Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

 
 

Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу футуҳ билан ўтказишди. Бу ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришди. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни "Ийди-Фитр", яъни Рамазон ҳайити каби улкан шодиёна кун арафасида турибмиз.

Рамазон ҳайитини дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказадиган муборак айёмдир. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайити ва Қурбон байрамида хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак одоб-ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган:

“Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Барчага маълумки, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди.        

Қатъий карантин чораларини қўллаш билан мамлакатда касалликнинг қайд этилган ҳолатларига нисбатан ҳам, кунлик янги ҳолатлар ҳам паст даражада сақланиб турибди. Юртимиз ушбу офатдан ортиқча талафотларсиз чиқишга эришмоқда ва вазият барқарорлашгани сари карантин чоралари секин-аста юмшатилмоқда. Лекин, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Рамазон ҳайити намозига ҳам тегишлидир. Рамазон ҳайити кунлари эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли жума ва бошқа намозлар каби Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг иложи бўлмайди.

Юқоридаги баён этилганлардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намози адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Рамазон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини ҳаётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

 “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шаротида Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияни тақдим этади:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин яъни, қуёш чиққандан ярим соатдан сўнг 2020 йил 24 май соат 5:30 ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин! Бу кунни байрам қилиб, савобли амалларни кўплаб қилишни Яратганнинг ўзи насиб айласин! Юртимиз тинчлигини бардавом қилиб, хотиржамликда ибодат қилиб боришни барчаларимизга насиб этсин! Омин.

Зайниддин домла Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 22/05/2020 11:11;   Кўрилганлиги: 1495
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ramazon-hayitingiz-muborak-bolsin
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 00:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг