Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

РЎЗА-УЛУҒ ИБОДАТ

 
 

Аллоҳ таоло бандалари ўз ҳавои нафсига эргашадими ёки Роббиларининг амрига итоат қиладими, деб имтихон қилиш учун ибодатларни ҳар – хил қилди. Ибодатлардан баъзисини рўза каби инсон ўзи учун суюкли бўлган нарсалардан тийиладиган қилиб қўйди. Гоҳида инсон учун кўплаб маблағини эҳсон қилиш осон бўлиши қаторида, атига бир кунгина рўза тутиш душвор келиши мумкин. Ёки бунинг акси ўлароқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ибодатларни турли қилиб буюрди.

Қалбни салоҳияти ва тўғрилиги, унинг тўлиқ роббисига юзланиши билан бўлади. Ортиқча таом, шароб, сўз, уйқу ва инсонлар билан ўта кўп аралашиш қалбнинг Роббисига боғланишдан тўсганлиги учун, Аллоҳ ўз раҳмати билан бандаларига рўзани фарз қилди. Чунки рўза инсонни юқоридаги ортиқча нарсалардан тўсиб, Аллоҳга юзланишига йўл очади. Шунингдек, рўзадаги эътикоф ўтириш, таровеҳ ва таҳажжуд намозлари янада қалбни Аллоҳ билан боғланишига кўмаклашади.

Рўза – емоқ, ичмоқ, жимоъ ва бошқа рўзани очувчи нарсалардан субҳдан қуёш ботгунча ният билан тийилишидир.

Рўзани тутишга буюрилиш ҳикматлари

1. Рўза – вожиб амалларни бажариш, ҳаром ишларни тарк қилиш билан Аллоҳга бўлган тақвони кучайтирувчи воситадир.

2. Рўза – инсонга нафсни тутиш, масъулиятни кўтариш ва машаққатларга сабр қилишни ўргатади.

3. Рўза – мусулмонга атрофидаги инсонлар аламини ҳис қилишни ўргатиб, камбағал ва мискинларга эҳсон қилишга ундайди. Бу билан ораларида муҳаббат пайдо бўлади.

4. Рўза тутишда – нафсни поклаш, ёмон ахлоқлардан узоқ бўлиш, унда ошқозон учун роҳатланиш бўлиб, унинг тетиклиги ва қуввати янгиланади.

Рўза – ислом рукнларидан бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Рамазон ойи ойларнинг афзалидир. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Рамазон ойининг охирги ўн кунлик кечалари зул ҳижжа ойининг ўн кунлик кечаларидан афзал, зул ҳижжа ойининг ўн кунлик кундузлари рамазон ойининг охирги ўн кунлик кундузларидан афзал, жумъа ҳафтанинг энг афзал куни, наҳр яъни, қурбонлик сўйиладиган кун йилнинг энг афзал куни, қадр кечаси йилнинг энг афзал кечаси ҳисобланади. Рамазон рўзаси мусулмон, болиғ, оқил, рўза тутишга қодир, муқим эркак ва аёлга вожиб бўлади. Аллоҳ аввалги умматларга рўзани фарз қилганидек бизларга ҳам фарз қилди.

Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. (Бақара сураси 183 – оят)

Рамазон ойи фазли ҳақида:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар рамазон ойи келса жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари беркитилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”. (Муттафақун алайҳ)

Рўзанинг фазли ҳақида.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласини ҳар – бир амалига ўнтадан етти юзтагача савоб кўпайтириб берилади, Аллоҳ азза ва жалла айтади: магарам рўза, у Менинг учун бўлиб, Мен Ўзим уни мукофотлайман, у шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилади, рўзадор учун икки хурсандчилик бор: оғзини очган пайтида ва Роббисига рўбарў бўлган пайтида. Рўзадор оғзидан келган ҳид Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан хушбўйроқдир” (Муттафақун алайҳ)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан яна шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким рамазон рўзасини имон билан савобини Аллоҳдан умид қилиб тутса, аввалги гуноҳлари кечирилади”. (Муттафақун алайҳи)

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Жаннатда саккизта эшик бўлиб, улар ичида Раййон исмли эшик бор. Ундан фақатгина рўзадорлар киради”. (Муттафақун алайҳи)

Рўзани бузувчи нарсалар

1. Кундузи еб-ичиш.

2. Кундузи жимо қилиш.

3. Ўпиш ёки шу каби нарсалар билан маний чиқиши.

