Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ўзини ўлдирган кишига тегишли ҳукмлар

 
 

Ҳаёт-Аллоҳ таолонинг ҳадясидир. Шунинг учун У Ўзи хохлаган пайтда бу ҳадядан маҳрум қилиши ёки агар хохласа бу ҳадя ато этилган инсонга синовлару-машаққатлар юклаши мумкин. Маълумки бу дунё қийинчилик ҳамда синовлар диёридир. Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига тоқати етадиган мусибат беради. Банда эса бу мусибатга гўзал сабр қила олиши керак. Аммо афсуски унга берилган ҳаёт неъматини қадрламай ўз жонига қасд қилаётганлар ҳам талайгина. Энг ачинарлиси бундайларнинг сони кундан-кунга ўсиб боряпти. Бутун Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг хабар беришича: дунёда ҳар 40 сонияда бир киши ўз жонига қасд қилади ва 15-29 ёшли йигит-қизларнинг ўлими сабаблари ичида ўз -ўзини ўлдириш иккинчи ўринда туради. Бизни бунданда кўпроқ ташвишга солаётган нарса бу мудҳиш ҳодисалар мусулмонлар оммаси ичида ҳам содир бўлаётганидир.

Ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлигида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. У қандай йўл билан амалга оширилмасин гуноҳи кабиралардан саналади. Қуйидаги ҳадислар ўзини ўлдириш оғир гуноҳлигига ва унинг иқоби (жазоси) Аллоҳ таоло ҳузурида қаттиқ эканлигига далолат қилади.

عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ حَلَفَ بِمِلَّةٍ غَيْرِ الْإِسْلَامِ كَاذِبًا مُتَعَمِّدًا فَهُوَ كَمَا قَالَ وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ عُذِّبَ بِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ

Собит ибн Заҳҳок разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким Исломдан бошқа миллат билан ёлғондан атайлаб қасам ичса, у айтганидек бўлади. Ким ўзини ўткир нарса билан ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади”-дедиларю. (Саҳиҳи Бухорий)

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ يَتَرَدَّى فِيهِ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَحَسَّى سُمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَسُمُّهُ فِي يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ فِي يَدِهِ يَجَأُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким тоғдан ўзини ташлаб ўлса, у жаҳаннам оловидадир. Унда абадул-абад ўзини ташлайди. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, заҳари қўлида бўлиб, абадул-абад жаҳаннам оловида уни ичади. Ким ўзини ўткир нарса билан ўлдирса, жаҳаннамда абадул-абад ўша ўткир нарсаси қўлида бўлиб, у билан ўз қорнини тешади”-дедилар. (Саҳиҳи Бухорий)

عَنْ جُنْدَبُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ رَجُلٌ بِهِ جُرْحٌ فَجَزِعَ فَأَخَذَ سِكِّينًا فَحَزَّ بِهَا يَدَهُ فَمَا رَقَأَ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ قَالَ اللَّهُ تَعَالَى بَادَرَنِي عَبْدِي بِنَفْسِهِ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ

Жундуб ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Сизлардан олдинги (Бани Исроил) ичида бир киши бор эди. Унинг жароҳати бўлиб, жароҳат унга азият берди. Сўнгра пичоқни олдида, пичоқ билан қўлини кесди. Қон тўхтамай оқди ва ҳалиги киши вафот этди. Аллоҳ таоло “бандам ўз ўлимига шошилди, мен унга жаннатни ҳаром қилдим”-деб айтди-дедилар”. (Саҳиҳи Бухорий)

Бу ҳадис Мусо Шоҳин Лошиннинг “Ал-манҳал ҳадис” асарида шундай шарҳланган: ўзини ўлдириш инсон ўзига нисбатан қилган энг улкан жиноятидир. Худди бошқа бир инсонни ўлдиргани каби жиноят ҳисобланади. Чунки жон Аллоҳнинг мулки. Инсон уни ўзича тасарруф этишга ҳаққи йўқ. Мусибатларга сабр қилмай ўзини ўлдириш Аллоҳга нисбатан исён, Унинг қазойи-қадарига норозилик саналади.

Аммо ҳадисда зикр қилинган “жаннатнинг ҳаром бўлиши” муваққат (вақтинчалик) ҳаромликдир. Маълум бир муддат яъни собиқунлар (яхши амалларда пешқадам бўлувчилар) жаннатга кирадиган, Аллоҳга иймон келтирган гуноҳкор бандалар маъсиятлари учун дўзахда азобланадиган муддатда ҳаром бўлади.

Зеро Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодига кўра: бирор гуноҳи кабира устида масалан хамр ичиш, зино қилиш пайтида вафот этган мусулмонга агар у бу гуноҳни ҳалол санамаган бўлса, кофирлик ҳукми берилмайди. Қасддан ўзини ўлдириш ҳам шулар жумласига киради. У иймони билан мўмин, аммо кабира гуноҳи билан фосиқ бўлади. Иши эса Аллоҳга ҳавола. Аллоҳ таоло хохласа уни кечиради, хохласа гуноҳининг миқдорича азоблайди. Чунки иймони борнинг тавбасидан умид қилинади. Маййит ювилади, кафанланади ва мусулмонларнинг қабристонига кўмилади. Шундай экан Аллоҳдан уни кечиришини сўраб, унинг учун дуо қилиш жоиз. Аллоҳ таолонинг сўзи бунга далилдир:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ

Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур.

Хаворижлар эътиқодига кўра: ўзини ўлдирган киши кофир ҳисобланади. Дўзахда абадий қолади ҳамда унга жаннат ҳаром қилингандир.

Мўтазилийлар эътиқодига кўра: ўзини ўлдирган киши кофир ҳам мўмин ҳам эмас. Балки икки манзил ўртасидадир.

Энди ҳадисдаги “бандам ўз ўлимига шошилди” яъни ўлимини тезлаштирди жумласига тўхталамиз. Ўзини ўлдирган киши ўз ажалидан олдин ўлган ҳисобланадими?

Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодига кўра: ўзини ўлдирган инсон ўз ажали билан ўлгандир. Банданинг ўз ўлимини шошилтириши унинг ўлимга қасди ва ихтиёри жиҳатидан вафот этишига сабабдир. Аммо руҳнинг чиқиши ўз ажали вақтида бўлган. Ўлимини тезлаштиришнинг суратини вужудга келганлиги юзасидан “ўлимини тезлаштирди” дейилади. Бунинг учун банданинг гуноҳкор бўлиши эса ўлимга сабаб қилиб қўйилган ишни содир этгани учундир. Зеро унинг бу иши унга жон ато этган Зотнинг ҳаққига тажовуздир. Чунки Аллоҳ таоло уни ўз ажалидан хабардор қилмагандир. У қачон ўлишини билмай туриб, ўлимни ихтиёр этганлигидан Робби ҳузурида улкан гуноҳ эгаси бўлади.

Юқорида айтганимиздек, агар буни ҳалол санамаган бўлса, ювилади, кафанланади ва мусулмонларнинг қабристонига кўмилади. Аммо унга жаноза ўқилиши борасида бир қанча ихтилофлар бор. Машойихларнинг баъзилари ўқилмайди-дейишган.

Абу Бакр ибн Али ибн Муҳаммад ал-Ҳадод Яманийнинг “Ал-Жавҳарул наййироту шарҳу мухтасарил Қудурий” асарида бу ҳақида шундай айтилади: Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ наздларида жаноза ўқилмайди. Далили қуйидаги ҳадисдир:

عن جابر بن سمرة أَنَّ رَجُلًا َ نَفْسَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини ўлдирган кишига жаноза ўқимадилар”. (Сунани Термизий)

Аммо Абу Ҳанифа ҳамда Имом Муҳаммад роҳимаҳумаллоҳлар ўқилади дейишган. Ҳадисда ўқимаганликлари ворид бўлган, аммо бошқа кишига намоз ўқишни буюрганлар.

Шамсул Аимма Ҳалвоний ҳазратлари эса “менинг наздимда энг саҳиҳ гап жаноза ўқилишидир, агар ўша пайтда тавба қилган бўлса тавбаси ҳам қабул қилинади”-деганлар.

Ҳозирги кунда бу гуноҳи кабира кўпайиб кетаётганлиги, унинг олдини олиш юзасидан масжид имомлари ўзини ўлдирган кишига жаноза намози ўқишмайдилар. Таъзия маросимларига ҳам бормайдилар. Аммо халқ орасидаги жаноза намози ўқишни биладиганлар намозда имомликка ўтиб, намоз ўқишади. Имомлар эса халқнинг олди, дин арбобларидир. Уларнинг ўзини ўлдирган кишига жаноза ўқишлари одамлар бу гуноҳга енгил қарашига олиб келади.

Аслида ўзини ўлдиришнинг инсонга ҳаром қилиниши Аллоҳнинг раҳматидир. Қалблар қорайиб, қаттиқлашиб боргани сари соҳиблари ҳам гуноҳга журъатли бўлиб боради. Кўпроқ Қуръон тинглаш, азонга қулоқ тутиш қалбларни тирилтиради. Аллоҳ қалбларимизни Ўзидан ғафлатда қолишидан сақласин.

манба: buxoriy.uz


Киритилган вақти: 25/07/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2171
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ozini-oldirgan-kishiga-tegishli-hukmlar
Чоп этилган вақт: 20/06/2021 04:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг