Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Шукр қилган бой бўлар

 
 

Ҳақиқатдан ҳам неъматларга шукр қилиб яшаш одамнинг кўзини тўқ, қалбини хотиржам қилади. Бугунги кунда шукр қилиб яшаётганлар жуда кўп, шунинг учун ҳам халқимиз тинч, элимиз фаровон, ватанимиз кундан кунга кўркам бўлиб бормоқда. Бундай ободонлаштириш ва бунёдкорликларни кўриб яшаган сайин яшагинг келади.

Қуръони каримда Наҳл сурасининг 18-оятида: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз” деб марҳамат қилинган. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, тириклигимизнинг ўзи бир неъматдир. Ақлимиз, фаросатимиз борлиги, кўрган нарсани танишимиз, эшитган нарсани англашимиз, ўзимизнинг кимлигимизни билиб яшашимиз буларнинг ҳаммаси ҳеч бир нарсага тенглаб бўлмайдиган бахтдир. Ҳаётда шундай инсонлар борки кўради, эшитади, овқат ейди, юради аммо ўзининг кимлигини билмайди. Нима учун яшаяпти, отаси ким, онаси ким, ҳаётдаги вазифаси нимадан иборат,бу нарсаларни ўйлаб кўрмайди. Чунки уларнинг ақли ноқисдир. Шундай экан соғ-саломат туғилиб, соғ-саломат юрган инсонлар шукронани кўп қилишлари керак.

Ўзидан бойроқ кишиларни кўриб, уларга етиб оламан деган мақсадда одамийликни, оға-иниларни, ҳатто ота-онани унутиб, нафс йўлида овора бўлиб шукроналикни унутган кишилар ўз-ўзига зулм қилган бўлади. Ҳадиси шарифда: ,”Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик нафснинг тўқлигидадир”, дейилган. Баъзилар бойлик илинжида фарзанд тарбиясига эътибор қаратмасдан, фақат пул топишнинг йўлига ўтиб олганлар. Фарзандга вақтида тарбия берилмаса кейин кеч бўлади. Топилган бойлик фарзанд тарбиясига кор қилмайди.

Ношукрлик инсонийлик фазилатидан четлатади. Бу эса зулмат сари йўллайди. Ҳадаси шарифда: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйда бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора қилинган. Кўпчилик кишилар неъматнинг қадрига у қўлидан кетгандан кейингина етади. Унда кеч бўлиб афсусу-надоматлар ёрдам бермайди.

Шукр қилиб яшашнинг ўзи бир неъматдир. Шукр қилган бой бўлади. Чунки шукронанинг орқасидан яна ва яна неъматлар берилаверади. Топган бойлигимизни гуноҳ бўладиган амалларга эмас, савоб бўладиган амалларга ишлатайлик. Ўзимиздан орттириб оға-ини, қўни кўшниларга, кам таъминланган оилаларга ёрдам қўлини чўзайлик. Зеро ҳадисда айтиладики: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-харакат қилувчи ёки кечалари тоат ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи кабидир”.

Ҳаёт гўзал. Шу гўзал ҳаётда шукр қилиб яшаш унданда гўзалдир. Борига ва барига шукр қилиб яшайлик. Чунки бизларга шукр қилиб яшаш ярашади. Қуръони каримнинг Иброҳим сурасининг 7-оятида:,, Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: ,,Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам)жуда қаттиқдир‘‘. Аллоҳ таола барчаларимизга шукр қилиб яшашни насиб қилган бўлсин.


Киритилган вақти: 22/05/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3058
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/shukr-qilgan-boy-bolar
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 22:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг