Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ўз жонига қасд қилиш кечирилмас гуноҳ

 
 

Аллоҳ таъоло томонидан яратилган коинот ниҳоят даражада буюк бўлиб, унинг чегарасини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Ана шу буюк коинот олдида инсон ўзининг кичик танаси, заиф жисми, қисқа умри билан оддий заррачадек бўлиб қолади.

Аммо, Аллоҳ таъоло манашу заиф инсонни барча жонзотлардан мукаррам этиб яратганлигини ва ҳатто фаришталарнинг ҳам инсонга сажда қилишга буюрганлигини Қуръони Каримда баён этади. Одам болаларини Ўзининг Ердаги халифаси деб эълон қилади. Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда марҳамат қиладики: “Биз Одамни азиз ва мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни ҳам сувда ва ҳам қуруқликда юра оладиган этиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато қилиб бошқа ҳамма махлуқотлардан афзал этдик”. Бу ояти каримадан маълум бўладики Аллоҳ таборак ва таъоло инсонни энг улуғ ва мукаррам махлуқот қилиб яратди.

Бошқа бир оятда “Уни Ўз қудрат қўлим билан яратдим ва Ўз руҳимдан жисмига дохил қилдим” –деб Қуръон Каримда таъкидлайди. Аллоҳ таъоло Одам а.с.ни яратганда фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар ”—деб буюрди. Фаришталар Аллоҳ таъоло амрига бўйсуниб Одам а.с.га таъзим саждасини адо қилдилар. Сўнг Аллоҳ таъоло Одам а.с.га хитоб қилиб, “Бутун Ер ва осмонни инсоният учун яратдим”—деб марҳамат қилди.

Коинотдаги барча жонзотлар бўлсин, ўсимлик дунёси бўлсин ёки жонсиз жисмлар бўлсин, бевосита ёки билвосита инсонга хизмат қилади. Бу билан инсон Аллоҳ таъоло ҳузурида ўзининг нақадар мукаррам зот эканлигини англаб етиши лозим. Бу ҳақиқатни англаб етмаган инсон ҳамиша қандайдир қўрқув, таҳлика, васваса ёки ҳаётда учраб турадиган баъзи вақтинчалик қийинчиликлар олдида ўзини ожиз ҳис қилиб, ўз жонига қасд қилишгача етиб боради.

Аллоҳ таъоло инсонга ақл идрок бердики, токим ҳаётнинг ва ҳаёт неъматларининг қадрига етсин ва дунёга бир маротаба келишини билсин ва ҳаётда учрайдиган баъзи бир қийинчилик ва мусибатларни сабр ва матонат билан енгсин. Аллоҳ таборак ва таъоло Қуръони Каримда марҳамат қиладики: “Аллоҳ таъоло ҳамиша сабр қилувчилар билан биргадир”. Умр немати инсонга Аллоҳ таъоло томонидан ўлчаб омонат қилиб берилган. Бу омонатни Аллоҳ таъоло муддати тугаши билан қайтариб олади. Бунгача инсон ўзини ўзи ўлдиришлиги харом қилинди. Бу ҳақда Қурони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз”- (Бақара сураси 195-оят)

Бу ҳақда буюк ватандошимиз Имом Бухорий рахматуллоҳи алайҳи пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ўнлаб ҳадислар ривоят қилганлар. Шулардан баъзиларини айтиб ўтамиз: “Сизлардан олдин ўтган одамлар орасида бир киши бўлган эди. Унинг жароҳати бўлиб, оғриғига чидолмай пичоқни олдида у билан қўлини кесиб ташлади. Кейин қон тухтамай у ўлиб қолди. Шунда Аллоҳ таъоло: “Бандам мени (ҳузуримга) ўзини ўзи шошилтирди, унга жаннатни ҳаром қилдим” -- деди”.

Яна Пайғамбаримиз марҳамат қиладиларки: “Кимки тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса жаҳаннам ўтида ўзини у ёқдан буёққа ташлаб абадул абад куяди. Кимки заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам уша заҳар қўлида бўлиб, ундан ича -ича абадул абад ўтда куяди. Кимки ўзини (бирор) тиғ билан ўлдирса, жаҳаннамда ўша тиғ билан унга азоб берилиб, абадул абад ўтда ёнади”. Яна бир хадисларида хабар берадиларки: “Бир киши ўзини ўзи жароҳатлаб ўлдирди. Шунда Аллоҳ таъоло: “Бандам мендан илгари ўз жонини ўзи олди,уни мен жаннатдан маҳрум қилдим!”—деди”.

Ҳеч бир гуноҳ учун қиёмат куни бунчалик оғир жазо тайинланмаган. Ҳаёт худди кордиаграммага ўхшаш паст баландликлардан иборат. Ҳамма вақт хам биз ўйлагандек хурсандчилик бўлавермайди. Буни ҳаётнинг мўътадил ҳолати деб қабул килмоғимиз керак. Буюк ватандошимиз Жалолиддин Румийнинг ушбу ҳикматли гаплари барчанинг кўнглига бирдек таскин беради: “Чорасизлик Аллох таъолодан келган энг гўзал ишоратдир. У дуо вақти келганини англатади. Кўзингдан ёшлар сезилса, гўзал юзинг ғамгин бўлса, билгинки, Роббинг сени соғинибди, сени эшитишни хоҳлаяпти”.

Афсуслар бўлсинки, кейинги вақтларда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари тез-тез содир бўлаётганлиги ва бу фожиали ҳолатлар асосан ёшлар ва аёллар томонидан содир этилаётганлиги барчани ташвишга солмоқда. Бу кўнгилсизликларнинг 97 фоизи сабрсизлик, хаётни енгил санаш окибатида, ёки, компютер ўйинлари таъсирида содир этилмокда. Қолган кисми эса, руҳий касалликлар сабабли бўлиб, унга хам инсонни ўзи сабабчидир. У ҳам бўлса хонадондаги тартибсизликлар, масалан, инсоннинг шахсий гигиенага амал килмаслиги, кул, мағзаваларни ҳовлига сочиб аралаштириб ташлаш, овқатлангандан кейин идишларнинг ювилмасдан қолиб кетиши, сув идишларнинг усти очик қолиши, ўргимчак уяларига бепарво бўлишлик ва ҳоказо тозалик ва покликка оид омиллардир.

Ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таъолонинг белгилаб қўйган тақдиротига туғён қилишдан иборат эканлиги сабабли Ислом дини фиқҳий китобларида ўзини ўзи ўлдирган шахсларга жаноза намози ўқилмаслиги тўғрисида алоҳида фатволар берилган. Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси томонидан барча масжид имомларига бу ҳақда қўлланмалар берилиб, улар қаттиқ огоҳлантирилганлар. Бундан ташқари бундай жанозаларнинг худойи ва бошқа маъракаларида ҳам қатнашмаслик, улар учун Қуръон тиловат ҳам қилмаслик вазифаси юклатилган. Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳ таъоло ҳузурида энг оғир гуноҳлардан бўлиб, шу йўл билан ўлганлар юқорида айтилганидек охиратда оғир азобга қолиш билан бир қаторда қавму-қариндошларини, ота-оналарини ҳам оғир мусибатга солиб қўядилар.


Киритилган вақти: 06/05/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3254
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/oz-joniga-qasd-qilish-kechirilmas-gunoh
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 00:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг