Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

САОДАТ АСОСИ

 
 

Яратган бандаларига меҳрибон Зот, бизларни яратиб ўз холимизга ташлаб қўймади, балки дунё ва охиратда ҳам бахтли ҳаёт кечиришимиз учун ҳаётимизда керак бўладиган барча нарсаларни очиқ – ойдин баён қилувчи китобини ва у китобини бизларга етказувчи Расулларини юборди. Нозил қилган китоби Қуръони Каримда Ислом дини ўз ҳузуридаги энг мақбул дин эканлигини қуйидагича баён қилган:

“Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир. Аҳли китобларга (яҳудий ва насронийларга) маълумот (тавҳид ва Муҳаммад тўғрисидаги ваҳий) келгандан кейин ўзаро ҳасад юзасидан ихтилоф (инкор) қилишга ўтдилар. Ким Аллоҳнинг оятларини инкор этса, (билиб қўйсинки) Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир”.Оли Имрон сураси 19 – оят.

Ва яна ислом динидан ўзга динларни ҳохловчилардан қилган амалларини қабул қилмаслигини айтиб шундай дейди:

“Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир”.Оли Имрон сураси 85 – оят.

Ушбу оятлардан келиб чиққан ҳолда ўз роббисини таниган ва унинг буйруқларига итоат этган инсон ислом динини ўз дини деб танлаши ва динига муҳаббат қилиши лозим бўлади. Зеро, бизнинг саодатимиз асоси мана шу динимиздир.

Нега яхши кўрмайлик, бу дин бизларга якка худоликка ибодат қилишни, ватанни севишни, ҳалол – ҳаромни, ҳидояту залолатни, тўғри – нотўғрини, ота – она ва қўни – қўшниларга яхшилик қилишни, қариндошлар билан силаи раҳм қилишни, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлишни, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилмасликни, қолаверса, барча инсонлар билан гўзал муомалада бўлишни таълим берди. Динини яхши билган ва уни таълимотларини тўла тўкис ўрганган инсон садоқатли, динига, халқига, ватанига муҳаббатли бўлиб осойишта ҳаёт кечиради. Бу дин яна бизларга ўз нафсимизда, оиламизда, иш жойларимизда ва барча инсонлар билан адолатда бўлишимизни таълим беради. Зеро адолатли ҳаёт дунё мезонидир.

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа Рум подшоҳи тарафидан насронийлик динини қабул қилиш таклифи айтилиб, агар уни қабул қилсанг мулкимни ярмини бераман деганда ҳам, динини яхши кўрган бу улуғ саҳобий таклифни рад этди. Бу қисса бизларга динимизни яхши кўришимизга етарли хулоса бўлади, деб ўйлайман.

Динимизни яхши кўришимизнинг белгиларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришимиз ва У зотнинг суннатларига эргашишимиздир. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисларни келтиришимиз мумкин:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан бирингиз мен унга фарзандидан, ота – онасидан ва барча инсонлардан суюклироқ бўлмагунимча комил мўмин бўлмайди”. Бухорий ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш, у зот билан жаннатда бирга бўлишга сабаб бўлади.

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: қиёмат қачон? деб сўради. У зот: “Қиёматга нима тайёрлаб қўйдинг?” дедилар. У киши: ҳеч нима лекин мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман, деди. У зот: “Сен яхши кўрган кишинг билан бўласан, дедилар”. Бухорий ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш У зотни яхши кўришдан кўра улуғроқ ҳисобланади. Чунки ҳар–бир яхши кўрувчи яхши кўрган инсонини улуғлайвермайди. Мисол: ота–она фарзандини яхши кўради. Шу муҳаббат асносида фарзандига яхшиликлар кўрсатади, лекин уни улуғламайди. Фарзанд эса ота–онасини яхши кўради ва улардан кўрган яхшиликлар эвазига уларни улуғлайди.

Демак, бизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш билан бирга, У зот бизларни икки дунё саодати ва яхшиликларига бошлагани учун улуғлашимиз вожиб бўлади.

Бу борада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Эй, Муҳаммад!) Ҳақиқатан, Биз Сизни (қиёмат куни умматларга) гувоҳлик берувчи, (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни) огоҳлантирувчи қилиб юборгандирмиз. (Биз, Муҳаммадни) Аллоҳга ва Унинг расулига имон келтиришларингиз учун ва уни (Расулини) қўллаб-қуватлаб, иззат-икром қилишларингиз ҳамда эртаю кеч Унга (Аллоҳга) тасбеҳ айтишларингиз учун (юбордик)”.Фатҳ сураси 8 – 9 – оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун Убай ибни Каъб розияллоҳу анҳуни чақирдилар. У киши намоз ўқиётган эди, жавоб бера олмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Жавоб беришингга нима тўсқинлик қилди”, дедилар. Убай ибни Каъб: намоз ўқиётган эдим, деб жавоб берди. Шунда У зот: Эй, имон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулга (лаббай деб) жавоб қилингиз! Яна билиб қўйингизки, Аллоҳ инсон билан унинг дили (ўртаси)да «парда» бўлиб туради ва Унинг (ҳузурига) жамулжам бўлурсиз”, (Анфол сураси 24) оятни ўқиб унга танбеҳ бердилар.

Бизларга ҳам У зот суннатларида бирор ишга буюрган бўлсалар, У зот ҳузуримизда тургандек тезда бажаришимиз вожиб бўлади.

Ҳозирда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузуримизда бўлмасалар ҳам уламоларимиз айтишларича, Расулуллоҳнинг ҳадислари ўқилаётганда ёки айтилаётганда овозни кўтариш, у зотнинг ҳузурида овозни кўтариш билан баробардир. Саҳобалар у зотни шунчалик яхши кўриб, ҳурмат қилганларидан олдиларида овозларини пастлатиб, юзларига тик боқа олмаганлар. Шунинг учун Ҳудайбия қиссасида Қурайш қабиласи Урва ибн Масъудни сулх учун жўнатганида, қайтгандан сўнг шундай деган: “Бирорта инсон ўзининг дўстини Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни улуғлаганидек улуғлаганини кўрмадим”.

Яна яхши кўриш аломатларимиздан – Расулуллоҳга мақталган мақомни сўраб, азондан кейин ворид бўлган дуони ўқиб дуо қилишимиз керак. У зотни исмлари зикр қилинганда, қолаверса барча вақтларда, хоссатан жума куни, кўпроқ салавот айтишимиз лозимдир. Бизлар учун энг катта башорат шуки – Расулуллоҳ олиб келган йўлларига эргашишимиз Роббимизни муҳаббатига лойиқ бўлишимизга ва гуноҳларимиз кечирилишига сабаб бўлади. Бу ҳар – бир мўминнинг энг катта орзусидир.

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”.Оли Имрон сураси 31 – оят.

Эй Роббимиз, қалбимизда У зотга муҳаббат ва олиб келган йўлларига эргашиш билан улуғлаш лаззатини бергин. Омин!


Киритилган вақти: 01/11/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2588
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/saodat-asosi
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 17:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг