Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ҚЎРҚИНЧЛИ ХАБАРЛАР

 
 

Телефон энди оммалашаётган пайтлар бир видео кўргандим. Очиғи, ваҳшийлик мавзуси бўлган фильмларни томоша қилганман, аммо бу даражада таъсирланмагандим. Ўша видеода бир ниқобли одам "асир"ни шафқатсизларча қатл этади(!)

Хўш, кейин нима бўлди, нима ўзгарди?

Бир ҳафта томоғимдан овқат ўтмади. Тинмай бошим оғриб, кўнглим беҳузур бўлганди. Бундай ҳолат балки кўплаб инсонларда кузатилгандир. Кишида ўша жараёнда овқатдан беҳузур бўлиш, лоҳаслик, бош оғриғи қандай пайдо бўлади - бу ҳақда тиббиёт ходимлари яхши билишади, албатта.

Ўша видеони маълум вақт ўтгач, яна бир марта танишимнинг телефонида кўрдим. Аммо бу сафар аввалгидек таъсир қилмади. Кўниккандим, назаримда.

Савол туғилади. Хўш, мен энди ваҳшийликка ўргандимми? Бундай ахборотга одатландимми? Дийдам қотдими?

Табиийки, ваҳшийлик тарғиб қилинган видеоларни қайта-қайта кўраверсак, ҳаммамиз кўникамиз. Босим билан узвий тарқатилган ахборот инсонни ўз измига солиши шубҳасиз.

Бугун оммавий ахборот воситалари ҳамма нарсани кўрсатсин деяпмиз. Кўрсатяпти ҳам. Хусусан, содир этилган жиноятлар ҳақида хабарлар ҳар куни тарқаляпти. Булар бизни тарбиялаяптими? Бизда жиноятга қарши иммунитет шакллан­яптими?

Масалан, қуйидаги хабарларга эътибор қилинг:

24 ёшли аёл ўз бувисини ўлдириб, ҳовлига кўмиб ташлади…

Навоийда аёл эрини болта билан жароҳатлади, сўнг ўз жонига қасд қилди…

Паст Дарғомда нобакор она икки қизалоғини пичоқлаб ўлдирди ва ўз жонига қасд қилди…

Бекободдаги тўйхона олдида мактаб ўқувчиси мактабдошини пичоқлади…

Ангренда қотиллик: аёл турмуш ўртоғини пичоқлади…

Миллий таомлар кафесида пичоқбозлик: аёл эркакни пичоқлади…

Андижонда фуқаро МИБ ходимини пичоқлади…

Самарқандда йигит ўзидан 16 ёш катта аёлни зўрлади…

Бу маълумотлар бугун энг оммалашган веб-сайтлар орқали тарқатилган. Аммо бирортасида таҳлил, фожианинг нимаси фожиа экани қайд этилмаган. Шунчаки, жиноят содир этилгани ва одамни ваҳимага соладиган жиҳатларга эътибор қаратилган, холос. Бундай ахборотларни тарқатишдан фақатгина сайт кузатувчиларини кўпайтириш мақсад қилингани шундоққина кўриниб турибди. Буни бошқача изоҳлаб бўлмайди.

- Катта-катта меҳмонхоналар, савдо ва маиший объектларида эътибор қилсангиз, "Чиқиш" белгиси ёки ёзуви қайд этилган бўлади, - дейди Самарқанд давлат университети психология кафедраси мудири, доцент, психолог Мушарраф Салоҳиддинова. - Бу ишорага кўпроқ дун­ёнинг ривожланган давлатларида эътибор қилишади. Қизиғи шундаки, айнан шу ёзув ҳам инсон онгига ижобий таъсир қилар экан. Ҳар қандай вазиятда ташқарига йўл борлиги, ёруғликка чиқиш имкони онг остига жойлашар экан. Онг остида кузатиладиган жараёнлар инсоннинг ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутишини унутмайлик.

Таъбир жоиз бўлса, биз кўрган ва эшитганларимиз билан бошқариламиз. Ҳақиқатан ҳам сўнгги пайтларда бугун содир этилган жиноят эртаси куни бор воқелиги билан, ваҳшийлик акс этган "саҳналари" билан тарқатилмоқда. Аммо бундай ахборотларда таҳлил йўқ, жиноят содир этилганидан пушаймонлик ҳиси сезилмайди. Жазо муқаррарлиги оддийгина гап билан изоҳланади. Натижада биз фикрламаймиз, номига кўз югуртириб ўтишга одатланамиз. Муаммо шундаки, бу ҳолат тезкорлик билан ижтимоий меъёрга айланиб боряпти.

Яна бир ташвишли ҳолат. Биз ўқувчи сифатида аллақачон олди-қочди ахборотни ўқишга ўрганиб қолдикми, деган ҳадик бор. Чунки қайсидир соҳанинг чуқур таҳлилидан кўра, бир актрисанинг кинога қайтганию қандайдир ғайриижтимоий жиноят тафсилотини икки-уч баробар эмас, ўн марта, юз марталаб кўпроқ ўқияпмиз. Афсуски, бу ҳам кўпчилигимизнинг онгимиз аллақачон зарарланганини англатади.

Достоевскийнинг "Жиноят ва жазо" романи кўпчиликка таниш. Асарда жиноят нима эканлиги, инсоннинг қўлга қурол олиш жараёни оддий кечмаслиги чуқур таҳлил қилинган. Жиноят содир этилгандан кейинги ҳолат, руҳий азобнинг ўзи инсонни тарбиялайди. Жиноятчи эркинликдан, қутулиб қолишдан кўра, жазо олишни афзал билиб қолади. Ва шундай бўлади ҳам.

Тўғри, ҳамма ҳам Достоевский эмас. Аммо "фалончини ўлдирди, пичоқлади, зўрлади", де­йишдан аввал тарқатаётган ахборотимизни ким ўқийди, қандай хулоса қилади ва мен бу билан нимага эришаман, деб ўзимизга савол берайлик.

Манба: "zarnews.uz"


Киритилган вақти: 08/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2045
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/qorqinchli-xabarlar
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 15:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг