Ростгўйлик эзгуликка бошлайди... ЁЛҒОН АҚЛ ЎҒРИСИДИР...
Инсон болалигидан тил воситасида атрофдаги оламга мурожаат қила бошлайди. Яхши-ёмонни ажрата бошлаган сари тили кўп нарсаларга сабаб бўлишини ҳам ҳис қилади. Гоҳида гапириш кераклигини, гоҳида гапириш ўзига офат келтиришини билади.
Халқимизда тил хусусида жуда кўплаб ҳикматлар, мақоллар айтилгани тил хусусида жуда эътиборли бўлиш лозимлигини билдиради. "Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма", "Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир", "Аввал ўйла, кейин сўйла" каби халқ мақоллари бежизга айтилмаган.
Динимизда ҳам тилга катта эътибор берилган. Ҳатто охират куни энг пушаймон бўладиганларнинг аксари тиллари сабабли қилган амаллари бўлиши оят ва ҳадисларда келтирилган. Ҳикматларда "Мўминнинг тили қалби орқасидадир", деб айтилади. Чунки, мўмин инсон аввал ўйлаб, кейин сўзлайди. Акс ҳолда ўз гарданига оғир гуноҳларни ортиб олишини, инсонлар орасидан оқибат, ишонч кўтарилишига сабабчи бўлиб қолишини билади.
Дарҳақиқат, ёлғончилик муқаддас динимизда қораланадиган кабира гуноҳлардан биридир. Ёлғони билан танилган кишилар ҳеч бир жамиятда қадр топмаган. Ҳақиқатдан ҳам, бор нарсанинг тескариси хабарини олиб келишлик – бу ёлғончиликдир.
Бир куни саҳобалар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: "Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?". Пайғамбаримиз: "Ҳа, бўлиши мумкин", дедилар. Яна улар: "Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?". Пайғамбаримиз: "Ҳа, қўрқоқ ҳам бўлади", дедилар. Саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам ёлғончи бўладими?". Пайғамбар алайҳиссалом: "Йўқ", деб жавоб бердилар. Аслида бахиллик билан қўрқоқлик битта бўлганида ҳам, гуноҳи ёлғончиники каби бўлмайди.
Наҳл сурасининг 105-оятида шундай деб хабар берилади: "Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар".
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин киши хиёнат, ёлғончиликдан бошқа барча хислатларга тобеъ бўлади", деганлар. Мазкур ҳадиси шарифни уламоларимиз қуйидагича таҳлил қиладилар: "Мўмин кишида хиёнаткорлик ҳамда ёлғончилик хусусиятларининг мавжуд бўлишлиги унинг мўминлик табиатига хилоф ишдир, мусулмон киши бундай хулққа эга бўлмайди. Шундай бўлса-да мазкур салбий хусусиятлар инсон табиатига хилоф эмасдир, инсоний хилқатда бу каби иллатлар учраб туради.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мунофиқлик белгиси учта: ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилишдир". Аллоҳ наздида энг яхши гап - рост гапдир. Демак, гапларнинг энг ёмони – бу ёлғончиликдир. Ҳаттоки, ёлғонни ҳазил билан ҳам, жиддий ҳам гапириб бўлмайди.
Ростгўйлик эзгуликка бошлайди, эзгулик эса жаннатга. Ёлғончилик бузуқликка бошлайди, бузуқлик эса жаҳаннамга. Ростгўй одамга яхши баҳо, ёлғончи одамга эса ёмон баҳо берадилар. Ростгўй одам чин сўзи билан бориб-бориб Аллоҳ ҳузурида сиддиқ яъни, содиқ деб ёзиб қўйилади. Ёлғончи эса бориб-бориб Аллоҳнинг ҳузурида каззоб яъни ёлғончи деб ёзиб қўйилади.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш Ислом динида қатъий қораланади. Қуръони Каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор. Ёлғоннинг жамиятга ҳам, шахсга ҳам зарари шунчалар кўпки, буларни санаб тугатиш қийин. Ёлғон уни гапирган одамни кўпчилик орасида шармандаи шармисор қилади, гапининг субути қолмайди, ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир. Ёлғон ақл ўғрисидир, ёлғон кишининг дин ва диёнатини бузади.
Дилмурод Бектамишов - Нарпай туман бош имом хатиби
Киритилган вақти: 03/12/2019 14:28; Кўрилганлиги: 1393
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:22