ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИ ҲАРОМ
Буюк қудрат соҳиби Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ваталога ҳамду-санолар бўлсинким, Ўзининг яратган махлуқотлари ичида инсонни азиз қилиб яратди. Бошқа хилқатлардан ақл-фаросат, иффату ҳаё, орияту-номус билан ажратиб қўйган. Бир бирига раҳмли бўлиш, ўзганинг молига, жонига, ҳақ-ҳуқуқига тажовуз қилмаслик дину покимизда алоҳида аҳамиятга молик жабҳалардан ҳисобланади. Ҳаром луқма истемол қилиш инсоннинг кўпгина салбий оқибатларга дуч келишига сабаб бўлади. Инчунун бир инсоннинг топган ёки топиши мумкин бўлган ҳақи унинг розилигисиз бошқа бир инсонга ҳаром эканлиги кўплаб манбаларда қайд этилган.
Зеро кишининг ҳалол меҳнат эвазига топган мол-мулки онанинг оқ сутидек ҳалол деб тарифланган ва шу меҳнат ҳисобидан фарзандларини едириб ичириш иқтисодини таъминлашни Аллоҳ таоло ибодат даражасида ҳисоблангандир.
Ҳаромдан ҳазар қилмаслик, нопок луқма тановул қилиб ўсиб келаётган ёш авлодларнинг онгу-шуурига, наслу-насабига, томирида оқаётган қонига жиддий зарофат етказиши ва охиратда ҳам шунга муносиб оқибат бўлиши манбаларда қайд этилган. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ جَسَدٌ غُذِيَ بِالْحَرام"
“Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Баззор, Абу Яъло ва бошқалар ривояти). Яна бир ривоятда келишича, Расули акрам шундай марҳамат қилганлар: “Ким қаердан мол топаётганига эътибор қилмаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”. Уламоларнинг фатволарида қуйидаги сўзлар бор: “Бошқаларнинг ҳаққини ноҳақ еювчилар сирасига хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарзга бир нарса олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар киради”.
Лутфуллоҳ ИБОДУЛЛАЕВ - Самарқанд туман "Хўжа абду Берун" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 20/12/2019 12:05; Кўрилганлиги: 1199
Чоп этилган вақт: 12/02/2025 09:43