Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Саломлашиш одобларига риоя қилайлик

 
 

Ассалому –алайкум!   Соғмисиз,   тинчмисиз,  омонмисиз   азизлар. Келинг,  саломлашиш  одоблари   ҳақида   ҳам  бироз   тўхталиб  ўтайлик.

Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади.

Ҳар бир киши ўз хонадонига кирганда ҳам оила аъзоларига салом беради.  “Ассалому алайкум”  лафзи   арабчадан    ўзбек тилига   ўгирилганда  “сизга  тинчлик  ва  хотиржамлик    тилайман” –деган  маънони   англатар   экан. Саломга жавоб қайтариш эса  фарз   амалдир.  Саломга жавоб қайтарувчи киши   “Ва  алайкум ассалому  ва  раҳматуллоҳ”- деган  сўзлар  билан   жавоб   қайтариши  лозимдир. Бунинг   маъноси   эса  “сизга  ҳам  тинчлик, омонлик  ва  Аллоҳнинг раҳмати  бўлсин” деганидир.

Бошни қимирлатиб, овозсиз, фақат қўлни кўксига қўйиш билангина салом бериб ҳам, алик олиб ҳам бўлмайди. Салом-алик баралла, эшиттириб айтилиши керак. Ҳаддан ташқари энгашиб, ерга букилиб салом бериш одобимизда ман этилган. Хиёл эгилиб салом бериш мумкин.

Шунингдек,   пиёдага,  уловдаги   одам,  кўпчиликка    озчилик, ўтирган  ёки  турган   кишига   юрган  киши  салом   бериши   афзалдир. Нотаниш кишиларга, ёш болаларга ҳам салом берилади. Агар   ёш болаларга  ёши  катта   одам   биринчи  бўлиб  салом   берса, бу унинг    ақл-одоби  ва  маънавияти  юксалигидан   далолат   беради. Бундай   ҳолатда   ёши   кичик   одам  саломга жавоб қайтариши фарз бўлади. Агарда  жавоб қайтармаса, фарз амални   тарк   қилган   бўлади  ва  гуноҳкор   ҳисобланади.

Салом   бериш  одобларидан    яна   бири  шундаки  киши  ҳеч ким    бўлмаган   хона   ёки   уйга   киришида   ҳам “Ассалому алайкум  аҳла-л-байт ва   раҳматуллоҳи   ва  барокотуҳу” деб  салом   бермоғи   мақсадга    мувофиқдир. Бу ҳолатда сизнинг саломингизга фаришталар алик олишади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васалламдан  ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Токи имон келтириб, мўмин бўлмагунларингизча ҳаргиз жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирларингизга нисбатан меҳру–муҳаббат ҳосил қилмагунингизча мўмин    бўла олмайсизлар. Мен сизларга бир амални ўргатаман агар уни қилсангиз,  бир–бирларингизга нисбатан меҳр-муҳаббат ҳосил бўлади. Ўзаро   ўрталарингизда саломни ошкора қилингиз”. (Абу  Ҳурайра) ривояти.

Бу ҳадиси шарифда ҳам кўриниб турибдики салом бериш ва унга жавоб қайтариш инсонлар ўртасида дўстлик, аҳиллик ва меҳр–оқибат ришталари   мустаҳкам бўлишига сабаб бўлар экан.

Аллоҳ таоло барчамизни саломлашиш ва гўзал одоб-ахлоқларга амал   қилишимизда ва фарзандларимизни ватанпарвар ва юксак маънавият    соҳиби этиб тарбиялашимизда улкан мувофаққиятлар ато қилсин.

Учқун Саидаҳмадов – Каттақўрғон туман “Қировул” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 14/03/2020 10:41;   Кўрилганлиги: 1600
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/salomlashish-odoblariga-rioya-qilaylik
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 15:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг