"Шайх ул-ислом" қандай унвон
«Марғилон алломалари» китобининг биринчи силсиласида халқимиз орасида тилга ўрнашиб қолган, бироқ кўпчилик асосли маълумотга эга бўлмаган «шайх ул-ислом» рутбаси ҳақида жумладан шундай дейилади:
«Шайх ул-ислом» – муайян мамлакатда ислом ташкилотлари бошлиғи – диний унвон. Фахрий унвон сифатида Х асрдан у ёки бу фақиҳ ёхуд сўфийга нисбатан ишлатилган. ХIII асрдан кейин мунтазам суратда қўлланилган. Бухоро хонлиги, Туркия (ХVI асрдан 1924 йилгача) ва бошқа давлатларда шайх ул-ислом – энг олий диний лавозим».
«Шайх ул-ислом» минтақамизда Амир Темур асридан бошлаб давлат девони қошида давлат миқёсида қабул қилинган фатволарни тафтиш этиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга рутба (мақом, унвон) сифатида берилган.
Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» номли йирик асарининг ўн биринчи фаслни «шайх ул-ислом» тўғрисида» деб атаб, жумладан шундай дейдилар:
«Шайх ул-ислом – мусулмонлар пешвоси бўлиб, мусулмонлар унинг йўлидан боришлари лозим. Бундай одам етук олим бўлмоғи, ислом динини ҳимоя қилмоғи ва унинг тарғиботчиси бўлмоғи даркор. У даргоҳга яқин, шариат қонунидан чиқмовчи, фақирликка қаноат қилувчи, поклик йўлини тутувчи, ёмон-яхши кишиларга бирдай шафқатли, катта-кичикка бир хил – фақат тўғри йўл кўрсатувчи, шариат қонунларида мустаҳкам ва барқарор турувчи, ҳар қандай бидъатчининг бидъатини йўққа чиқарувчи, файзли ва обрўли одам бўлмоғи шарт. Шундай бўлгандагина уни «шайх ул-ислом» деса бўлади».
Биз Ҳазрат Домла фаолиятларини синчиклаб ўрганадиган бўлсак, келтирилган шартларнинг барчаси у зотда мавжуд эканини кўрамиз. Аммо фуқаҳолар наздида шайх ул-ислом алоҳида унвон бўлиб, уни кимларга берилиши ҳақида Мавлоно Абдулҳай Лакнавий қуйидагиларни айтадилар:
«Шайх ул-ислом» унвони буюк фуқаҳолар ва катта уламолар ўртасида пайдо бўлган низо ва тортишувлар чоғида мушкул масалаларни ечиб, уларга фатво беришга лаёқатли кишиларга нисбатан ишлатилган. Мазкур унвон билан бешинчи ва олтинчи ҳижрий санада яшаб ўтган бир неча буюк зотлар машҳур бўлишган. Улардан шайх ул-ислом Абул Ҳасан Али ас-Саъдий, шайх ул-ислом Ато ибн Ҳамза ас-Суғдий, шайх ул-ислом «Хулоса» китоби муаллифининг бобоси Али ибн Муҳаммад ал-Исбижобий, шайх ул-ислом Абдуррашид ал-Бухорий, шайх ул-ислом «Ҳидоя» китобининг муаллифи Бурҳониддин Али ал-Марғиноний, шайх ул-ислом Маҳмуд ал-Ўзжандий ва бошқалар».
Киритилган вақти: 09/10/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2145
Чоп этилган вақт: 11/12/2024 23:10