Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА ЖАННАТ

 
 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг мадори қуриб, заифлаша борур), уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки): “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!...” Луқмон сураси 14-оят.

Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди...” Исро сура 23-оят.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилади:

Бир киши Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурига келиб: “Ё Аллоҳнинг расули энг аввал яхшилик қилишга ким ҳақли?” деди.

-“Онанг”, дедилар. - “Сўнгра ким?” деди. - “Онанг”, дедилар. -“Сунгра ким?” деди. - “Онанг”, дедилар. - “Сунгра ким?” деди. - “Отанг”, дедилар.

Имом Аҳмад ва имом Насоий Муовия ибн Жаҳим (розияллозу анҳу) дан ривоят қилади:

Жаҳим (розияллозу анҳу) Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг расули, ғазот (дин, миллат, юрт ҳимояси учун қилинадиган уруш) га чиқишни хоҳлайман ва сиздан маслаҳат сураб келдим”, деди.

Шунда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам):

Онанг ҳаётми?” дедилар.

Ҳа”, деди.

Унда ажралма, жаннат унинг оёғи остида”, дедилар.

Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф рамазон ойида қаттиқ ибодатга берилди. Нияти Қадр кечасининг нурига мушарраф бўлмоқ эди. Шунинг учун томга чиқиб намоз ўқирди. Онаси умму Муҳаммад уй ичида ибодат қиларди. Кутилмаганда қадр кечасининг нури шайхнинг онасига кўриниб қолди. Томдаги ўғлига овоз чиқариб:

“Болам, сен томдан излаганинг уй ичида”, деди.

Шайх тушди ва нурни кўрди; у онасининг оёғи остида жилва қиларди. Шайх Абу Абдуллоҳ шундан кейин она қандай зот эканлигига, илоҳий нематларнинг барчаси оналар оёғи остида эканига яна бир бор амин бўлди.

Оналар оёғи остидадур,

Равзаи жаннату жинон боғи.

Равза боғин висолин истар эсанг,

Бўл онанинг оёғи туфроғи.

Алишер Навоий

Раббимизнинг каломидаги оятлар, Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифлари, улуғларимизнинг ҳаётий, қалб торини чертувчи байтлари оналар жамиятда қанчалар улуғ ва мўтабар зот эканлигини барчамизга такидлаб турибди. Оналар фарзандлари учун энг яқин, энг меҳрибон инсон саналади. Муқаддас динимиз икки сабабга кўра она ҳурматини отадан устун қўяди:

Биринчиси, фарзанд дунёга келишида отадан кўра она кўпроқ машаққат чекади, тўққиз ой қорнида кўтариб, юқоридаги ояти каримага мувофиқ икки йил эмизади, қанчадан-қанча тунларни тонгга улаб бедор ўтказади ҳамда тарбиясига асосий масъул бўлади.

Иккинчидан, отага нисбатан она яратилишидан меҳрибон ва раҳмдил фарзандини нуқсонларини кечираоладиган, айбларини яширадиган қилиб яратилган.

Дунё тамаддунининг гултожлари, анбиёю авлиёлар бешигини тебратган, келажакда туғилажак улуғларни дунёга келишига сабабчи бўладиган хотин-қизларимизни қадрини янада юксакларга кўтариш мақсадида давлатимизда ҳам қатор тадбирлар, дастурлар қабул қилинган. Зеро, Аллоҳ таоло бизларга: “Улар (аёллар) билан яхши муомалада бўлинглар”, дея такидлайди. Опа-сингилларимизми, қизларимизми, оналаримизми барчалари билан ҳусни муомалада бўлмоқлигимизни, уларга ҳамиша ва ҳар доим сараланган сўзлар ила мурожаат қилиб ҳаёт кечирмоқлигимизни буюради.

Хонадонларимиз файзи, меҳрибон волидаларимизни Яратган умрларини узоқ, тану жонларини ҳамиша соғ айласин.


Киритилган вақти: 23/11/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2747
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/onalar-oyogi-ostida-jannat
Чоп этилган вақт: 19/05/2024 03:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг