ЎҒЛИМГА НАСИҲАТ
Ўғлим сен улғайиб қолдинг. Мустақил ҳаёт бошқариш остонасида турибсан, минглаб йигитлар орзуси бўлган куёвлик чопонини кийиб, белбоғини боғлаш арафасидасан. Насиҳатимга қулоқ сол, билган одам кам хато қилади, билмаган кўп вақт йўқотиб, кўплаб хатоларга йўл қўяди.
Энг аввало уйланмоқчи бўлган қизга эътибор қил, унинг насабини суриштир. Муҳаббатли келин меҳр уйғотади, покиза насаб фарзандларинг иқболидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “...Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман...”, деганлар. (Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган)
Иккинчиси, ўғлим, оилани бошқариш учун илмли, касбу-ҳунарли бўлгин. Аёллар қатъиятли ва оила таъминотини тўлиқ қилган эркакни ҳамма вақт, ҳамма замонда ҳурмат қилишади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб- Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси 34-оят).
Учинчиси, тўйни қурбатинга яраша, ихчам қил, харажатларни кўпайтириб юборма, борингни тўйга сарфлаб, кейинги ҳаётингни заҳирасиз қолдирма, ўзингни азобга қўйма. Атрофга қара, тўйдан кейин йиллаб қарз тўлаганлар озми орамизда. Бировнинг қилган хатосини такрорлаш нодонликдан бошқа нарса эмас.
Тўртинчиси, оилали бўлиш бошидан охиригача масъулиятдан иборат. Ўзбекона урфу-одатимизга кўра оилани бошқариш, уни ҳимоя қилиш, моддий таминлаш эркакнинг буйнида бўлган вазифадир. Буларни бажармаслик эркак учун исноддир.
Бешинчиси, келин бировни азиз фарзанди, сени бўлажак фарзандларинг, зурриёдингнинг онаси ва жуфти ҳалолинг бўлади. Урмайсан, ҳақорат қилмайсан, азоб бермайсан. Урсанг нозик хилқатга азият берган бўласан. Ҳақоратласанг унинг кўнгли вайрон бўлади, болаларинг озор топади, оқибат ўзинг қийналасан.
Олтинчиси, келинни биринчи келган кунидан бошлаб яшайдиган уйингга, оилангга хос ва мос килиб тарбияла.
Еттинчиси, онангни ўнг қўлингда, хотинингни чап қўлингда тут. Икковини ҳам қадрла. Онанг оқ сут берган бўлса, аёлинг ширин фарзандларинг онаси, наслингни давом этиргувчидир. Ораларида аёллик табиати сабабидан гап-сўз чиқадиган бўлса, тарозининг ўртасида тур, бир тарафга оғиб кетма.
Саккизинчиси, қадимдан шунақа гап бор: зар пинҳон, зан пинҳон. Шунга амал қил, хотинингни бир ўзини сафарга юборма номаҳрамдан рашк қилгин. Кийган кийимининг шариат доирасида бўлишига эътибор бер, бирор жойга борадиган бўлса ўзинг олиб бор, назоратсиз қолдирма. Нега деганда у аёл, табиатан заиф қилиб яратилган, ожизадир. Ҳамма муаммойингни унга тўкиб-сочма, тоқатидан зиёда ишга ундаб қўймагин тағин, молу-давлатингга соҳиба қилма.
Тўққизинчиси, аёлни ўз ҳудудига эркин қўй. Унинг ҳудуди ҳовлию уй-рўзғор ишларидтр. Аёлларнинг ишларига аралашиш бирор бир эркакка обру олиб келмаган.
Ўнинчиси, зиммангда рўзғор тебратиш деган масълиятинг бор экан, умр давомида кўп холатларга тушасан. Шунинг учун рўзғор ишида ўрта ҳолликни ушла. Мўл-кўл қилиб юборсанг аҳлинг орзу-ҳавасга ошуфта бўлиб қолади, туғён сари юзланади. Жуда қисиб юборсанг ҳам ношукрлик қилади. Турмуш учун керак бўладиган эҳтиёждан ошириб ҳам юборма, камайтириб ҳам қўйма.
Ўн биринчиси, аёлингдан ўзинг олиб келган нарсалардан зиёдасини талаб қилма ва лекин тозалик-озодаликни, ҳалолу-покликни, қаноату-итоатни, сабру-тоқатни, хаёю, имон-эътиқодни доимо талаб қилиб тургин, билмаса сабоқ бер.
Ўн иккинчиси, зинҳор аёлинг қўлига қараб қолмагин. Хотинига иқтисодий муҳтож бўлиб қолган эр эркаклик ғурурини юқотади, оилада ўрнини, ҳурматини, салоҳиятини қўлдан бой беради, кўчада эса обрўси кам бўлиб, бошини эгишига сабаб бўлади.
Ўн учунчиси, ўзинга кийим олсанг хотинингга ҳам олиб бергин, ўзинг таом есанг хотинингни ҳам таомлантир. У ёқтирган, ҳаваси келган ноз-неъматлардан харид қилиб келтириб қўй. Қўлига доимо кичик харажатлар учун пул бериб қўйгин. Билки нафақаи аҳли оила фарздир.
Ўн туртинчиси, жуфти ҳалолинг билан оралирингдаги гапни ташқарига чиқарма. Эру-хотиннинг гапи фақат иккаласига тегишли. Келишмовчилик чиқса бор кучинг билан низони бартараф қил, муаммони аниқла, ечолмасанг кўпни кўрган, диёнатли бирор киши билан маслаҳат қил, хато ўзингда бўлса тан олиб ислоҳ эт, келинда бўлса тушинтириб насиҳатга чақир.
Ўн бешинчиси, оила раҳбари эканингни сўз билан эмас, амал билан исботла. Ўзингни подшоҳ, аёлингни вазир сингари тут. Оиланг зориқмасин, моддий-маънавий таъминотни сендан олсин. Аёлини оғир ишга буюриш эрнинг иши эмас. Мардлик эркакларни энг яхши фазилатидир.
Ўғлим билки, оила муқаддас ва азиздир. Уни мустаҳкам қилиб, бахтли ҳаёт кечириш, Аллоҳнинг тавфиқидан сўнг, ўзингнинг қўлингда. Оила билан ҳаётинг бардавом бўлади, ўзинг минг йил умр кўрмасангда, зурриёдинг асрлар оша ҳаёт кечиради.
Ўғлим сенга берган ҳаёт насиҳатини ўқиб, тафаккур қил, маноларини англа. Оилавий ҳаётинг давомида нафи тегса қалам тебратган сатрлар муаллифининг ҳаққига дуо қилишни унутмассан.
Киритилган вақти: 24/10/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3744
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 16:31