ҲАЗРАТИ УМАР ҚУЁШГА ҚАРАГАН ЭДИ, ҚУЁШ СЎНДИ
Бир куни Ҳазрати Умар (р.а.) хирқасини ямар эди. Умарнинг елкаси очиқ қолганидан қуёш қаттиқ қиздирди. Бу иссиқдан Ҳазрати Умарнинг муборак қалби сиқилди. Умар қуёшга бирдан қараган эди, Аллоҳ амри ила қуёш ҳарорати, нури сўниб пасайди. Жаброил (а.с.) Расули Акрам (с.а.в.)га келиб:
- Ё Расулуллоҳ! Умарга буюринг, қуёшга шавқат назари ила боқсин. Бўлмаса қуёш то қиёматгача шундай қолади, қуёшсиз ҳаммаёқ зулмат бўлади, - деди.
Расули Акрам:
- Ё Умар! Жаноби Ҳақ сенга қуёшга шафқат ила қарашингни буюрди, - деб амр қилди.
Ҳазрати Умар қуёшга шафқат ила боққан эди, қуёш ёришди, аввалги ҳолига келди.
Изоҳ ва ўгит
Ҳазрати Умарни Умар этган Исломдир. Ҳазрати Умар исломнинг буйруқларидан (амрларидан) қилчалик айрилмагани сабабли Ҳазрати Умарга жуда буюк неъматлар, мартабалар берилди. Ҳазрати Умар Аллоҳни севар эди. Аллоҳ ҳам Умарни севди. Қуёшга сўзини ўтказган Умар, албатта, Аллоҳнинг розилигига ноил бўлганлиги ва етишганлиги учунгина бундай даражага эришгандир.
“Ҳикматлар хазинаси” китобидан.
Киритилган вақти: 21/11/2022 15:12; Кўрилганлиги: 1544
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 16:53