Қариндошлик ҳақларидан бохабармисиз?
Гўзал дийнимиз таълимотларидан бири қариндош-уруғларга мурруват қилиш бўлиб, сийлаи раҳмни мустаҳкам йўлга қўйган мусулмонларга катта ажр-мукофот борлиги, ризқи кенг, умри узоқ бўлиб, ҳаёти тинч ва баракали бўлиши тўғрисида оят, ҳадис ва ривоятлар бор.
Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (ҳайр эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг”, дея буюрган (Исро сураси, 26-оят).
Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида “Ким ризқи кенг, умри узун бўлишини яхши кўрса, қариндошлари билан борди-келди қилсин”, деганлар.
Бир ривоятда шундай ёзилган экан: Олимнинг олдига бир йигит келиб:
- Тақсир, охирги вақтларда ишим ўнгидан келмаяпти, илгари вақтда тижоратим омадли, баракали бўлиб, ходимларим ҳам жуда кўп эди. Ҳозир зўрға ишим юришяпти, ишчиларимни ҳам камайтирдим. Унинг устига саломатлигим ва кайфиятим ҳам жойида эмас, деди. Олим унга:
- Илгари ишлайдиган ишчиларингиз кимлар эди, деб сўради. Йигит:
- Ҳаммаси ўзимнинг яқинларим, қариндошларим бўлиб, бозор қилсам бирданига ҳаммаларига қилар эдим, туҳфа олсам ҳаммага баробар олардим. Кейин бир ҳолат бўлди-ю, бир кишининг гапига кириб уларга жавоб бериб юбордим, деб жавоб қилди. Олим:
- Хато килибсиз, йигит. Шу қариндошларингиз туфайли сизга Аллоҳ таоло ризқингизни зиёда қилиб, ҳаловат бераётган экан ва қариндошларингиз сизга келаётган озорларни девор бўлиб қайтариб турган экан. Иложи бўлса узр сўраб, уларни қайтариб ишга олинг, деб насиҳат килибди.
Қариндошлик риштасини узган инсонларга Аллоҳнинг лаънати ва азоби борлиги тўғрисида ҳадиси шарифларда кўплаб ривоятлар бор.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди”, дедилар.
Кишиларнинг замонасига яраша муаммо-камчиликлари борки, адо қилиш учун қурбатлари етмайди. Шунинг учун ҳам қариндошларидан умидвор бўлишади. Аллоҳ таоло кимга бу ҳаёти дунёда молу-дунёни кўп қилиб берган бўлса бир тафаккур қилиши керак-ки, балким бу Аллоҳ таоло берган молу давлатида қариндошларининг ҳам ризқу насибасини қўшиб бергандир? Шундай бўлгач, ўзининг яқин қариндошлари ҳолидан хабар олиб, агар уларнинг аҳволлари ёрдамга муҳтож бўлса, уларга ёрдам бериши керак бўлади. Мабодо қариндошининг аҳволи оғир бўлса-ю, ундан хабардор бўлган ҳолида имконияти бўлатуриб ёрдам бермаган бўлса унда сийлаи раҳм ришталарини узибди.
Қариндошимиз бойми, қамбағалми, амалдорми оддий ишчими, обрўлими ёки ҳеч ким танимайдиганми, зиёлими ёки ўқимаганми фарқи йўқ, қариндош бўлиб қолаверади. Ҳар бир инсоннинг бурчи қариндошлари билан хурсандчилик ва мусибат кунларида доимо ҳамжиҳат бўлиб сийлаи раҳм қилишидир.
Хурсандчилигу-мусибатда, яхшию-ёмон кунларда саҳийлик қилиб, қариндошимизнинг ёнида турсак, қўлимиздан келгунича ёрдам берсак қариндошлик ришталарини қаттиқ боғлаган бўламиз, қилган ишимиздан аввало ўзимиз хурсанд бўлиб, Аллоҳ таолонинг ваъда қилган яхшиликларига сазовор бўламиз.
Киритилган вақти: 22/03/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2991
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 14:10