Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОЙДИНДА ОЙ ҚИДИРГАНЛАР

 
 

ОЙДИНДА ОЙ ҚИДИРГАНЛАР

Ҳозирги кунда ахборот оқими кириб бормаган маконни топиш қийин. Турли кучлар ўртасида ғоявий курашлар бораётган бир пайтда интернет тармоғи энг даҳшатли қуролга айланди.

ВОҚЕА.

Бир куни иш билан йўловчи уловда кетаётгандим. Ҳайдовчи билан турли мавзуларда суҳбатлашиб борардик. Гап айланиб шу мавзуга тақалди.

- Яқинда бир дўстимнинг бошига оғир мусибат тушди, - дея сўз бошлади йўловчилардан бири.

- Ёлғиз ўғли бор эди. Дўстим фарзандини ҳеч нимадан зориқтирмай катта қилди, энг нуфузли олий ўқув юртида ўқитди, ўзи танлаган қизига уйлантирди. Энди оғзим ошга етди, деганда ўғли тусатдан ғойиб бўлиб қолди. Кейинроқ маълум бўлишича, хориждаги жангарилар тўдасига бориб қўшилибди. Интернетда танишиб, онгини заҳарлашган экан.

МАНТИҚ КАНИ ?

Савол туғилади: олий маълумотли, иқтисодий жиҳатдан тўқ, оиласидан бахтиёр одам қандай қилиб алдамчи ғоялар тузоғига тушди экан?

Келинг, бу саволга жавобни ақидапарастларнинг тарқатаётган ғояларидан излаб кўрамиз. Эмишки, улар исломий давлат қурмоқчи, диний софликка эришмоқчилар. Бу йўлда кимки ўз ҳаёти ва жони билан хизмат қилса, нариги дунёда жаннатга тушармиш.

Муқаддас динимизда бағрикенглик, ватанпарварлик, дўстлик, ота-онага хурмат, оилага садоқат, тинчликни қадрлаш, шукрона келтириш мусулмон кишининг энг улуғ фазилатларидан саналади. Яна айтиладики, мана шундай гўзал хулқ ва фазилат соҳибларигина жаннатга лойиқ бўла оладилар. Аллоҳ берган илму ҳунарга ношукурлик қилиб, оиласини, ота-онасини ташлаб, Ватанига тинчликка қарши қурол кўтарган кимса қандай қилиб жаннатдан умид қилади?!. Улар қандай диний софлик ҳақида сафсата тўқишмоқда? Экстремистлар тарқатаётган ғояларда мантиқ қани?

ХУЛОСА.

Шу ўринда бир хангома ёдимизга тушади. Бир киши ойдин кечада кетаётиб, ҳовузга дуч келибди. Қараса, сувда ойдин акси турганмиш. Ой кўкдан сув тубига қулаб тушибди, жойига кайтариб қуйсам, ҳарна савоб бўлади, деб уйлаган ўша киши тонгача ҳовуз тубидан ойни қидирган экан.

Маънавияти бўш, дин ҳақида тушунчаси юзаки, дунё қараши тор кимсалар оқибатда алдамчи ғоялар домига тушиб қолмоқдалар. Муқаддас динимизнинг асл моҳияти, маънавиятимиз ҳақида оилада яхши тарбия берилса, таълим даргоҳларида интернет тармоғидан фойдаланиш маданияти шакллантирилса юқоридаги нохуш холатларнинг олди олинган бўларди.


Киритилган вақти: 30/11/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3139
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/oydinda-oy-qidirganlar
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 02:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг