Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОНАНИ ЭЪЗОЗОЛАШ

 
 

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола ота-онасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. Фақат, уни қул ҳолида топса-ю, сотиб олиб, озод қилса, бундан мустасно», дедилар».

Шарҳ: Ота-онанинг фарзанд учун қилган меҳнатларини мукофотлаш, уларнинг ҳаққини адо қилиш жуда қийин ишлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Фарзанд бу дунёда ҳар қанча уринса ҳам, бу ишни бажариб охирига етказа олиши қийин. Мабодо, ота ёки она бировнинг қўлида қул ёки чўри бўлиб турган бўлса-ю, фарзанд уларни эгасидан сотиб олиб қулликдан озод қилсагина, мазкур ҳаққни адо қилди, дейилса, жоиз экан. Бироқ, ҳозирги кунимизда қулчилик йўқлигини инобатга оладиган бўлсак, фарзанд малолланмай ҳар доим ота-онасининг кўнглини хушнуд қилиши лозимдир.

Абу Бурдадан ривоят қилинади:

«Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим, у киши Ибн Умарни кўрган эканлар. Яманлик бир одам орқасига онасини кўтариб олиб, Байтуллоҳни тавоф қилаётган экан. У:«Мен онамнинг минган ювош туясиман. Уловлари чарчаса ҳам, мен чарчамасман», деган шеърни айтар эди. Сўнгра у: «Эй, Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?», деди. «Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам», деди. Кейин Ибн Умар тавоф қилди. Мақомга бориб, икки ракъат намоз ўқиди-да, сўнгра: «Эй, Ибн Абу Мусо! Ҳар икки ракъат ўзидан олдин ўтганнинг каффороти бўлади», дедилар».

Шарҳ: Ўйлаб кўрадиган бўлсак, юра олмайдиган онани Ямандан Маккага олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Уни кўтариб олиб тавоф қилдириш ҳам осон эмас. Ушбу ривоят қаҳрамони бўлмиш фарзанд онасини Ямандан олиб келиб, орқасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдириш билан онасининг ундаги ҳаққини адо этган деб ўйлаган эди. У ўз фикрини катта олим саҳобий Абдуллоҳ ибн Умарга тасдиқлатиб олиш учун у кишига: «Эй, Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деб савол берди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу гапни айлантириб ўтирмай, лўндасини айтиб қўя қолди: «Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам», деди.

Онанинг бир марта эмизиши шунчалар қимматга эга бўлса, ҳамма эмизишларининг қиммати ва қадри, ҳаққи ва ҳурмати қанчалар бўлишини ҳар киши ўзи билиб олаверса бўлади. Онанинг эмизишдан бошқа хизматлари ҳам кўплигини ҳамма билади. Демак, фарзанд онанинг ҳаққини тўла адо этиши амримаҳол. Шунинг учун, хаёлни турли ҳисобларга бурмасдан, она розилиги учун бутун борлиғини ишга солсин.

Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Унинг уйи Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб:

«Ассалому алайкум, онажон! Ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди. Онаси ҳам:

«Ва алайка, ўғилгинам! Ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди.

«Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди.

«Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди онаси.

Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди».

Шарҳ: Мадийнанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳакам деган амир бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қўйиб кетар эди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Ислом оламида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб туради. Энди ўша улуғ саҳобий, катта обрў соҳиби, амирлар унинг олдида таъзим қиладиган зот онасининг олдида ўзини қандай тутишини кўриб қўйинг! Уйидан ҳар чиқишида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди. Уйига ҳар киришида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб кўчадан келганининг хабарини берар эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гўзал иши асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандларнинг одатига айлангани фахримиз боисидир. Бу ишни фақат мусулмон фарзандлар, мадрасаи Муҳаммадиянинг талабалари қилиши мумкин, холос.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳижрат учун байъат қилмоқчи бўлди. У ота-онасини йиғлаган ҳолда қолдириб келган эди. Ул зот: «Ота-онанг ҳузурларига қайтгин, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, худди шундай қилиб кулдиргин», дедилар».

Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онанинг розилигини топиш, уларни хурсанд қилишни вақти келганда ҳатто ҳижратдан ҳам устун қўйган эканлар. Ота-онанинг ҳаққини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай улуғлаганларига бир назар солинг. Ўзларига ҳижрат учун байъат қилгани келган мухлис кишига, ота-онангнинг ҳузурига бориб, уларни кулдир, демоқдалар.

Баъзи ҳолатларда ёшлар диний амалларга қизиқиб, ота-оналарнинг ҳаққларини ортга суриш ҳолатларига йўл қўйишлари мумкин. Бундай пайтларда илм соҳиблари дарҳол уларга насиҳат қилиб, ишни тўғри йўлга буришлари керак экан.

Аллоҳ таоло барчамизни оналарини ҳурматлайдиган, хизматларини қилиб, меҳрибончиликлар кўрсатиб дуоларини оладиган ва шу билан ўзимизга жаннатни вожиб қилиб оладиган солиҳ бандаларидан қилсин, вафот этиб кетганлари ортидан дуои хайрлар қилиб, уларга Аллоҳдан раҳмат ва мағфират тилашимизни насиб айласин, омин ё Роббал оламийн!

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 14/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2774
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/onani-ezozolash
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 23:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг