ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ-МАЪНАВИЯТ ТАЯНЧИ
Халқимиз томонидан нишонланадиган кўплаб анъанавий байрамлар бор. Улардан бири, Хотира ва қадрлаш кунидир. Бу сананинг ўз мазмун- моҳияти ва аҳамяти бор. Зеро, бу кун ўтмишдаги барча аждодларимизга ва ўз ҳаётини Ватанимиз озодлиги ва халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлида фидо қилиб, бугунги ёруғ кунларимизни кўрмай ўтиб кетган барча фидойи юрдошларимизнинг ўчмас хотираларига бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Шунингдек, ҳозирда биз билан ҳамнафас бўлиб яшаётган, ёши улуғ отахон ва онахонларнинг қадрига етиб, уларнинг насиҳат ва дуоларини олиш маънолари бор. Ҳозирги ёш авлод уларнинг панду- насиҳатларига жуда ҳам муҳтождир.
Ислом дини инсон наслини мукаррам санайди. Инсон азиз ва мукаррам экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам, ҳаётлари ҳам, марҳумлари ҳам баравар бирдай қадр-қимматга эгадир. Бу ҳақда Оллоҳ таоло Қурьони каримда шундай марҳамат қилади:
“Дархақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик хамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”, (Исро сураси 70- оят).
Шунинг учун ўзимиздан аввал дунёдан ўтиб кетган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш ҳам бурчимиздир. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Қуръон каримда айтилганки: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва рахимли зотсан!” (Хашр сураси 10- оят). Ҳадиси шарифда эса:“Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” (Термизий ривояти), дейилган. Исломнинг аввалида Пайғамбаримиз а.с. одамларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар. Мусулмонлар Ислом маърифатига эга бўлганларидан кейин Пайғамбаримиз а.с. бунга рухсат бериб, айтдиларки: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади.” (Термизий ривояти).
Қабристонларни обод қилиш, марҳумларнинг ҳурматини жойига қўйишдек юксак қадриятимизга мустақиллик қайта ҳаёт бағишлади. Одатдагидек, бу йил ҳам, халқимиз томонидан эрта баҳордан хайрия ҳашарлари ташкил этилиб, барча қабристон ва зиёратгоҳларда баҳорги тозалик ва ободончилик ишлари олиб борилди. Гул-у райҳонлар ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ўтган аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни қадрлаш. Уни авайлаб асраб, келажак авлодга етказиш бугунги кишилар зиммасига катта масъулият юклайди. Қолаверса, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, кекса авлод вакилларининг панду насиҳатларига, хайрли дуо ва тилакларига, бугунги ўта глобаллашув даврда ўсиб келаётган ҳозирги ёш авлод жуда ҳам муҳтождирлар. Ҳадисда айтиладики: “Раҳм қилингизлар, раҳм қилинасизлар”. Диёримиз истиқлолга эришган дастлабки кунларданоқ ҳукуматимиз томонидан кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга алоҳида ғамхўрликлар кўрсатила бошланди. Бугунги тинчлик ва фаровонлашиб бораётган ҳаётимизга ана ўшалар сабабчидирлар. Чунки, Пайғамбаримиз а.с. ўз ҳадисларида айтганларки: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди” (Байҳақий ривояти).
Халқимиз азалдан бу дунёни “қайтар дунё” деб бежизга айтмаган. Бу ҳақда ҳадис шарифда бундай дейилади: “Ота-оналарингизга меҳрибон бўлингизлар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр мурувват кўрасизлар” (Табароний ривояти). Ҳақиқатан ҳам, ота-оналарини дуоларини олиб, униб-ўсганларни кўп кўрганмиз. Аксинча уларни норози қилганларнинг косаси оқармаганига ҳам кўп бор кувоҳ бўлганмиз.
Ўтганларни хотирлаб, ҳамиша уларни шод этадиган амалларни қилишимизни, ота-оналаримизни эъзозлаб, дуоларини олишимизни, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишимизни сўраб, Аллоҳ таолога дуои хайрлар қилиб қоламиз.
Киритилган вақти: 07/05/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3315
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 13:30