Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Рамазони шариф муборак!

 
 

Муборак рамазон ойи биз бандалар учун кўплаб яхшилик ва барокотлар келтирадиган ой, мўътабар меҳмонки, ташрифини шавқу хурсандчиликлар билан кутиб олиб, кетишида ғам ва маҳзунлик билан видолашамиз. Бу азиз меҳмон нафс тарбиясида муаллимдир. Унинг билан имон қувватланади, хулқ -атворлар тарбияланади, кишидаги ҳиммат ошади, тақво зиёда бўлади. Зеро Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг муборак каломида шундай деб марҳамат қилган:

Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз” (Бақара сураси, 183-184 оятлар).

Ушбу ояти карималар билан Аллоҳ таоло рўзадан кўзланган асосий мақсад, рўза тақво йўлларидан биттаси эканини баён этиб қўймоқда. Демак, рўза тутган кишининг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар кимда ким рўза тутсаю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавою нафснинг ноўрин талабларини йўлга солишга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутилиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (кўп яхшиликлардан) маҳрум бўлибди”. (Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар).

Рўза нақадар улкан ибодат, унинг қадри улуғдир. Рўзани фақат Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш зарур. Рўза учун бериладиган савоб даражаси қуйидаги ҳадиси шарифда баён қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар”. Бешовлари ва Аҳмад ривоят қилган. У киши “ва қолганлари ҳам”ни зиёда қилган.

Банданинг ўтгану қолган гуноҳларининг мағфират қилиниши Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга эса, банда Рамазон рўзасини тутибгина эришиши мумкин.

Дарҳақиқат, рамазон мўминларнинг қалбининг баҳори, солиҳлар учун чироқ, тақводорлар учун ҳамсуҳбат бўлиб, кундузлари рўза, кечалари ибодат билан қоим, шиори Қуръон, либоси яхшилик, садақа ва хайр эҳсондир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Энг афзал садақа Рамазондаги садақадир”, “Рамазон ойида нафақа қилишдан хурсанд бўлинглар. Чунки у ойдаги нафақа худди Аллоҳ йўлида инфоқ қилган кабидир”, деб айтганлар.

Қолаверса, бу улуғ ойда ҳар бир қилинган амал учун 70 тадан 700 тагача савобга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида ҳадиси шарифларда марҳамат қилинган.

Рамазони шариф – тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат экан, бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак. Ушбу дамлардан самарали фойдаланиб, кўпроқ ибодат ва савобли амалларни бажаришга, атрофимиздаги инсонларга манфаат етказишга шошилайлик.


Киритилган вақти: 19/05/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1900
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ramazoni-sharif-muborak
Чоп этилган вақт: 19/05/2024 03:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг