МУСТАҚИЛЛИК – УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ
Азиз юртдошлар! Шу кунларда халқимизнинг ғурур-ифтихори бўлган мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами арафасида турибмиз. Фурсатдан фойдаланиб, барчаларингизни мустақиллик байрами билан чин дилдан табриклаймиз! Халқимиз асрлар давомида интилиб, орзиқиб кутган, барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлмиш Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни билан сиз азизларни муборакбод этамиз .Аллоҳ таоло Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин! Ватанимиз равнақи йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!
Ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган хайрли ишлар, эришилган ютуқларимизни яна бир карра эслаб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ҳам оқилона тарзда кўрсатиб бермоқдалар. Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қаторида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган кишиларни ҳам алоҳида имтиёз асосида уй-жойлар билан таъминлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир.
Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнги йиллар давомида барча соҳалар каби диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Кейинги икки йилда муборак Ҳаж сафарига борувчилар сони икки мингтага оширилгани ва йил давомида Умра зиёратига бориш имконияти мавжуд бўлгани мўмин-мусулмонларимиз қалбида мамнуният пайдо қилди. Аллоҳ таолонинг байтини Ҳаж қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси саналади. Жорий йилда нархлар арзонлаштирилди ва хизмат сифати янада яхшиланди.
Адолат ўрнатиш, авф қилиш – динимизнинг асосий ғояларидандир. Адолатпарварлик ва кечиримлилик – жамият фаровонлиги ҳамда юрт ободлиги учун муҳим омил ҳисобланади.
Турли хил сабаблар билан уруш бўлаётган минтақаларга кетиб қолган ва тутқунликда бўлган бир қанча ватандошларимиз юртимизга қайтариб олиб келинди.
Шариатимизда бағрикенглик ва афв этишга кўп даъват қилинган. Чунки, афв қилиш – Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан биридир. Парвардигоримиз ояти каримада:
وَإِنْ تَعْفُوا وَتَصْفَحُوا وَتَغْفِرُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
яъни: “...Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир”, – деган (Тағобун сураси, 14-оят).
Алдов оқибатида ўзга юртларга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу ватандошларимизга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Шунингдек, ўтган Муборак Рамазон ҳайити байрами арафасида 600 га яқин маҳбусни афв этилиши туғрисида Президент Фармони эълон қилинди. Унга кўра бир қанча маҳбуслар жазодан бутунлай озод этилди, бир қисмининг эса жазо муддати қисқартирилди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.
Муҳтарам ватандошлар! Албатта, бу эришилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
“Қайси бирингиз оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик ризқи бор ҳолда тонг оттирса, гўёки бутун дунёни қўлга киритибди” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).
Муҳтарам азизлар! Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир!
Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир! Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Мана шу севимли Ватанда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, авваламбор – ўзи, аҳли-аёли, яқинлари ва жамиятга фойдали бир инсон бўлишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун ўзига юклатилган вазифани чиройли адо қилиши даркор. Биз бир пайтнинг ўзида ҳам фарзанд, ҳам ота, ҳам фуқаро, ҳам турли идора ва ташкилотларда ходиммиз. Мана шу мажбуриятларимизни масъулият билан бажариб, ўзаро бир-биримизни қўллаб-қуватлаб, атрофимиздагиларга имкон қадар ёрдам беришимиз керак.
Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин! юртимиз мустақиллигини бундан ҳам мустаҳкам айлаб, мустақил юртда униб-ўсаётган фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб, ўз ватани ва халқига фидоий, юрт корига ярайдиган авлодлар бўлиб етишишларини насиб айласин! Барчаларимизга мустақиллик байрами муборак бўлсин! Омин!
ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби
Киритилган вақти: 30/08/2019 12:21; Кўрилганлиги: 1897
Чоп этилган вақт: 02/12/2024 15:05