи – катта бир неъмат! Шукр қилсак, Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилади. Аммо ношукурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин”.
Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар:
“Бандаларни Аллоҳ таолога энг яхшиси – мусибат келганда, сабр қилгувчи ва неъмат берилганда, шукр қилгувчисидир”
(Имом Табарий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Саъдий Шерозий “Гулистон” асарларида қуйидаги ҳикояни келтирганлар: Узоқ йўл босиб келаётган мусофир киши ўзининг оёқ кийими эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига “шунақа ҳам ночор одам бўламанми?” дея ҳолининг хароблигидан афсусланди. Шу нолиганича шаҳар дарвозасига яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини тиланиб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: “Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукурлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса, нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да!”, – деб шукроналик йўлини тутди.
Демак, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солиш ва борига шукр қилиш лозим. Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади. Бу ахлоқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди
Иброҳим Адҳам ғам чекиб ўтирган кишини кўриб, унга: “Нима учун ғамгинсиз? Сиздан уч нарсани сўрайман менга жавоб беринг”, – дедилар. У киши рози бўлди. Иброҳим Адҳам: “Ушбу борлиқда Аллоҳ таоло хоҳламаган бирор нарса бўладими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деди бояги киши. Иброҳим Адҳам яна “Аллоҳ таоло тақдир қилиб қўйган ризқингиздан бирор нарса озаядими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: “Аллоҳ таоло ёзиб қўйган ҳаётингиз борасидаги бирор нарса сиз сабабли ўзгарадими?” – дея сўрадилар. У киши яна: “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса нега ғам чекяпсиз?” – дедилар.
Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр қилувчи ва ҳар қандай ҳолатда сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлворувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин! Омин!
М.Жомонқулов - Булунғур тумани Сарқипчоқ масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 22/04/2020 11:50; Кўрилганлиги: 1061
Чоп этилган вақт: 13/01/2025 22:41