ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИГА ХИЁНАТ ҚИЛМАСЛИК
Инсониятни жабр-зулм, жаҳолат зулматидан Аллоҳнинг нурли ҳидоят йўлига бошлаган муқаддас динимиз Ислом, жамиятда кенг тарқалган касалликларни ўзгача, ўзига хос услубда муолажа қилди. У даволаш жараёнида моҳир табиб сингари даволашнинг энг самарали, шу билан бирга оддий бўлган усулларидан фойдаланди.
Пировардида ҳар-қандай гуноҳ, ҳаром-ҳаришлардан ўзини узоқ тутадиган, эзгу ишларга интиладиган соғлом миллат вужудга келди. Бу миллат ичидан эса, аксари бизнинг ватандошларимиз бўлган Имом Бухорий, Имом Мотрудий, Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний ва шулар каби дунё гавҳарлари етишиб чиқдилар. Аммо минг афсуслар бўлсинки ҳозирги вақтга келиб бизлардан ҳаё, инсоф, бировнинг ҳаққидан қўрқиш каби фазилатлар кўтарилиб бормоқда.
“Танқид келажак меваси” деган иборадан келиб чиқиб бугунлик кундаги ўз ҳолимизга назар солсак. “Менинг боболарим фалончилар бўлган” деган сўзларни бир оз ўзгартириб “мен фалон боболаримга муносиб набира бўла олдимми?” – деган савол назари ила ҳолимизга боқсак.
Бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиш бобида боболаримиз бутун дунёга намунали ўрнак бўлишган. Шу боис ҳам уларнинг фарзандлари само гумбазида гўзал қандил бўлганлар. Бунга мисол қилиб мазҳабимиз Имоми Абу Ҳанифа р.ҳ, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Имом Бухорий ҳазратларининг тақводор ота-оналарини келтиришимиз мумкин.
Аллоҳнинг бир сифати “Шакур” яъни банданинг озгина қилган яхшилигига кўплаб яхшиликлар ила жавоб қилгувчи зот маъносидадир. Зеро фарзандининг Имом Бухорийдек бўлмоғини орзу қилмайдиган ота-она бўлмаса керак. Бу эса Аллоҳнинг марҳамати ҳамда Шакур сифатининг у бахтли ота-оналарда намоён бўлган, бизга маълум жиҳатидир. Қиёмат кунида фарзандлари сабабли уларнинг бошлари узра нур таратиб турувчи улуғлик тожини ўз кўзларимиз ила кўрамиз инша Аллоҳ.
Яқиндагина ўзим гувоҳи бўлганим бир воқеа таъбимни хира қилди. Машинамни устага кўрсатиш учун устахонага борганимда, мижозлардан бирининг мақтаниб гапираётгани эътиборимни тортди. Шаҳар ичидаги йўналишларнинг бирида “Дамас” машинасини бошқарадиган хайдовчи мазкур машинани тузатилганини билиш учун ўзининг янги “Ласетти” машинасида келди ва қуйидаги воқеани ҳикоя қилиб берди: “Мижозлардан бири менга ўзининг пластик карточкасини бериб, бир жойга бориб келишимни ва қайтишда баки тўлгунича ёқилғи қуйиб яна уч минг сўм қўшимча олиб қолишимни тайинлади. Мен қайтаётиб машинамга тўлгунча ёқилғи қуйдим ва оператордан: “бу пластикдан яна олиб қолса бўладими?” – деб сўрадим. У “ҳа бўлади” – дегач, “унда яна эллик литр бензинга пул олиб қолинг” – дедиму уйга келиб, пластигини қайтариб бердим. Эртасига пластик эгаси мендан: “Ёқилғига қанча пул олган эдингиз?” – деб сўради. Мен эса унга биринчи олганим 27000 сўмлик чекни узатдим ва дарҳол “Ласеттим”ни миниб кечаги жойдан 50 литр бензинни машинамга қуйдириб олдим”.
