Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Қазо афзалми ёки нафлми?

 
 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالإنْسَ إِلا لِيَعْبُدُونِ (٥٦) “Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим”, деб марҳамат қилган (Зариат сурасининг 56-ояти). Ушбу оятнинг мазмунидан инсоннинг яратилишидан асл мақсад Раббисига ибодат қилиш экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Демак, инсоннинг энг биринчи вазифаси ибодат қилиш экан. Шунинг учун ибодатларнинг қонун-қоидаларини яхши билиш ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир.

Бир кунда беш вақт намоз ўқиш фарз эканини ҳаммамиз биламиз. Бирор сабабдан ана шу фарзлар ўз вақтидан кечикса, унинг қазосини ўқиш вожиб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида намозга эътибор жуда катта бўлган. Шунинг учун имон келтириб, Исломни қабул қилган одам, албатта, намозларни ўз вақтида адо этишга қатъий амал қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини беш вақт намозлардан ташқари нафл ибодатларга ҳам тарғиб этиб, уларнинг фазилатлари ва савоблари ҳақида сўзлаб берганлар. Қазо намозлар ҳақида нафлларга айтилганчалик кўп гаплар айтилмаган. Чунки у замонларда намозни қазо қилиш ҳолатлари камдан-кам бўлган.

Собиқ иттифоқ ҳукумати худосизлик ғоясини илгари суриб, намоз ўқиш, рўза тутиш каби ибодатларга ошкора қаршилик қилди. Мусулмонлар ҳаттоки, мусулмонман, дейишга ҳам қўрқиб қолдилар. Шу тариқа одамларни диндан узоқлаштириб юборди. Етмиш йил давом этган бу давр халқимиз ҳаётида жуда катта салбий таъсирини кўрсатди.

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд ва шукрлар бўлсинки, юртимизга мустақиллик неъматини ато этиб, халқимизни бу балодан қутқарди. Эркимиз ўз қўлимизга ўтди, ибодатларимизни эмин-эркин бажаришга, динимизни чуқур ўрганишга имкониятлар очилди. Шундай қилиб, халқимиз яна ибодатга, намозга қайтди.

Етмиш йиллик собиқ иттифоқ даврининг таъсири ва бошқа сабаблар туфайли кўпчиликда бир неча йиллик қазолар мавжуд. Мазкур қазоларни бажариш ҳар бир мусулмоннинг бўйнидаги қарзидир. Мана шундай қазо намозлари бўлган инсонлар нафл намоз ва нафл рўзадан кўра қазо намоз ва қазо рўзаларни адо қилмоқликлари лозимдир. Чунки, қазо – вожиб, нафл эса ихтиёрий амал. Бўйнида қазолари бўла туриб нафл ибодатларни қиладиганлар гўёки бўйнида қарзи бўла туриб, қарзини узиш ўрнига, садақа қилган кишига ўхшайди.

“Фатовои ҳиндия” китобида “фарз намозлари ўз вақтидан кечикса, унинг қазосини ўқиш лозимдир. У қасддан, унутиб ёки бирор бир сабаб билан кечикканининг фарқи йўқ. Шунингдек, қолдирилган намоз битта бўлса ҳам бир нечта бўлса ҳам қазосини ўқиш шарт”, дейилган.

Шунинг учун нафлга ажратадиган вақтимизда қазо намозларни адо қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш суннат амаллардандир. Қазо рўзаси борлар мана шу кунларда қазо рўзага ният қилсалар, Аллоҳ таолонинг хазинаси чексиз – ҳам қазо учун, ҳам суннат учун савоб беришга қодир.

Худди шу каби қазо намози бўлганлар ҳам нафл намозлар учун ажратадиган вақтларини қазо учун ажратсалар, ҳам савоби кўп бўлади, ҳам бўйнидаги қарздан қутилади. Зеро, вожибга бериладиган ажр нафлга бериладиган ажрдан кўп бўлади. Қолаверса, қазоларга жиддий эътиборда бўлиш ҳам тавбанинг, истиғфорнинг, гуноҳларга пушаймонликнинг белгисидир.

Аллоҳ таоло ибодатларни ўз вақтида адо қилиш бахтини барчамизга насиб этсин. Зиммаларида қазолари бўлганларга қазоларни бажаришда Ўзи куч-қувват берсин!

манба: muslim.uz


Киритилган вақти: 01/08/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2985
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/qazo-afzalmi-yoki-naflmi
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 21:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг