Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

РАМАЗОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИДАН БЕНАСИБ ҚОЛМАЙЛИК

 
 

Яратган парвардигорга бехисоб шукурлар бўлсинки,диний қадриятларимиз асосларидан бири хисобланган, барча ойларнинг ичида энг фазилатлиси бўлган Рамазон ойи кириб келди. Одатдагидек, бу йил хам мухтарам юртбошимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш” тўғрисидаги қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Қарор хар бир кишини Рамазон ойига бефарқ бўлмасликка, унинг фазилатларидан унумли фойдаланишга чорлайди. Қарорни ўқиган одамда ҳаётга дахлдорлик ва масъулият ҳисси пайдо бўлади. Унда жумладан Рамазон ойини карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида оила даврасида ўтказилиши учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган барча чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланган.

Азалдан халқимиз қон-қонига сингиб кетган ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, саховат ва шукроналик каби хислатлар Рамазон ойининг алоҳида безаги ҳисобланади.

Ота боболаримиз қўним топган қабристонлар, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгохларини ободонлаштириш, уларни руҳларини ёд этиш айни савобли ишлардандир. Дархақиқат, Рамазон ойи Қуръон Карим оятларида ва пайғамбаримиз (а.с.) хадисларида жуда кўп мақталган ойдир. Бу ойда Қадр кечаси бўлиб, бу кечада дастлаб Қуръон нозил бўлган. Қуръон Каримда Қадр кечасининг минг ойдан афзаллиги айтилган. Хадис шарифда айтиладики, “Эй инсонлар буюк ва муборак ой яқин келди. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой кўмак ва ёрдам ойидир.”

 Бу ойда муҳтожларга хайр саховат кўрсатган , яхши гапи билан бўлсада бировни қалбига хурсандчилик улашган одамга бошқа ойлардагидан етмиш баробар зиёда савоб булади. Бу ойда жанжаллашиш, биров билан аразлашиб юриш, бошқани қалбини оғритиш оғир гунох саналади. Аксинча, кимки аразлашган бўлса бу ойда албатта ярашиб олишлари керак. Оллоҳ кечирувчидир, кечирувчи бандасини яхши кўради.

Рўза тутишнинг инсон саломатлигига, инсон умрининг узайишига сабаб бўлишини замонавий тиббиёт хам тасдиқлаши хеч кимга сир эмас. Шу билан бирга, Оллоҳ таоло бандаларига хеч қачон қийинчиликни раво кўрмаган. Жумладан рўза тутишда хам бир канча кишиларга енгилликлар берилган, масалан, бемор кишилар саломатлигини тиклагандан кейин тутиши лозим, мусофирлар сафардан қайтганидан кейин тутади, эмизикли боласи бор, ёки хомиладор аёлларга фарзандини эмизишдан тўхтагандан кейин тутади. Ёши кексайиб рўза тутишга кучи етмайдиган кишилар ёки тузалмайдиган бемор кишилар мискинларга фидя бериш билан улардан рўза соқит бўлади.

Юртимизни ёмон кўзлардан доимо Алоҳнинг ўзи асрасин. Барча юртдошларимизга бу ойнинг баракотли бўлишини яратган Роббимиздан сўраймиз!

 Холмухаммад САЛИМОВ Ургут туман Манғитобод жомий масжиди имом хатиби.


Киритилган вақти: 22/04/2020 18:07;   Кўрилганлиги: 998
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ramazon-oyi-fazilatlaridan-benasib-qolmaylik
Чоп этилган вақт: 17/01/2025 16:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг