Ота она розилигини топиш – фарзанднинг бурчи
Ота-она хақида сўз борар экан, бу зотларнинг хизматида камарбаста бўлиш ҳар бир солеҳ фарзанднинг муқаддас бурчидир. Улар ўз дилбандларини гўдаклик чоғидан меҳр бериб, парвариш қиладилар. Фарзанд камоли йўлида емай едириб, киймай кийдириб борларини берадилар. Оилани аёққа турғазган ҳам, фарзандларини камолини деб елиб югурган ҳам шулар. Уларнинг бу хизматларини ҳеч бир тилло кумуш бериб моддий бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Ота-оналаримизга ғамхўрлик қилишлигимиз, айниқса кексалик чоғида парваришлаб эҳтиёт қилишимиз, хизматларимиз билан дуоларини олишлигимиз икки дунё саодати экан.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда, “Аллоҳнинг розилиги, ота онанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, деганлар.
Кексаликнинг муайян қийинчиликларида, кучдан қолганда, беморлик , кўз хиралашиши, оёқ ва бел оғриши, қадамлар майда йўллар эса олис бўлиб қолганда, меҳр- мурувват шавқатга мухтож бўлиб қолганда алоҳида эҳтиром кўрсатиш, розилигини олиш, жаннатга киришликка имкон очар экан. Дунёга келишимизга сабабчи ота-оналаримизга яхшилик қилиш, уларнинг кўнглини оғритмаслик, ҳузурида ёмон сўз айтмаслик, беҳурмат қилмаслик, уларни озорлантирмаслик, ўзимизни ҳокисор тутиб, жонимизни аёқлари остига паёндоз қилишимиз шу билан бирга уларга Аллоҳ таолодан раҳм шавқат тилаб дуо қилиб туришимиз ҳам бандалик, ҳам фарзандлик бурчимиздир.
Хофиз Абу Бакр Ал Боззор Бурайдодан, у киши ўз ота-оналаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтиришган;
“Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб, тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбаримиз саллолллоҳу алайҳи вассалламдан “Онамнинг хаққини адо қилдимми?”-деб сўрабди, шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам; “Йўқ, бир оҳ тортишининг хаққини ҳам адо қилганинг йўқ” деган экан.
Ота онанинг хаққи фарзандда кўп экан. Уларни хар қанча эзозласак уларга ҳар қанча шукр қилсак, итоат этсак оздир. Айни ҳозирги пайтда, синовли кунларда, ота-оналаримизни хизматларида бўлишимиз, уларни ғанимат билиб, дуоларини оладиган бўлсак, албатта бахту саодатга етамиз инша Аллоҳ.
Тошев Қахрамон Иштихон туман “Сўғот “ жоме масжиди имом хатиби.
Киритилган вақти: 20/04/2020 12:01; Кўрилганлиги: 1289
Чоп этилган вақт: 24/03/2025 15:35