Мен эса, бировнинг ҳаққидан қўрқмагани етмагандай, худди яхши бир ишни қойиллатган одамдек мақтаниб гапириб турган Аллоҳнинг бу мавжудотидан кўзимни узолмай қолгандим.
Агар банда Аллоҳга, охират кунига ҳамда Яратганнинг қуйидаги сўзига имон келтирганида, Ундан қўрққанида шундай қилармиди?! Зеро Парвардигоримиз Ўз китобида шундай марҳамат қилади:
“Ўша кунда сизлар (ҳисобот учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсиз, сизларнинг бирор сирингиз махфий қолмас”. (Ал-Ҳаққо сураси 18-оят)[1]
Динимиз, инсонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлиб ва Унинг ғазабидан қўрқиб ҳаёт кечиришликларини таълим беради. Зеро ёлғиз умидворликнинг ўзи ҳам кишини бепарво ҳамда фақатгина қўрқишнинг ўзи ҳам инсонларни умидсизликка тушиб қолишларига сабаб бўлади. Мусулмон киши хавф ва ражо ўртасида бўлмоғи лозим. Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий таъбирлари билан айтганда: “Раҳмоннинг раҳмати ва жаннатига қаттиқ умидворлик ила эришилади. Жаҳаннам олови ва аламли азобидан эса қўрқув қамчиси ҳамда қаттиқ жазо ила қайтарилади.”[2]
Ўзганинг ҳаққига хиёнат қилмаслик ниҳоятда муҳим масала бўлганлигидан Аллоҳ бандаларини огоҳлантириб, омонатдорлик, ваъдага вафо қилиш ва ўзгалар ҳаққига хиёнат қилмасликка буюриб, акс ҳолда улар учун аламли азоб бўлишлиги хабарини берди. Қуръони Каримдаги бутун бошли бир суранинг номи ҳам “Мутаффифун” яъни “(Бировларнинг ҳақларидан) уриб қолгувчилар” деб номлангандир.
Мазкур сурада Аллоҳ таало ўша даврдаги хиёнаткор кишиларнинг хиёнатларини сифатлаб, агар ўзларини ўнглаб олмасалар уларнинг оқибатлари нима билан хотима топиши хабарини берди:
“(Ўлчов ва тарозудан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай!(1) Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир.(2-3) Улар ўзларининг улуғ бир Кунда – барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган қиёмат) Кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!(4-5-6) Йўқ, (бировларнинг ҳақларидан уриб қолишдан ҳазар қилинглар)! Чунки (бундай) фисқ-фужур қилгувчи кимсаларнинг номаи аъмоллари албатта Сижжийнда бўлур!(7)[3]” (Мутаффифун сураси 1-7 оятлар)
Юқоридаги оятларнинг нозил бўлиши ҳақида Садий шундай дейдилар: "Расулуллоҳ с.а.в. Мадинага келганларида икки хил ўлчов асбоблик яъни бири билан одамлардан ўлчаб оладиган ва иккинчиси билан эса ўлчаб берадиган Абу Жуҳайна номлик бир кишини кўрдилар, бас оят ўша киши ҳаққида нозил бўлди."
Ибн Аббос РА, Расулуллоҳ с.а.в.дан қуйидаги ҳадис шарифни ривоят қиладилар. Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: "Беш нарса беш нарса биландир. Саҳобалар: "Эй, Аллоҳнинг расули! Беш нарса беш нарса биландир деганингиз нима?" деб сўрадилар. У зот с.а.в:"
1. Қайсики бир қавмда аҳд вафо бузилса, Аллоҳ уларнинг устиларига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди.
2. Аллоҳ нозил қилмаган ҳукм ила ҳукм юритиларкан, улар ичида фақирлик тарқалаверади.
3. Фоҳишалик ошкора суратда зоҳир бўлса, Аллоҳ уларга ўлатни туширади яъни ўлим кенг тарқалади.
4. Тарозудан урманглар! Акс ҳолда ўсимликларнинг униб ўсиши тўхтайди ва бир неча йиллар ичида буткул қуриб битади.
5. Закотни беришдан бош тортманглар! Акс ҳолда Аллоҳ сизлардан ёмғирни тўсади." дедилар.[4]
Молик ибн Динор, қўшнилари билан бўлиб ўтган суҳбатни шундай ҳикоя қиладилар: "Қўшним ўлим тўшагида ётганида уни ҳолидан хабар олишга кирдим. У эса тинимсиз "оловли икки тоғ, оловли икки тоғ" деб бақирарди. Мен: "нима деяпсан?" деб сўрадим. У эса: "Эй, Абу Яҳё! Менинг иккита ўлчов асбобим бор эди. Уларнинг бири билан одамлардан нарса олар, иккинчиси билан эса уларга нарса тортиб берардим" деди. Мен туриб у ўлчов идишларни бирини иккинчисига урдим. Шунда қўшним: "Эй, Абу Яҳё! Уларни бири иккинчисига урилганда оғриқ аламим янада зиёда бўлди" деди ва шундан сўнг тузалмасдан вафот этди.
Тарозудан уриб, кишилар ҳаққига хиёнатқилгувчиларга ваъда қилинган "Вайл" хусусида уламолар: "вайл – қаттиқ азоб ва жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, агар унга шу дунёдаги тоғлар ташланса унинг ҳароратидан тоғлар эриб кетади" – дедилар.
Ибрат олиш маъносида бўлса ҳам, ёмонлиги эсланадиган кишининг номини очиқ айтмасдан зикр қилмоқлик муқаддас Ислом динимиз одобларидандир. Шундай ҳаётий мисоллардан бирини сиз азизларнинг эътиборингизга ҳавола қилсак шояд барчамиз учун ибрат бўлса. Шу воқеъа гувоҳи шундай ҳикоя қилади:
Ўлим тушагида ётган беморнинг ҳузурига унинг ҳолидан хабар олиш учун кириб, унга шаҳодат калимасини талқин қилдим. У эса ҳаргиз калимани қайтармасди. Бемор ҳушига келгач, унга: "Эй, дўстим! Мен сенга шаҳодат калимасини талқин қилсам сен уни айтмадинг, нима бўлди?" – дедим. У: "Эй, дўстим тарозунинг тили, тилим устига ёпишиб қолди ва менга калимани айтишимга йўл қўймади" – деди. "Аллоҳ ҳаққи айтгин, сен тарозудан урармидинг?" – десам, у: "Аллоҳга қасам ичиб айтаманки тарозудан урмасдим, аммо бир неча кун тарозунинг тўғри ёки нотўғрилигини текширмай қўйган эдим" – деди.
Мана бу, бир неча кун тарозусининг тўғри ёки нотўғрилигини текширмай қўйган кишининг ҳолати. Энди тарозудан уриб қоладиганларнинг ҳоли қандоқ бўлар экан?!
Нофеъ дейдилар: "Ибн Умар РА сотувчи ёнидан ўтсалар унга: "Аллоҳдан қўрқ! Тарозуни тўлиқ қилиб бер. Тарозудан уриб қолувчилар тўхтатиб туриладилар, шунда улардан оққан терлари қулоқларининг ярмигача етиб боради" – дердилар.
Ўтган салафи солиҳлар тарозудан уриб қолувчилар ҳақида: "Бир дона донни фойда қиламан деб, кенглиги еру осмонларча бўлган жаннатни бой берганларнинг ҳолига вой бўлсин!" – дердилар. Зеро ҳалол касб қилиб, чарчаб ўйқуга кетган кишининг уйғонганда гуноҳлардан фориғ бўлиб уйғониши ҳадислардан маълумдир. Қолаверса тижоратчиларимиз, бу савдо иши билан оламларга раҳмат қилиб юборилган севикли пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. шуғулланганликларини унутмасликлари лозим.
Аллоҳ барчаларимизни қандай амал, касб - хунарда бўлмайлик авваламбор мақсадимиз Яратганнинг розилиги, ҳалоллик ва поклик бўлмоқлигини барчамизга насиб этсин!
Киритилган вақти: 17/08/2016 00:00; Кўрилганлиги: 2970
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 15:51