4. Озуқа бўлувчи уколлар олиш.

5. Ҳайз ёки нифос кўриш.

6. Қасддан қайт қилиш.

7. Бурундан ёки қулоқдан қуйилган дорини ичкарига етиб бориши.

Рўзадор учун саҳарлик қилиш суннат бўлиб, саҳарликда барака бордир. Шунингдек, ифторликка шошилиш ҳам суннатдир. Ҳурмо билан ифторлик қилиш рўзадор кундузлари баданида йўқотган қанд моддасини тикланишига ёрдам беради. Ифтор пайтида қилинадиган дуолар ижобат бўлади. Оғиз очиб бўлганидан сўнг қуйидаги дуони ўқиган афзал: “Чанқоқлик кетди, томирлар ҳўлланди, иншааллоҳ савоб ҳосил бўлди”.( Абу Довуд ривояти)

Рўзадор Рамазон ойида хайрли амалларни кўпроқ қилиши Расулимиз суннатларидан. Шунингдек, рамазон ойида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намозини ўқиш суннатдир.

Рамазон ойида умра қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ҳаж қилиш савобига тенгдир.

Рамазон ойининг афзалликларидан яна бири унда қадр кечасининг борлигидир. Қадр кечаси минг ойдан афзал бўлиб, у саксон уч йилу тўрт ойга тенг келади. Қадр кечаси рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ тунларидан топилади. Шунинг учун у кечани бедорлик билан дуо, зикр, Қуръон тиловати ва нафл намозлар ўқиб ўтказиш керак.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Ким қадр кечасини имон билан савобини Аллоҳдан умид қилиб бедор ўтказса, аввалги гуноҳлари кечирилади”. (Муттафақун алайҳи)

Рўзадор одам ёлғон, ғийбат ва сўкиш каби ёмон иллатлардан узоқ бўлиши вожиб бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Ким ёлғон гапириш, унга амал қилиш ва жоҳилликни ташламаса, у инсоннинг емоқ ва ичмоқликни тарк қилишига Аллоҳнинг ҳожати йўқ”. (Бухорий ривояти).

Нафл рўзалар

Рўза учун бериладиган савобларни билган мусулмон фарз рўзани адо қилиш билан бирга нафл рўзаларни ҳам тутишга рағбат қилади. Қуйида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тутган нафл рўзаларни санаб ўтамиз:

1. Нафл рўзанинг энг афзали Довуд (алайҳиссалом) рўзасидир. У зот бир кун рўза тутиб, бир кун ифторлик қилганлар.

2. Рамазон ойидан кейинги афзал рўза тутиладиган ой муҳаррам ойидир. Хоссатан ўнинчи куни. Чунки, у кунги рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Унга тўққизинчи кунни қўшиб тутиш мустаҳабдир.

3. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Ким рамазон рўзасини тутиб, сўнг шавволдан олти кун рўзани унга эргаштирса, бир йил рўза тутган савобини олади”. Муслим ривояти.

Бу рўзанинг ҳайитдан кейин кетма кет бўлиши афзал. Кимнинг рамазон ойидаги рўзасидан қазоси бўлса, шаввол ойида аввал қазосини тутиб, кейин олти кунлик шаввол рўзасини тутади.

4. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш. Бу ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи кунлари бўлиши суннатга мувофиқ.

5. Душанба ва пайшанба кунларидаги рўза. Бу кунларда амаллар Аллоҳ ҳузурига кўтарилади.

6. Зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида рўза тутиш, хоссатан тўққизинчи-куни яъни арафа куни тутиш бир йил аввалги ва кейинги гуноҳларга каффорат бўлади.

7. Аллоҳ йўлида рўза тутиш.

Абу Саъид ал Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганларини эшитдим: “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини етмиш йил дўзахдан узоқ қилади”. (Муттафақун алайҳи).

8. Шаъбон ойининг аввалида кўпроқ рўза тутиш мустаҳабдир.

Жума куни мусулмонлар байрами бўлгани учун фақат жуманинг ўзини ёлғизлатиб, рўза тутиш макруҳ. Икки ҳайитда рўза тутиш ҳаром. Ҳаж қилган одам арафа куни рўза тутиши ҳам макруҳ. Аёл киши эрининг рухсатисиз нафл рўза тутиши жоиз эмас.


Киритилган вақти: 26/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3482
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/roza-ulug-ibodat
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 22:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг