Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ОИЛА ВА НИКОҲ

 
 

Муқаддас Ислом динида оила қуриш киши ҳаётидаги энг муҳим ва ўта масъулиятли вазифа деб қаралади. Чунки инсон ҳаётининг никоҳдан кейинги даври чиройли, яхши кечиши ёки аксинча бўлиши асосан шу масъулиятли воқеага боғлиқ бўлади. Шунингдек оиланинг аҳамияти жамият учун ҳам жуда муҳимдир. Чунки оила жамиятнинг асосий бир бўғини, ажралмас бир қисми ҳисобланади. Оила қанчалар соғлом бўлса, жамият ҳам шунчалар соғлом бўлади. Оила аъзоларининг бирлиги, ҳамжиҳатлиги, жамиятнинг ҳам бирлиги, аҳллигидир.

Инсон оилада ўсади, камол топади, бошланғич тарбияни оилада олади. Илм-маърифатни, ўзаро муомала маданиятини, атроф-муҳитга оқилона муносабатда бўлиш, меҳнатсеварлик, ўзгаларга нисбатан иззат-ҳурмат каби хислатлар аввало оила муҳитида шаклланади.

Оламдаги барча жонли мавжудотлардан тортиб, жисмларгача жуфт-жуфт қилиб яратилишида Яратганнинг буюк бир ҳикматини кўриш мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай ишора қилиб айтадики: “Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик. Шояд сизлар буларнинг шундай яратилишини ақлларинг ила мулоҳаза қилиб, яратувчининг ёлғиз эканлигини эсласаларинг”.

Зеро, оила қуришдан асосий мақсадлардан бири бу – ҳалол йўл билан инсоният наслини давом эттириш уни кўпайтиришдир. Қуръони каримда шундай айтилади: “Сизларга ўз жинсларингиздан бирга яшаш ва унга интиладиган жуфт яратилганлиги ҳамда ўрталарингда бир-бирларингга муҳаббат, меҳр ва шафқат ҳисларини пайдо қилганлиги, Аллоҳнинг инсонлар вафот этганларидан сўнг қайтадан тирилтиришга бўлган аломатларидан биридир”.

Демак оилада роҳат ва хотиржамлик билан биргаликда меҳр-муҳаббат, шафқат, аҳллик сингари гўзал инсоний муҳит ҳам бўлиши керак экан.

Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Фарзандларингга она бўладиган аёлни яхшилаб танлаб олинглар”. Чунки рафиқа келажак ҳаётимиздаги давомли йўлдош, фарзандларимизнинг тарбиячиси ҳисобланади. Эркак киши оиласи ва фарзандларига ризқ-насиба топиш ниятида кун бўйи меҳнат қилади. Гоҳо турли қийинчиликларга дуч келади. Турмуш машаққатларидан чарчаб оиласи даврасига келгач барча чарчоғи ёзилади. Имом Ғаззолий уйланишнинг фойдаси оилани боқиш, унга бош бўлиш, оила аъзоларининг ҳақларини адо этиш, баъзи бир камчиликларга сабр қилиш, ҳалол ризқ топиш йўлида меҳнат қилиш, фарзандлар тарбияси ила шуғулланиш, иймон-эътиқодли қилиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлар инсон ўзини-ўзи тарбиялаши воситасидир. Зеро, буларнинг барчаси катта фазилат бўлиб, инсонни юқори даражаларга кўтаради, деган эканлар.

Қуръони каримда: “Сиздан илгари ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Уларга ҳам жуфтлар ва фарзандлар берганмиз”. (Раъд-38-оят) дейилган. Шу сабабли ҳам Пайғамбар алайҳиссалом: “Уйланиш менинг суннатимдир. Кимки суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, дедилар.

Никоҳ эр ва хотин ўртасини боғловчи муқаддас ришта. Бу ришта фарзандлар туғилиши билан янада мустаҳкам бўлади. Пайғамбаримиз ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар “Муҳаббатли, фарзанд туғадиган аёлларга уйланинглар...”. бошқа бир ҳадисларида эса:”Оилали ва фарзанди бор кишининг ўқиган икки ракаат намози, бўйдоқ (уйланмаган) кишининг ўқиган саксон икки ракаат намозидан хайрли (яхшироқ)дир”, дея никоҳнинг фазилатини тарғиб этган бўлсалар, бошқа бир ҳадисларида, қодир бўла туриб, оила қурмай юриш салбий ҳолат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Сизларнинг ёмонларингиз уйланмай бўйдоқ юрганларингиздир. Вафот этиб кетганларингизнинг ёмонлари эса оила қурмай туриб ўтганлардир”.

Никоҳда баракот бор. Шунинг учун келажакда эҳтимоли бўлган фақирлик, камбағаллик ва ночорликдан қўрқмаслик керак. Пайғамбар алаҳиссалом: “Фақирликдан қўрқиб уйланишдан қочган биздан эмас”, деганлар.

Оилада аёл кишининг ўрни бениҳоят муҳимдир. Аёл оқила, меҳрибон, сабр-қаноатли ҳамда тежамкор бўлиши зарур. Ҳадиси шарифда “Тежамкор қашшоқ бўлмас”, дейилган. Тежамкорликнинг акси исрофдир. Исрофгарчилик шайтоний ишлардан бўлиб, эгасини гуноҳга етаклайди. Зеро ояти каримада: “Аллоҳ исрофгарларни ёмон кўради” дейилган.

Ривоят қилинишича Хотам Асом ҳазратлари ҳажга боришни ихтиёр этиб, сафар олдидан хотинидан сўрабди:

-“Сизларга сафар олдидан қанча пул қолдирай?”.

-Сиз биздан айрилгандан сўнг, умримиз қанча бўлса, шунча пул қолдиринг,-дебди хотини.

-Буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдику?!- дебди Хотам Асом.

Шунда хотини: -Унда ризқ ишини Яратганнинг ўзига ҳавола қилинг, - деб жавоб берибди.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, оила тушунчасини эр-хотин ва фарзандлардан иборат деб ўйлаш торроқ тушунча бўлиб қолади. Сабаби муқаддас динимиз таълимотида оила кенгроқ, яъни эру-хотин ва фарзандлардан ташқари ота-она, ака-укаларни ҳам ўз ичига олади. Шу ўринда айтиш лозимки, оилада кексаларимиз бўлиши кони фойда. Чунки улар бизнинг дуогўйларимиз.

Саломатлигимиз гарови, ризқимиз кенглиги сабабчиларимиздир. Улар бор хонадон файзли бўлиши билан бирга доно панд насиҳатларидан ҳамма бирдек манфаат топади, фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир қилади. Ахлоқ-одоб, дину-диёнат, Ватанга муҳаббат, элу-юртга садоқат, диний, миллий қадриятларимизни ёшларимизнинг покиза онгига сингдиришда, албатта, уларнинг ўрни беқиёсдир.

Ёш оилалар, эру-хотинлар ўртасида бўлиб турадиган баъзи бир тушунмовчиликлар, нохушликларни бартараф этишда, кекса ота-оналаримиз ўрни каттадур.

Оилада тинчлик-тотувликнинг, меҳр-оқибатнинг ўзаро иззат-ҳурматнинг ўрни беқиёсдир.Ўзаро тотувлик, меҳр-оқибат бир жойда баракот бўлади. Аксинча бўлса баракот қочади. Халқимиз бежизга “Бир кун жанжал бўлган уйдан, қирқ кун баракот қочади”, деб айтишмаган. Ривоят қилинишича “Аҳл-иноқ, меҳр-оқибатли, сербарака хонадонни тарк этмоқчи бўлган “барака” одам суратига кириб уларни синамоқчи бўлибди ва ўша хонадон соҳибига: “Мен шунча йил сизларнинг уйларингда бўлдим. Менинг сабабимдан сизлар тўқ-фаравон, ҳеч нарсага зориқмай яхши яшадидларинг. Энди менга рухсат беринглар, бошқа хонадонларга ҳам борайин”, дебди. Бу воқеадан оила аҳли хомуш бўлибдилар.

Шунда кичик келин қайнотасига қарата секингина: “Отажон бараканинг қолишга иложи йўқ экан, майли рухсат берайлик. На илож, аммо орамиздан меҳр-оқибат, ўзаро муҳаббат кетмасин” дебди. Буни самимий жавобини эшитган барака эса “Меҳр-оқибат бор жойда мен ҳам қоламан. Тинчлик-тотувлик, меҳр бор жойдан кетолмайман” деган экан.

Қиссадан ҳисса шулки, оилаларимиз тинч-тотув, фарзандларимиз бахтли, комил инсонлар бўлсин. Омин.


Киритилган вақти: 14/11/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3033
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/oila-va-nikoh
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 03:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг