Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОЛОВДАН ҲАМ КУЧЛИ КУЙДИРУВЧИ ЎТ

 
 

Олов ёмон нарса, бирор жойга тушса ёндириб, кул қилади. Олов яхши нарса. Унда лаззатли таомлар пиширилади, совуқда исинилади. Оловнинг яхши ва ёмон томони битта хусусиятидан: куйдиради. Демак, куйиш-куйдириш яхши ҳам ёмон ҳам бўлиши мумкин. Қозонни мой, ҳар хил ғубор босиб, уни ювганда тоза бўлмаса оловга тутилади. Ҳаммасини куйдириб, топ-тоза қилади. Шундай, олов тозалайди. Ноасл нарсаларни куйдириб йўқ қилади. Занг босиб чириган темирни оловда қиздирилса, занги кетиб қайтадан тоза ва мустаҳкам қотишмага айланади. Олов олтинни бошқа маъданлардан, қалбаки қўшимчалардан ажратади. Ана шундай, олов тозалайди.

Асл нарсаларни ўз ҳолига келтиради, ноасллардан ажратади. Фақат булар учун кучли олов керак, жуда кучли. Қаттиқ ёниш керак. Шунинг учун ёнмаган ўтда чалалик бор, деган гап бор. Баъзида, аслида олов эмас, ёқиб юбориладиган ахлат хавфли бўлади. У қанча кўпайиб кетган бўлса ёнганда олови шунча кучли бўлади. Ёнидаги ёқмаслик керак бўлган нарсаларга ҳам  ўтиб кетиши мумкин. Шунинг учун ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнади. Ёнаётган нарса қанча кўп бўлса олов шунча шиддатли бўлади. Лекин оловда ёнмайдиган нарсалар ҳам бор, тупроқ ва сувга ўхшаш. Ўйлаб қаралса бундай ашёлар ҳам кўп. Ҳа майли, гап бу ҳақда эмас. Гап умуман бошқа ёқда. Хўш оловга ўхшаб куйдирадиган, ҳатто оловда ёнмайдиган нарсаларни ҳам ёқадиган бирор нарса борми? Афсуски бор. (Балки, яхшиям бор дейиш керакми?). Оловдан ҳам кучли, оловдан ҳам даҳшатли нарса бор. У ҳам оловга ўхшаб ноасл ифлос нарсаларни куйдириб тозалайди. Аслларни ноасллардан ажратиб, тоблайди, пишитади. Оловдан ҳам қаттиқ ёндирувчи, куйдирувчи, тозаловчи нарса бу МУСИБАТ. Мусибат ҳар хил шаклда бўлиши мумкин: бало-қазо, офат-кулфат, айрилиқ-фарзанд доғи, хуллас жуда кўп. Бир сўз билан айтганда мусибат.

Мусибат айрилиқ, масалан фарзанд доғи ҳолатида келса (худо кўрсатмасин) қалбни шундай ёндирадики, кишининг хонумонини куйдиради. Қалбидаги ҳамма қувонч, орзу ҳавасини ёндириб йўқ қилади. Олов ўчса ўчадики, қалбдаги айрилиқ ўти ўчмайди. Ёқуб алайҳиссаломни эсланг, Юсуф фироқидан кўр бўлиб қолмадими? Ана шундай, мусибат ўти ҳам олов ёқолмаган нарсаларни ёқади. Олов ахлатларни ёқиб, теварак атрофларни тоза қилгани сингари, мусибат олови ҳам осийлик чиркларидан оламни тозалаши мумкин. Масалан, Лут алайҳиссалом қавмини эсланг. Уларга етган азоб ўзларини ноасл, манфур ишларига қўшиб йўқ қилди. Олов ахлатни ёқиб атрофни тоза қилгани каби, бу азоб-мусибат оламни улардан тозалади. Оловда ноасл нарсалар куйиб асл нарсалар ажраб қолгани каби, синовлар олови ҳам чин мухлис ва мунофиқ бандаларини ажратиб қўяди. Жамиятда бузуқлик, гуноҳлар омматан бўлса Аллоҳнинг интиқоми, жазоси ҳам омматан бўлади. Баъзан қозон куядек гуноҳлар касофати ҳамма ёқни қоп-қора қилади. Ўшандай  касофатчилик касри  бошқа ёққа ҳам ёйилиб, ўрмонга ўт кетганида ҳўлу қуруқ баробар ёнганидек, Аллоҳнинг юборган балоси ёш-қари, итоатли-осий, солиҳ-фосиқ барчасини бирдай ямлайди. Мусибат олови ана шундай ҳам бўлиши мумкин.

Гоҳида мўмин кимса кўргулик-мусибатлар билан балоланади. Кўп кунларни, балки узоқ йилларни азобда-изтиробда ўтказиши мумкин. Бу азоблар қалбини ўртайди, соч-соқолини оқартиради, қаддини букади, тунларидан уйқуни, кунларидан ҳаловатни олади. Ғам-қайғулар унга қанча дард-хасталикларни келтиради. Худди олтин оловда куйиб тоза бўлганидек ёки қозонни куйдирилса ундаги доғлар, ёғлар, кирлар куйиб топ-тоза бўлгани каби  Аллоҳ Карим бу қийинчилик ва хасталиклар олови билан бандасининг гуноҳларини куйдириб, қалбини маъсиятлар чиркидан покиза қилади. Мусибатларини гуноҳларга каффорат қилади. Айтишга осон. Шу ерга етганчаям банданинг ичига дўзах оловидан бир парчаси тушиб куйдиради.

Лекин гап бунда ҳам эмас, гап бошқа ёқда.

Гап шундаки..., йўқ кейин айтаман. Ҳозир икки оғиз дўзах ҳақида. Дўзахда ҳам золим-гуноҳкорлар ўзларининг кирлари-гуноҳлари даражасида куяди. Иймон билан дунёдан ўтиб аммо гуноҳлари туфайлидан дўзахга тушиб қолган мўминлар, шу гуноҳларига яраша дўзахда куйиб-куйиб кейин жаннатга кирар экан.

Инсон айбу хатолардан холи эмас. Гуноҳсиз киши йўқ. Шундай экан бу дунёда мусибатлар оловида, у дунёда жаҳаннам оловида бу гуноҳлардан тозаланадими? Шундайми!? Бошқа чора, бошқа нажот йўқми!?  Қайсидир куйишдан ўзга йўл йўқми!? Икки дунёда ҳам азобсиз гуноҳлардан тоза бўлиш йўқми!?

Бор! Шундай йўл, шундай чора бор. Икки дунёда ҳам ҳеч қандай азобсиз, ҳеч қандай мусибат-уқубатсиз гуноҳлардан фориғ бўлиш бор.

Бу тавба. Ҳа, бу Аллоҳга чин тавба қилиш. Шу холос.

         “Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини авф этур....” (Шууро сураси. 25-оят) 

Унинг Ўзи тавбани қабул этиб, бандасини авф этар экан. Ҳеч қандай оловсиз ва ҳеч қандай азобсиз.

Уларга ҳеч қандай хавф йўқ ва улар маҳзун бўлмаслар” (Бақара, 62) муждаси ила кифоя холос.

Мана гап қаёқда!?

Ҳамма гап шунда!

Ҳамма гап тавбада.

Тавбага келинг. Нажотга келинг.

Аллоҳим бизга тавба насиб айла ва тавбаларимизни қабул эт. Йаа арҳамар роҳимийн.

Ёқуб ТЎХТАШОВ - Қўшработ туманидаги “Балиқчи ота” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 11/11/2019 17:06;   Кўрилганлиги: 1288
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/olovdan-ham-kuchli-kuydiruvchi-ot
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг