Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

НЕЪМАТЛАРНИ ҚАДРЛАШ САОДАТ КАЛИТИДИР

 
 

Бутун инсоният тарихи, халқимизнинг неча менг йиллик ўтмиши аччиқ сабоқ ва хулосалар асосида бир ҳақиқатни исботлаб бермоқда. Яъни, биз барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаётга эришиш йўлида ўз олидимизга қандай режа ва дастурларни қўймайлик, барча олижаноб орзу интилишларни амалга оширишнинг ягона шарти ва гарови бу тинчлик ва асойишталикдир. И.А.Каримов

Бугунги кунда энг олий неъмат бу - тинчлик неъматидир. Шуни таъкидлаш керакки, Аллоҳ инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга саноқсиз неъматларни, туганмас яхшиликларни ато қилди, бу неъмат ва яхшиликлари билан уни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёд қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳадя ва инъомлари биз учун кўриниб турган очиқ ва зоҳирий ёки биз кўра олмайдиган ботиний ва яшириндир.

Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ва Имом Термизийлар ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Аллоҳ таолонинг Одам боласига кўрсатган энг аввалги икроми бу уни гўзал хилқатда, аъзоларини мутаносибликда ва чиройли кўринишда яратгани, унга ҳалол ва ҳаромни, яхши ва ёмонни, ҳидоят ва залолатни, фойда ва зарарни ўргатгани, бунинг учун кўз, қулоқ ва ақл билан фазл кўрсатганидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи шарифида “Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга ўз неъматини комил қилиб беришни истайди” (Моида,7) деб марҳамат қилади.

Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик энг улуғ неъматдир. Бу неъматни ҳам бошқа неъматлар қаторида қадрига этиб, уни тинчлигини сақлаб, ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилмоқ зарур. Хотиржам бўлиб, огоҳликни йўқотиш мутлақо мумкин эмас. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси бўлибгина қолмасдан, бу йўлда барчамиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деганларидек, барчаси учун ўзимиз масъулдирмиз. Зеро, тинчлик учун доимо курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши учун ва Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этиш учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Зот Қуръони Каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб ўтади.

Ислом динида шукр қилиш ва миннатдорчилик билдириш ахлоқий фазилат сифатида кўп таъкидланган масаладир. Шукр қилиш неъматларнинг қадрига этиш, ҳамда бу неъматларнинг яратганига шукрона ва миннатдорчилик билдириш маъносидадир. Барча неъматлар Аллоҳ таоло томонидан бандаларига ато этилган, демак ҳақиқий шукр ва миннатдорчиликни У зотга ўз вақтида билдириш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сабр ва шукр қилиш иймонли инсоннинг фазилатидир.

Сабр қилиш мўъмин-мусулмоннинг қийинчиликларга қарши кўрашиш ва шукр қилиш эса мўъмин-мусулмоннинг неъматларга нисбатан бўлган муносибатининг нишонасидир. Шукр қилиш ва миннатдорчилик билдириш ҳар бир инсоннинг виждон ва ахлоқий вазифаларидан ҳисобланади.

Барча илоҳий динларда неъматларни қадрлаш ва улардан энг яхши шаклда фойдаланиш масалаларига катта аҳамият берилган. Шунингдек, Қуръони Каримда ҳам шукр қилиш ва миннатдорчилик билдириш масалалари ҳақида кўп оятлар келтирилган ва шукрона қилишни турли таъбир ва сўзлар билан ифодалаган. Қуръон инсонлардан шуни талаб қиладики неъматларнинг қадрига етсинлар ва уларни яратганга шукрона қилсинлар. Чунки Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш инсон ва жамият истиқболига ижобий таъсир қилади. Шукр қилиш бошқа ахлоқий хислатлар каби дунё ва охиратда ижобий натижага эгадир. Шукроналикни дунёдаги самараси берилган неъматларни бардавомийлиги ва унинг барокатлиги бўлса, охиратдаги самараси эса иллоҳий мукофотларга сазавор бўлишдир.

Аллоҳ Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар ва агар Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар, У зотга шукр қилингиз!”.( Бақара сураси,172-оят)

Ҳамда Оли Имрон сурасида ҳам “Ким охират савобини истаса, унга истаган нарсасини берурмиз. Ва шукр қилгувчиларни муносиб мукофотлаймиз”, дейилади.

Шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло бизларга ато этган неъматлар эвазига бизнинг шукрона қилишимизга эҳтиёж сезмайди. Аммо бу берилган неъматлар билан мағрурланиб бойликка ружуъ қилиб, ноўрин жойларга сарф этилса бу куфрона неъмат бўлади.

Аллоҳ таолонинг неъматларидан тўғри фойдаланишга, уларни исроф этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиб ёмонликка ишлатмасликка буюрган.

Имом Жаъфар Содиқ алайҳиссалом ушбу шукрона қилиш марҳаласи ҳақида шундай марҳамат қилади: “Ҳаром амаллардан ўзоқлашиш ёки қўл тортиш Аллоҳ таолонинг неъматларига шукрона қилишдир”.

Аллоҳ таоло инсонга ўзи истаган барча нарсаларни мукаммал қилиб берди. Жумладан ҳеч ким яратишга қодир бўлмаган танадаги барча аъзолар ва ақл, фикрлаш, кўриш, ҳидлаш, сўзлаш қудратини ато этган. Инсонни яхши яшаши ва роҳат-фароғат ҳамда хотиржамликда ҳаёт кечириши учун хизмат қиладиган ҳамма нарсалар бу-неъматдир. Бу Аллоҳ таоло томонидан ато этилган неъматлар бўлиб, ушбу зотнинг азамати ва буюклигини мушоҳида қилиб, берилган барча яхши нарсаларни қадрига етиб, шукр қилиб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олиб камолотга етиш учун ҳаракат қилайлик. Зеро, неъматларни қадрлаш саодат калитидир.


Киритилган вақти: 20/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3037
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/nematlarni-qadrlash-saodat-kalitidir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 18:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг