Ота-онага озор етказмаслик ҳақида (бир ҳадис шарҳи)
وقال عليه الصلاة والسلام: {مَنْ آذى وَالِدَيْهِ أَوْ آذى أحَدَهُما
يَدْخُل النَّارَ}.
У зот алайҳиссалом дедилар:
“Ким ўз ота-онасига ёки улардан бирига озор берса, дўзахга киради”.
Шарҳ: Ота-онани норози қилмаслик ҳақида ҳадислар кўп бўлиб, Анас розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
بابانِ مَعَجَّلانِ عُقُوبَتُهُما في الدُّنْيا البَغْيُ والعُقُوقُ
“Дунёда уқубати тезда келадиган икки эшик бор. Улар: бузуқлик ва (ота онага) оққ бўлиш”, дедилар.[1]
Анас розияллоҳу анҳу ота-онани норози қилишнинг салбий оқибати ҳақида ўзлари гувоҳи бўлган воқеани шундай ҳикоя қиладилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Алқама номли киши бор эди. Укўп намоз ўқиш, рўза тутиш ва садақа бериш каби ибодатларда жидду жаҳд қиларди. Бир куни унинг касалга чалиниб, вафоти яқинлашгани маълум бўлди. Аёли жони имон билан чиқиши учун унга шаҳодат калимасини айтиб тура бошлади. Лекин ҳарчанд уринмасин, Алқаманинг тили калимага келмади. Бундан изтиробга тушган аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, эрининг ўлим тўшагида экани, тили калимага келмаётгани, агар ёрдам бермасалар, имонсиз кетиш хавфи борлигини сўзлаб, йиғлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор, Билол ва Суҳайб розияллоҳу анҳумни: “Унинг олдида қолиб, калимани айтиб туринг”, деб жўнатдилар. Улар келиб, Алқамага: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб турдилар. Лекин у ҳамон калимани айтолмасди. Вазият жиддий. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига одам юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онасидан бири ҳаётми?” деб сўрадилар. “Унинг кекса онаси бор”, дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Алқаманинг онаси қодир бўлса, ҳузуримга келсин. Агар келолмаса, ҳузурига ўзим бораман”, деб одам юбордилар.
Хабарчи келиб, унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларини етказди. Шунда кекса онахон: “У зот учун жоним фидо бўлсин. Албатта ўзим бораман”, деб қўлига ҳассасини олди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зот алайҳиссаломга салом берди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам алик олганларидан сўнг: “Эй Алқаманинг онаси, ўғлинг Алқама қандай инсон?” дедилар. Кекса онахон: “Ўғлим Алқама кўп намоз ўқийди, кўп рўза тутади ва кўп садақа беради, лекин мен ундан ғазабнокман”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима учун?” деб сўрадилар. Онаизор: “Хотинини мендан ортиқ кўрарди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онасининг ғазаби Алқамани шаҳодат айтишдан тўсиб қўйган. Эй Билол, бориб мен учун кўп ўтин тўплаб кел”, дедилар. Алқаманинг онаси: “Эй, Аллоҳнинг расули!, ўтинни нима қиласиз?” деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Алқамани ўтда ёқаман”, дедилар. Кекса онахон: “Эй, Аллоҳнинг расули!, кўз ўнгимда уни ёқиб юборишингизга юрагим дош бермайди”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Алқаманинг онаси, Аллоҳнинг оташи кучлироқ ва боқийроқдир. Агар уни Аллоҳ кечириб юбориши сени хушнуд этса, у ҳолда ундан рози бўл. Жоним измида бўлган Зотга қасам, токи онасининг ғазаби келиб турар экан унга намоз, рўза ва садақаси ҳам фойда бермайди”, дедилар. Кекса онахон: “Эй, Аллоҳнинг расули! Мен Аллоҳ, фаришталар ҳамда мени кузатиб турган мусулмонларни гувоҳ қилиб айтаман, ўғлим Алқамадан рози бўлдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга калимани талқин қилдилар ва у ўша заҳоти калима келтириб, жон таслим қилди”.
Анас розияллоҳу анҳу дедилар: “Ўша куни Алқама жон таслим қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Алқамани ювиб, кафанлашни буюрдилар. Сўнг жанозасини ўқиб, дафнда иштирок этдиларва қабр бошида туриб шундай дедилар:
يا مَعَاشِرَ المُهاجِرينَ والأنصَارِ مَنْ فَضَّلَ زَوْجَتَهُ عَلَى وَالِدَتِهِ لَمْ يَقْبَلِ الله مِنْهُ صَرْفا وَلاَ عَدْلاً.
“Эй, муҳожир ва ансорлар жамоаси! Кимда ким аёлини онасидан ортиқ кўрса, Аллоҳ унинг нафл ва фарз ибодатларини қабул қилмайди”.[2]
Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг раҳмат назаридан бенасиб кимсалар ҳам ота-оналарини норози қилган фарзандлардир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб дедилар:
ثَلَاثَة لَا يَنْظُر اللَّه إِلَيْهِمْ يَوْم الْقِيَامَة الْعَاقّ لِوَالِدَيْهِوَالْمُدْمِن الْخَمْر
وَالْمَنَّان بِمَا أَعْطَى
“Қиёмат кунида уч тоифа инсонга Аллоҳ назар қилмайди: ота-онасига оқ бўлган, хамрга муккасидан кетган ва берган нарсасини миннат қилувчи киши”.[3]
Демак ота-онани норози қилиш бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат ва фақат ёмонликка сабаб бўлишини унутмаслик лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга, ота-оналаримизни рози қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришмоғимизни насиб қилсин!
[1]Ҳоким ривояти. Саҳиҳ ҳадис. Жалолиддин Суютий. Ал фатҳул кабир фий заммиз зияда илал жомиъ ас сағийр. Дорул фикр. Байрут. 2003. Б.23.
[2]Муҳаммад Нававий ибн Умар Бантаний. Танқиҳул қовлил ҳасис. Дорул кутуб ал илмийя. Байрут. 2015. Баъзи уламолар ҳадис матнидаги “нафл ва фарз”сўзларини ўрнини алмаштириб келтирганлар. Баъзилари эса уни “тавба ва қилган садақа, эҳсонини”, деб шарҳлаганлар.
[3]Насаий ривояти. Имом Ибн Касир. Тафсир ал Қуръан ал азийм. Дорут тоййиба. 1999. Б. 5349.
Киритилган вақти: 22/05/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3014
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 22:52