Самарқандликлар Ҳаж сафаридан қайтдилар
Муқаддас Ислом динимиз беш аркон устига қурилган бўлиб, улардан бири – ҳаж ибодатидир. Ҳаж молиявий ва жисмоний ибодат ҳисобланади. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган ҳамда йўллар очиқ ва бехатар бўлиши шарт қилинган бўлиб, мўмин-мусулмон киши умрида бир марта бу ибодатни адо этиши фарздир.
Ҳаж амалини бажариш учун бораётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2019 йилги мавсумда юртимиздан жами 7200 нафар киши муборак сафарда бўлиб, ибодатларни адо этдилар. Шулардан 450 нафари Самарқандликлардир. Ушбу зиёратга борувчи мўмин-мусулмонларнинг сафар давомида ибодатларини мукаммал бажаришлари, арзон ва қулай шароитларда истиқомат қилишлари, турли тушунмовчилик ва қийинчиликларга дуч келмасликлари учун Ҳукуматимиз, қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан барча шарт-шароитлар яратилди. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 35 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари, 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз хизмат кўрсатди. Гуруҳ раҳбарлари томонидан ҳожиларга сафар давомида доимий равишда Ҳаж зиёратига оид барча зарур маълумотлар бериб борилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам Ўзбекистондан ташриф буюрган ҳожиларга раҳбар сифатида барча ишчи гуруҳ аъзолари ва ҳожиларга зарур кўрсатма ва тавсияларини бериб бордилар. Айниқса, сафар чоғида Самарқанд ва Андижон вилояти ҳожилари билан алоҳида суҳбат ўтказиб, уларга Ҳаж ибодатининг рукнлари, шартлари, одоблари ва мабрур ҳажнинг мукофати тўғрисида ояти карима ва ҳадиси шариф асосида берган тушунчалари ҳожиларимизга дастурул амал бўлди десак муболаға бўлмайди.
Жорий ҳаж мавсуми бошқа йилларга қараганда анча енгил, осон, рисоладагидек, тартибли ўтганини эътироф этиш жоиз. Шунингдек, бу йил 7000 дан ошиқ юртдошимиз ҳаж амалларини мукаммал адо этгани, қувончли ва ибратли жиҳати бу йил Ўзбекистон энг тартибли, ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича бешта илғор давлатлар қаторига киритилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Самарқандлик Ҳожиларимиз соғ-саломат, кайфиятлари аъло даражада ибодатларини адо этиб, 24 ва 26 август кунлари Самарқанд шаҳрига етиб келдилар. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукрлар, ҳамду санолар бўлсин! Юртимиз ҳожиларининг ҳажлари мабрур ҳажлардан бўлишини Яратган насиб қилсин.
ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ, ЎМИ Самарқанд вилоят вакили
Киритилган вақти: 30/08/2019 10:48; Кўрилганлиги: 1348
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 22:38