Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ҚУРБОНЛИК УЛКАН САВОБ

 
 

Халқимиз азалдан Қурбон ҳайитини Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида байрам сифатида нишонлаб келади. Ҳайит куни мўмин-мусулмонлар Ҳайит намози ўқиб, эҳсонлар қилади ва ота-она, ёру биродар, қариндош-уруғларни зиёрат қилади ҳамда қўни-қўшни, етим-есир, бева-бечора ва беморларнинг ҳолидан хабар олади. Бордию аразлашганлар бўлса Ҳайит куни бир-бирларидан узр сўраб, кунгилларни шод этади. Шунингдек, бу кунларда оталар фарзандларига сайил харжи берсалар, оналар эса қизларини ёнига олиб қўлларига хина қўйиб, кўзларига сурма суртади. Муқаддас динимизда бу ишларнинг барчаси ниҳоятда улкан хайрли ва савобли амаллардан саналиб, уларни бажаришга халқимиз алоҳида эътибор билан қарайди.

Ислом динида Қурбонлик молиявий ибодат бўлиб, унинг моҳияти Аллоҳга бандалик қилган ҳолда, унинг неъматлари учун шукрона этмоқ ва фидокорлик қилмоқдир. Қурбонлик луғатда “яқинлашмоқ” маъносини билдирса, шариатда Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳга маънавий яқинлашиш мақсадида ҳайвон (жонлиқ) сўйиб муҳтожларга тарқатиш тушунилади.

Аслида, бой – қарзи ва яшаётган уйи ва зарурий эҳтиёжидан ташқари закот нисобига етарли маблағга эга ва муқим бўлган (ўз элида доимий яшаётган) ҳар бир мусулмон кишига қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади.

Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: Эй одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили қурбонлик лозимдир”, деганларини эшитдим”, - деди. (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, бу амалнинг фазилати ҳақида бошқа ҳадисларда қурбонликнинг қони ерга оқиб улгурмасдан қурбонлик қилаётган кишининг гуноҳлари мағфират қилиниши ва қурбонлик қилинган ҳайвоннинг жунлари миқдорича савобланиши башорат қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Туринг ва бориб қурбонлигингизга гувоҳ бўлинг. Унинг қонини биринчи томчиси томиши билан сизнинг ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинур”, дедилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу (қурбонликнинг қонини биринчи томчиси томиши билан гуноҳларни мағфират қилиниши) биз – аҳли байт (пайғамбар оиласи)га хосми ёки биз ва мусулмонларга умумийми?”, - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Барча мусулмонларга умумийдир”, дедилар.

Улуғларимиз қурбонлик қилишнинг фазилати ва савоби нақадар улуғ эканлиги сабабли бой бўлмаган киши ҳам бир қўйни сўйишга қодир бўлса, қурбонлик қилса яхши бўлади, деб айтишган.

Қурбонлик учун сўйишга ярайдигна жонлиқлар: беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, олти ойликдан ошган қўй ва бир ёшли эчки. Қурбонлик учун сўйишга ярамайдиган жонлиқларни: хўроз, товуқ, кўрка ва ғоз каби уй паррандалари ҳамда гўшти ейиладиган ёввойи ҳайвонлар.

Қўй ва эчкини бир киши, туя ва қорамолни эса бир кишидан етти кишигача бирлашиб, барчаси қурбонлик нияти билан сўйса бўлади. Қурбонлик қилинган ҳайвон гўшти, ёғи, териси ва бошқа нарсалари сотилмайди. Уларни ихтиёрий равишда бировларга бериш ёки оиласи учун ишлатиш мумкин. Агар териси сотилса, пули садақа қилинади.

Қурбонлик учун танланган жонлиқ ўта озғин, сўйиш жойигача юриб бора олмайдиган ҳолдаги чўлоқ, кўзи кўр, қулоғи, шохи ёки думининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесиб ташланган бўлса қурбонликка ярамайди. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас - ғилайлиги, беморлиги, чўлоқлиги очиқ-ойдин бўлган ҳайвон ва мияси аланиб қолган ҳайвон” - деб марҳамат қилганлар.

Қурбон ҳайити куни ҳайит намози ўқиб бўлингандан сўнг қурбонлик сўйиш бошланади. Чунки, Аллоҳ таоло “Кавсар” сурасининг 2-оятида шундай марҳамат қилади:

“Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй”.

Оятда аввал ҳайит номозини ўқишга буюрилиб, сўнг қурбонлик қилишга амр қилинмоқда.

Шунингдек, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба айтиб туриб: “Албатта, бугун (ҳайит куни) биринчи бўлиб қиладиган ишимиз — намоз ўқимоқ, кейин эрса, бориб қурбонлик қилмоқдир. Кимки шундай қилса, бизнинг суннатимизни бажо келтирибди!” – деганлар”.

Қурбонликни уч кун ичида яъни ҳайит намози ўқиб бўлингандан бошлаб то ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботгунга қадар сўйиш мумкин. Бироқ, қурбонликни ҳайитнинг биринчи куни сўйган афзалдир. Жонлиқни сўйиш қўлидан келса, қурбонлик қилаётган кишининг ўзи сўяди. Қўлидан келмаса, биладиган кишига сўйдиради ва ўзи ёнида қурбонлик қилинаётган ҳайвонга қўлини текизиб қурбонлигини қабул бўлишини сўраб дуо қилиб туради. Сўйган кишига хизмат ҳақи сифатида қурбонлик гўштидан (териси ва бош­қа нарсаларидан) бериш жоиз эмас. Унга пул бериб, рози қилинади.

Қурбонлик гўштининг учга бўлиб, бир қисмини кам таъминланган муҳтожларга тарқатиш, бир қисмини келган мехмонларга пишириб бериш ва яна бир қисмини кейинчалик ейиш учун олиб қолиш мустаҳабдир. Агар қурбонлик қилувчи серфарзанд бўлса, тарқатиш ўрнига ҳаммасини оиласи эҳтиёжи учун қолдирса ҳам бўлади.

Қурбонлик диний ибодат бўлишидан ташқари, айни вақтда унинг ахлоқий ва иқтисодий аҳамияти ҳам жуда катта. Қубонлик гўштининг бир қисмини моддий имконияти ночор оилаларга, етим-есирларга берилса уларнинг ҳам қозони қайнаб, уларга хурсандлик улашишлик билан бирга улкан ажр-савобга ҳам эга бўлади. Муҳими, бу хайрли иш жамиятдаги ижтимоий ёрдам ва бирдамликнинг гўзал намуналаридан бири ҳисобланади.


Киритилган вақти: 24/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 4049
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/qurbonlik--ulkan-savob
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 23:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг