ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛГАН ЖАННАТ ҲИДИНИ ҲАМ ҲИДЛАМАЙДИ
Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннат ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Унинг ҳидини ота-онасига оқ бўлган, гуноҳкор ва қариндошларидан алоқасини узган киши билмайди», дедилар.
Табароний ривоят қилган.
Фарзанд ота-она ўзига тўқ бўлса ҳам уларнинг нафақотини яхшилаш, нафақа бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай иззат кўрсатиши лозим. Оталари заифлашган, қартайган вақтларида фарзанддари уларнинг ҳаққини адо қилишларини Ислом биринчи ўринга қўяди.
Ислом шариати қодир фарзандларга ожиз бўлмиш ота-оналар ҳаққини кафолатга олишга ҳукм этади. Ишни уларнинг ўзларига топширмайди, балки бу кафолат фарздирки, агар вақтида вафо қилмаса ҳам кейинчалик қазоси вожиб бўлади.
Бола ота-онасига қанчалик эҳсон қилмасин, қанчалик ўзидан ортиқ кўрмасин, ҳеч вақт ўзи дунёга келишига сабаб бўлган мукофотни қайтара олмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Бола отаси мукофотини қайтара олмайди. Фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса, фарзанд уни сотиб олиб, озод қилсагина, мукофот бўлиши мумкин».
Абу Бурда ибн Абу Муъаи ал-Ашъарийнинг айтишларича:
«Абдуллоҳ ибн Умар бир яманлик киши ўз онасини елкасига опичиб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрибдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юраркан:
«Онаизори учун бўйнини эгган теваман, Тева минган она ҳориса-да, мен ҳоримам».
У бу байтни ўқиркан, Абдуллоҳга қараб:
«Эй Абдуллоҳ ибн Умар. Мана шу хизматим билан мен онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?» деб сўрабди.
«Йўқ, бу хизматинг сени туғиш пайтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди», дебди Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу.
Бухорий ривоят қилган.
Фарзанд ота-она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам уларнинг розилигини топиши, вафотларидан сўнг шариат ҳукмига кўра ҳакдарини адо этиши лозим бўлади.
Шунга кўра ота-она томонидан яқин қариндошлик алоқаси бор кишилардан ҳам алоқани узмаслик вожиб. Яна ота-она ҳақларига ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам дуода бўлиб туриш керак.
Ҳ.Темиров ЎМИ – Самарқанд вилоят вакиллиги ходими (манбалар асосида)
Киритилган вақти: 20/01/2020 15:39; Кўрилганлиги: 1448
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:47