Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одоб ахлоқлари

 
 

Бизларни пайғамбарларнинг охиргиси бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду-санолар бўлсин.

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одоб-ахлоқлари ҳақида сўз кетар экан албатта, у зотда барча мўмин – мусулмонлар учун гўзал ўрнак бор. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.”

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг энг охиргиси ва мукаммали бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари нафақат мусулмонлар учун балки, барча инсоният учун ўрнак эканлигига заррача ҳам шубҳа йўқ.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг каттами-кичикми, бойми-камбағалми ажратмасдилар, учраган одамга биринчи бўлиб салом берар эдилар. Ҳатто ёш болаларга ҳам олдин салом берардилар. Саломни жамиятнинг жипслигини таъминловчи омил, ўзаро меҳр-оқибат деб уқтирардилар ва бу нарсада ўзлари гўзал ўрнак кўрсатардилар.

У зот фақирларни ва мискинларни яхши кўрар, улар билан бирга ўтирар, касалларини кўргани борар, жанозаларига қатнашар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақир-мискин, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиб ва саҳобаларни ҳам шунга буюрар эдилар. Бева-бечоралар ва мискинлар билан бирга юриб, уларнинг ҳожатларини чиқаришда ёрдам берардилар. Аммо одамлар орасида шундай кишилар борки йўқсил, ночор одамлар билан бирга ўтириб, бирга юриш у ёқда турсин, улар билан кўришишни ўзига ор деб билади. Лекин охирги замон пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қул-чўрилар, йўқсил одамлар билан бирга ўтириб, бирга юрар ҳамда уларнинг оғирини енгил қилардилар.

Бирорта чўри кампир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлидан ушлаб Мадинада хоҳлаган жойига бошлаб бориб, илтимосини битириши мумкин эди. У зот алайҳиссалом бундан асло бош тортмас эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу ишлари ҳақида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ақлида ноқислиги бор бир аёл: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизда ҳожатим бор” деди. У зот: “Эй Умму Фалон, қайси кўчадан юрасан? Сенинг ҳожатингни равон қилай” дедилар. Сўнгра у ҳожатидан фориғ бўлгунча кўчаларнинг бирида у билан бирга кетдилар.” Муслим ривояти.

Ҳадиснинг шарҳи қуйидагича: Хабарларда келишича ўша аёлнинг исми Умму Зуфар бўлиб, Хадижа онамизнинг сочларини тараб қўядиган аёл бўлган. Бир оз ақли заифроқ бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бир эҳтиёжи борлигини айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг кўнглига қараб, у юрадиган кўчага бурилиб, унинг арзини эшитиб кетаверибдилар.

Шунингдек маҳбуб Пайғамбаримиз алайҳиссалом чиройли хулқ эгаси бўлганлар. У зотнинг хулқларини таърифлашга инсон тили ожизлик қилади. Бу борада Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай хитоб қилади: “Ва албатта сиз улуғ хулқдасиз” (Қалам сураси 4-оят). Аллоҳ таоло бу ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқларини улуғлик билан сифатлаб нақадар чиройли хулқ эгаси эканликларини таъкидламоқда. Мана шу оят тафсирини шарҳлаб имом Аҳмад ибн Ҳанбал шундай ривоят қилади: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон ўч олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ учун ўч олганлар”, деган. Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одоб-ахлоқлари оддий одоб-ахлоқ эмас, улуғ одоб-ахлоқдир. Одамлар Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан у зотнинг хулқлари ҳақида сўрашганда, “Хулқлари Қуръон эди” деб жавоб берган. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқларни ва барча яхши одоб-ахлоқларни ўзларида мужассам қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари “Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман” деганлар.

Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар у зотнинг ҳар бир сўзу-амалларини, ҳаракату-ҳолатларини диққат билан кузатиб, ўрганиб борганлар ва ўзлари ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга эргашганлар. Саҳобаи киромлар кейинги авлодларга ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини етказганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тегишли бўлган маълумотларни ўрганган ҳар бир инсофли ва ақлли киши у зотнинг барча оламларга раҳмат этиб юборилганларини тушунади.

Ҳатто душманлар ичидан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганиб, Исломга кирган ва у зотнинг сийратларини инсоф билан тўғри ёритган ва ниҳоят, у зотни “Инсоният тарихида энг кўп манфаат келтирган шахс” дея таъкидлаганлар ҳам борлиги айни ҳақиқат.

Инсониятни икки дунё саодатига эриштирувчи таълимотларни олиб келган, бутун оламга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, у зотнинг гўзал ҳулқларига ва таълимотларига бутун олам қанчалик муҳтож эканлигини асримизнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу ўзининг “Агар Муҳаммад Пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилиб қўйган бўлар эди”, деган сўзлари билан ифодалаган эди.

Айнан бугунги кунда одамлар орасида авж олаётган келишмовчиликлар, ихтилофлар, зиддиятлар ва бошқа барча иллатлардан қутулишнинг ягона чораси бор. Бу чора эса Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишлик ва у зотга эргашишлик биландир.

Парвардигоро, Ўзинг барчаларимизни ҳидоятингда собит қадам қил ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муносиб уммат қилиб, у зотнинг сийратларини ўрганиб, у зотга эргашишни муяссар қил ва шафоатларини насиб қил.


Киритилган вақти: 19/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2918
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/paygambarimiz-alayhissalomning-odob-axloqlari
Чоп этилган вақт: 02/12/2024 15:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг